Қозоғистоннинг «Қизилжар» футбол клуби собиқ президенти, Қозоғистон футбол федерацияси собиқ бош котиби Давид Лориянинг отаси Григорий Лория давлатлараро қидирувга берилди. У бюджет маблағларини талон-торож қилиш ва 414 миллион тенгедан ортиқ (тахминан 924 минг доллар) солиқларни тўлашдан бўйин товлашда гумон қилинмоқда, дея хабар беради Қозоғистон Молиявий мониторинг агентлиги.
Маҳкама маълумотларига кўра, 2023 йилда маҳаллий бюджетдан «Қизилжар»ни молиялаштириш учун 1,7 миллиард тенге (тахминан 3,8 миллион доллар) ажратилган. Тергов тахминича, Лория клуб бош ҳисобчиси ва бошқа шахслар билан биргаликда пулларни шахсий ҳисоб рақамларига асоссиз ўтказиш мақсадида сохта молиявий ҳужжатлардан фойдаланган.
Бундан ташқари, тергов версиясига асосан, гумонланувчилар клубнинг бухгалтерия ва солиқ ҳисоботларига сохта маълумотларни киритиб келишган. Хусусан, ходимларнинг даромадлари, меҳнатга ҳақ тўлаш фонди ҳамда ташкилотнинг йиллик умумий даромади миқдори камайтириб кўрсатилган.
72 ёшли Лорияга нисбатан қидирув иши 7 ноябрь куни рўйхатга олинди. Аввалроқ у Шимолий Қозоғистон вилояти иқтисодий терговлар департаментига сўроққа чақирилган, бироқ келмаган эди. Шунингдек, Лория ўзини сиртдан ҳибсга олиш масаласи кўриб чиқилган суд мажлисини ҳам қолдирган.
Григорий Лория «Қизилжар»ни 2014 йилдан 2024 йилнинг мартигача бошқарган. 2024 йилнинг ноябридаёқ Шимолий Қозоғистон вилояти прокуратураси клубдаги бюджет маблағларининг талон-торож қилиниши бўйича тергов ишлари олиб борилаётгани ҳақида хабар берганди. 2026 йил январида «Қизилжар»нинг собиқ бош ҳисобчиси Ольга Замелацкая ишониб топширилган мулкни ўзлаштириш ва растрата қилиш, шунингдек, солиқ тўлашдан бўйин товлашда айбдор деб топилди. У етти йил-у олти ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Суд, шунингдек, судланувчидан етказилган зарар ва давлат божи сифатида қарийб 367 миллион тенге (тахминан 819 минг доллар) ундириш тўғрисида қарор чиқарди. Лорияга нисбатан иш алоҳида тергов қилинмоқда.
2025 йил ноябрида клуб хусусийлаштирилди: тадбиркор Сергей Кан янги инвестор бўлди ва жамоани бошқариш учун алоҳида юридик шахс рўйхатдан ўтказилди. Эътиборлиси, клубнинг хусусий инвесторга топширилиши кутилаётгани ҳақида Қозоғистон ҳукумати мажлисида ўша пайтда Қозоғистон футбол федерацияси бош котиби лавозимида ишлаган Давид Лория маълум қилган эди.
Бироқ хусусийлаштирилганидан кейин ҳам «Қизилжар» бюджетдан молиялаштирилишда давом этди. Шимолий Қозоғистон вилояти маъмурияти давлат харажатларини босқичма-босқич камайтиришни режалаштириб, клуб учун 2026–2028 йилларга қарийб 5,5 миллиард тенге (тахминан 12,3 миллион доллар) ажратди. Хусусий инвестор эса ўз навбатида жамоа ривожига ҳар йили камида 1 миллиард тенге (2,2 миллион доллар) сармоя киритиш мажбуриятини олди. 2026 йил февралида Қозоғистон ОАВлари клубнинг молиявий қийинчиликларга дуч келгани ва таъминотчилар олдида қарздорлиги пайдо бўлгани ҳақида ёзди. Кейинчалик вилоят ҳукумати Сергей Кан йиллик инвестиция миқдорини 1,5 миллиард тенгегача (тахминан 3,3 миллион доллар) оширишни режалаштираётганини маълум қилди.
Қидирувдаги шахснинг ўғли Давид Лория 2025 йил апрелида Қозоғистон футбол федерацияси бош котиби бўлган, 2026 йил июнида эса ўз қарорини футбол ривожига доир ташкилот раҳбарияти билан келишмовчиликлар борлиги билан изоҳлаб, лавозимини тарк этганди. Ўша ойнинг ўзида у пойтахтнинг «Женис» клуби бош директори этиб тайинланди.



