Қирғизистон ФВВ раҳбари ўринбосари ўсмирнинг тоғда ҳалок бўлиши ортидан ишдан бўшатилди, вазирга эса ҳайфсан берилди

Амир Кунакунов. Марҳум оиласининг шахсий архивидан олинган сурат

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбари Канатбек Чинибаевга мамлакат президенти Садир Жапаров томонидан қаттиқ ҳайфсан берилди, дея хабар қилди давлат раҳбарининг матбуот хизмати. Мазкур идора раҳбарининг ўринбосари Алмазбек Асанов эса ҳукумат қарорига асосан лавозимидан озод этилди. Бу ҳолат Ола-Арча тоғларида қутқарувчилар ёрдамини кутиб, ҳалок бўлган 14 ёшли Амир Кунакунов билан боғлиқ фожиадан сўнг юз берди.

«АКИpress»нинг аниқлик киритишича, ФВВнинг яна икки ходими — Инқирозли вазиятларда бошқариш маркази бошлиғи Азис Эгембердиев ҳамда Қутқарувчиларни тайёрлаш давлат маркази раҳбари Тинарбек Мурашов ҳам эгаллаб турган лавозимидан бўшатилган.

Мансабдорларнинг ишдан олиниши республика Президенти администрацияси томонидан ўтказилган текширув натижаси бўлди. Вазирлик фаолиятида, хусусан, тезкор чора кўриш ва қидирув ишларини мувофиқлаштиришда жиддий камчиликлар мавжудлиги аниқланди.

Шунга қарамай, Асанов вазир ўринбосари лавозимида бўлган чоғида ФВВ ўсмирнинг ўлими учун маънавий айбни ҳис қилишини тан олган эди. Шу билан бирга, у Кунакуновни қутқариш операциясига авиацияни жалб қилиш қарори нега кечиктирилганини тушунтирганди. Мулозимнинг сўзларига кўра, тоғларда қидирув ишлари дастлаб ер усти гуруҳлари томонидан олиб борилади, сўнгра ҳодисанинг хусусияти ҳамда об-ҳаво шароитидан келиб чиқиб вертолётлар жалб этилади. Ўшанда Асанов ФВВ ички текширув ўтказиш ниятида эканини ва унинг якунлари бўйича идора ўз ходимларининг хатти-ҳаракатларига баҳо бериши кераклигини қўшимча қилганди.

11 ноябрь куни Қирғизистон Ҳарбий прокуратураси «Ола-Арча» миллий табиат боғида Амир Кунакуновнинг ҳалок бўлиши ҳолати юзасидан совуққонлик моддаси бўйича жиноят иши қўзғатгани маълум бўлди. Бошқа тафсилотлар, жумладан, гумонланувчилар аниқлангани ёки йўқлиги ҳақида маълумот берилмаган.

14 ёшли ўсмир билан боғлиқ фожиа 7 ноябрь куни юз берди. Тоғдан тушаётганда адашиб қолганини тушунган Кунакунов ягона тезкор хизмат рақамига қўнғироқ қилган. ФВВ ходимлари геолокация орқали йигитнинг аниқ турган жойини аниқлашган. Аммо навбатчи қутқарувчилар гуруҳига хабар кеч — Амир ёрдам сўраб мурожаат қилганидан уч соат ўтиб етиб борган. Вазирликдагилар бу кечикишни тоғли ҳудудда мобил алоқанинг йўқлиги билан изоҳлашган.

Қидирув амалиёти кейинги икки кун давомида давом этган. 9 ноябрь куни Амирнинг жасади «Электро» чўққиси ҳудудидан топилган. Дастлабки маълумотларга кўра, ўсмирнинг ўлимига тананинг ҳаддан ташқари совиб кетиши сабаб бўлган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ