Қозоғистоннинг Павлодар вилояти ҳокимлиги премьер-лигада тўп сураётган ва илгари банкрот деб топилган «Иртиш» футбол клубини хусусий мулкка топширишга қарор қилди, деб хабар берди маҳаллий маъмурият матбуот хизмати.
«Тижоратлаштириш жараёни якунланди, янги хусусий инвесторлар билан ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. Улар орасига учта ташкилот кирди: 50 фоизлик улуш билан «Павлодар дарё порти» АЖ, «RR-CAPITAL» МЧЖ (ёқилғи етказиб бериш билан шуғулланади — таҳр. изоҳи) — 25 фоиз ва «Бирлашган мева-сабзавот компанияси» МЧЖ — 25 фоиз», — дейилади хабарда.
Ҳокимлик маълумотларига кўра, инвесторлар клубга ҳар йили тахминан 1,5 млрд тенге ($3,3 млн) сармоя киритишни режалаштирмоқда. Расмийлар бу жамоанинг кейинги ривожланишини таъминлашига умид билдирмоқда. Хусусан, янги хўжайинлар ёшлар таркибини ривожлантириш бўйича мажбуриятларни ўз зиммасига олади.
2026 йилда «Иртиш» Қозоғистон премьер-лигасига қайтди. Ҳозирда жамоа мусобақа жадвалида 12-ўринни эгаллаб турибди.
Клуб 1965 йилда ташкил этилган ва СССР чемпионатларида иштирок этган. Совет Иттифоқи тарқалиб кетганидан сўнг ўндан ортиқ мураббий алмашган. Ўз тарихи давомида «Иртиш» беш марта Қозоғистон чемпиони бўлган: 1993, 1997, 1999, 2002 ва 2003 йилларда, шунингдек, мамлакат Кубогини ҳам қўлга киритган.
2020 йилда «Иртиш» молиявий муаммолар туфайли мусобақалардаги иштирокини тўхтатади, икки йил ўтиб эса банкрот деб эълон қилинади. 2023 йилда ҳукумат машҳур футбол клубини қайта тиклашга қарор қилaди.
Forbes.kz ёзишича, «Павлодар дарё порти» — Иртиш дарёсида фаолият юритаётган портлардан бири. Компания дарё қуми, қум-шағал қоришмаси ва чақиқ тош қазиб олиш, шунингдек, дарё орқали ташиш ва логистика, гидротехника ҳамда қурилиш ишлари билан шуғулланади. У таъсисчилари Долорес Пшембаева (2014 йилдан буён) ва Анетта Сағинбек (2022 йилдан буён) бўлган «Сан» МЧЖга тегишли. Пшембаева — Мажилиснинг собиқ депутати ва Қозоғистон машинасозлар иттифоқи раҳбари Мейрам Пшембаевнинг қизи.
«RR-CAPITAL» МЧЖ Экибастузда рўйхатдан ўтган бўлиб, «бошқа ёқилғи турларининг улгуржи савдоси» билан шуғулланади. Таъсисчилари — Ардак Сиздиқов ва Жанаргул Сиздиқова.
Павлодарнинг «Бирлашган мева-сабзавот компанияси» МЧЖ фаолияти шахсий ёки ижарага олинган кўчмас мулкни ижарага бериш ва ундан фойдаланиш билан боғлиқ бўлиб, 2026 йил сентябридан буён компания Руслан Ниғимоновга тегишли.
Жорий йилда Қозоғистонда илгари давлат ташкилотлари бошқарувида бўлган бошқа футбол клублари ҳам очиқ савдоларга қўйилди ёки хусусий инвесторларга топшириш жараёнлари бошланди. Улар сафида Чимкентнинг «Ўрдабаси» клуби ҳам бор.



