БМТ Афғонистонга бериладиган 100 тонна гуманитар ёрдамни Термизга келтирди

БМТ ҚМББ вакили Babar Balochнинг Twitter саҳифасидаги фотосурати

БМТ Афғонистон учун аталган 100 тонна гуманитар ёрдамни Термиз шаҳрига етказиб келди. Бу ҳақда БМТ Қочқинлар масаласи бўйича бошқармаси (ҚМББ) матбуот хизмати хабар беради.

Юклар уч босқичда — 15,16, 17 октябрь кунлари етказиб келинди. Контейнерларда Афғонистон аҳолиси учун қишда зарур бўладиган эҳтиёж моллари мавжуд.

Яқин орада бу юклар автомобиллар орқали Афғонистоннинг Мозори-Шариф шаҳрига етказиб берилади. Унга қадар гуманитар ёрдам ўзбек-афғон чегарасидан икки чақирим олисда жойлашган «Термиз Карго Марказ» терминалида сақланади.

«Бу афғон ҳалқига ёрдам кўрсатиш борасида кенг камровли операциянинг бир қисми, — дейди БМТ ҚМББ Марказий Осиё бўйича вакили Думитру Липкану. — Биз Афғонистонга гуманитар ёрдам кўрсатишда ҳамкорлик қилаётган Ўзбекистон ҳукуматига ўз миннатдорчилигимизни исҳор қиламиз. Ёрдамни етказиб бериш борасида очилган бу йўналиш Афғонистондаги гуманитар таназзулни олдини олиш ва миллионлар жабрланаётган ҳалқнинг оғирини енгил қилишда муҳим роль ўйнайди, деб ҳисоблаймиз».

«Термез Карго Марказ» терминали директори Нодирбек Жалиловнинг сўзларига кўра, октябрь ойида БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури орқали Афғонистонга берилажак 40 та вагон маҳсулотлари темир йўли орқали Термизга келтирилди. Сентябь ойида БМТ донор-мамлакатлари афғон ҳалқига кўмак сифатида $1 млрд.дан ортиқ маблағ ажратишни вада қилдилар.

Бундан олдин турли халқаро ташкилотлар мамлакатнинг муҳтож аҳолисига тарқатиш учун Афғонистонга самолётларда нақд пулларни етказиб бериши тўғрисида хабарлар берилганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ