Россия ўз Болтиқбўйи портлари орқали республикадан кўмир ташиш ва юклаш бўйича буюртмаларни келишишни тўхтатганидан сўнг, Қозоғистон муқобил экспорт йўналишларини изламоқда. Бу ҳақда Марказий Осиё республикаси Транспорт вазирлиги Ulysmedia.kz сўровига жавобан маълум қилди.
«Россия темир йўллари» ёз охиридан буён РФ денгиз портлари орқали Қозоғистон кўмирини ташишни чеклаб келмоқда. Инфратузилма юқори даражада банд бўлгани сабабли РТЙ қозоғистонлик ишлаб чиқарувчиларнинг буюртмаларидан фақат бир қисмини маъқулламоқда. Чекловлар туфайли корхоналар маҳсулотни режалаштирилган ҳажмларда олиб чиқиб кетолмаяпти.
«Маҳаллий кўмир қазиб олувчи корхоналарнинг барқарор фаолиятини таъминлаш мақсадида мазкур масала Қозоғистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия доирасида кўриб чиқилмоқда. Айни пайтда Комиссия ҳамраислари даражасида тегишли қарор қабул қилиниши кутилмоқда», — деб хабар берди Транспорт вазирлиги.
Ноябрь ойида икки давлат транспорт идоралари ва темир йўл маъмуриятларининг музокаралари бўлиб ўтиши керак. Томонлар 2026 йил якунлари бўйича ташувлар ҳажмини муҳокама қилиш ва 2027 йил учун режаларни келишиб олиш ниятида.
РТЙ билан масала ҳал бўлмай қолаётган бир пайтда, Қозоғистон кўмир экспорти учун муқобил йўналишларни ишлаб чиқмоқда.
«Беларусь Республикаси ҳудуди (Орша станцияси) орқали, Транскаспий халқаро транспорт йўналиши бўйлаб Поти порти йўналишида, Дина Нурпеисова станцияси орқали Поти порти йўналишида, шунингдек, Латвиянинг Рига ва Вентспилс портлари йўналишида ташувларни ташкил этиш вариантлари кўриб чиқилмоқда», — дейилади вазирлик жавобида.
Санаб ўтилган барча вариантлар ҳозирча кўриб чиқиш босқичида.
Аввалроқ Россиянинг «Ведомости» нашри Argus агентлиги шарҳига таяниб, РТЙ Қозоғистон кўмирини Болтиқбўйи портлари йўналишида ташиш бўйича октябрь ва ноябрь ойларига мўлжалланган буюртмаларни келишмагани ҳақида хабар берган эди.
Келтирилган маълумотларга кўра, август ойида Россия ҳудуди орқали қарийб бир миллион тонна Қозоғистон кўмири олиб чиқилган, сентябрда — 500 минг тонна, октябрда эса атиги 30 минг тонна. Шу тариқа, икки ой ичида ойлик ташув ҳажми тахминан 33 баробарга қисқарган.
Октябрда етказиб беришлар фақат Беларусь ва Польша йўналишидаги темир йўл маршрутлари бўйлаб давом этган. Россиянинг Болтиқбўйи портлари орқали жўнатишлар амалда тўхтаб қолган.
Argus маълумотларига кўра, чекловлар Россия темир йўл инфратузилмасининг ўта юқори даражада бандлиги билан боғлиқ.
Қора ва Азов денгизларида кемалар қатнови издан чиққани сабабли Россия экспорт юкларининг бир қисми мамлакат шимоли-ғарбига қайта йўналтирилди. Бу Болтиқбўйи портларига олиб борувчи темир йўлларга тушадиган юкни оширди, оқибатда россиялик ва қозоғистонлик таъминотчилар чекланган транспорт қувватлари учун рақобат шароитида қолишди.
Россия орқали транзит Қозоғистон учун катта аҳамиятга эга: мамлакат денгизга чиқиш йўлига эга эмас, кўмир экспортининг салмоқли қисми эса Россия темир йўллари ва денгиз терминаллари орқали ўтади.
Қозоғистон кўмирининг асосий харидорлари орасида Польша ва Нидерландия, шунингдек, Туркия бор. Россия инфратузилмасидан Хитой, Япония ва Малайзияга етказиб бериш учун ҳам фойдаланилади.
2025 йилда Россия орқали транзит қилинган Қозоғистон кўмири экспорти 27 фоизга ўсиб, рекорд даражадаги 11,7 млн тоннага етди. Ижобий динамика 2026 йилнинг биринчи ярмида ҳам сақланиб қолди: ташувлар ҳажми йиллик ҳисобда 20 фоизга ошиб, 7,8 млн тоннани ташкил этди.
Январь–июль ойларида Усть-Луга порти орқали 4,7 млн тоннадан ортиқ Қозоғистон кўмири жўнатилди — бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,8 баробар кўпдир. Яна 2,6 млн тонна кўмир Тамандаги ОТЭКО терминали орқали ўтди. Бироқ август бошида Қора ва Азов денгизларида кема қатнови бузилгани туфайли ушбу порт орқали жўнатишлар тўхтатилди.
Шу тариқа, қозоғистонлик экспортчилар деярли бир вақтнинг ўзида иккита асосий йўналишда — жанубий ва шимоли-ғарбий йўналишларда муаммоларга дуч келишди.
Европа йўналишига Россиянинг Узоқ Шарқ портлари муқобил бўлиши мумкин эди. Аммо экспертлар етказиб беришларни тезда бошқа томонга йўналтириш қийин бўлади, деб ҳисоблашади.
NEFT Research ҳамкори Александр Котовнинг қайд этишича, Қозоғистон кўмири тарихан асосан Европа бозорлари ва Россияга йўналтирилган. «Индустриальный код» жамғармаси бошқарувчиси маслаҳатчиси Максим Шапошниковнинг фикрича, Осиёда харидорлар бўлган тақдирда ҳам, Узоқ Шарқ портлари орқали етказиб бериш темир йўлда ташиш нархи юқорилиги сабабли ўзини оқламаслиги мумкин. Бундан ташқари, Узоқ Шарқ инфратузилмаси аллақачон Россия экспортининг салмоқли ҳажмига хизмат кўрсатмоқда.
Экспертлар Қозоғистон кўмири транзити истиқболларини Азов–Қора денгиз ҳавзаси портларининг меъёрий фаолияти тикланиши билан боғламоқдалар. Агар Россия юкларининг бир қисми жанубий йўналишларга қайтса, Болтиқбўйига борадиган темир йўлларга тушадиган юк камайиши мумкин.
Мутахассисларнинг баҳолашича, вазиятни нормаллаштириш 2027 йилнинг биринчи чорагидан олдин амалга ошиши амримаҳол. Дон экспортининг энг фаол даври якунланганидан сўнг, декабрь–январь ойларидаёқ қисман яхшиланиш юз бериши мумкин.



