Кобулдаги масжидда юз берган портлашда уч киши жароҳат олди

Wikipedia.org сайти фотосурати

13 май куни Кобулдаги Аюб Сабир масжидида юз берган портлашда уч киши жароҳатланди. Бу ҳақда TOLOnews телеканали хабар беради.

Афғонистон пойтахти хавфсизлик кучлари матбуот котиби Холид Задраннинг (Khalid Zadran) айтишича, портлаш жума намози вақтида содир бўлган. Бироқ, у портлаш нима учун содир бўлганига аниқлик киритмаган.

Телеканал маълумотларига кўра, содир бўлган воқеа учун жавобгарликни бирор бир гуруҳ ўз зиммасига олмаган.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги ҳафталарда Афғонистонда диний муассасаларга террорчилик ҳужумлари тез-тез уюштирилмоқда. Масалан, 29 апрель куни Кобулдаги сўфийлар жоъмесида юз берган портлашда камида 20 киши ҳалок бўлган ва жароҳатланган эди.

22 апрель куни шимолий Қундуз вилоятининг Имом Соҳиб туманидаги суннийлар масжидида жума намози вақтида теракт содир бўлди. Портлаш натижасида 33 киши ҳалок бўлди, 43 киши яраланди.

21 апрель куни Ўзбекистон билан чегарадош Балх вилояти маркази Мозори Шариф шаҳридаги шиалар масжидига террорчилар ҳужум қилди. Маҳаллий манбалар 30 дан ортиқ одам ҳалок бўлгани ва 90 га яқини яраланганини маълум қилди, «Толибон»* вакиллари эса камроқ қурбонлар сонини кўрсатди. Мозори Шарифдаги ҳужум учун жавобгарликни «ИШИД-Хуросон»* террорчилик гуруҳи ўз зиммасига олди.

*РФ ва кўпгина давлатларда террорчи деб тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).