Қирғизистон ҳукумати президент стипендияси соҳибларига давлат учун беш йил ишлаб бериш шартини қўйди

gov.kg сайти фотосурати

Қирғизистон президентининг «Эл умуту» халқаро стипендияси соҳиблари хориждаги ўқишларини тугатгач, ватанга қайтиб, беш йил давомида давлат органлари, муниципал муассасалар ёки давлат компанияларида ишлашлари шарт. Республика ҳукумати давлат раҳбари томонидан қўллаб-қувватланадиган талабалар билан тузиладиган намунавий шартномага тегишли ўзгартишларни тасдиқлади. Бу ҳақда «АКИpress» хабар берди.

Эндиликда стипендия соҳиби билан тузиладиган шартномада қирғизистонликларнинг хорижий олий таълим муассасасидаги ўқишлари тугаганидан сўнг уч ой ичида ватанга қайтиши шартлиги белгиланган. Шундан кейин дипломли мутахассис давлат манфаатлари йўлида меҳнат қилиши керак. Яъни у камида беш йил давомида давлат органлари, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари, муниципал муассасалар ёки давлат улуши мавжуд корхоналарда ишлаши лозим.

Шартномада битирувчи хорижда олган мутахассислигига мос лавозимга ишга жойлашиши зарурлиги ҳам кўрсатилган. Бундан истисно ҳолатлар ҳам бор: агар республикадаги кадрларга бўлган эҳтиёжни ҳисобга олган ҳолда Фан, олий таълим ва инновациялар вазирлиги бошқа иш йўналишини белгиласа, ушбу талабга амал қилинмаслиги мумкин.

Мазкур вазирликка бутун жараённи назорат қилиш ва ватанга қайтган талабалар шартномада белгиланган мажбуриятларни бажаришини кузатиб бориш ҳуқуқи ҳам берилди.

Стипендия соҳиблари ҳар йили давлат органларига ёшларнинг давлат тузилмаларида ишлаётганини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этишлари керак. Акс ҳолда, президент стипендиясини олганлар давлатнинг талабани хорижда ўқитиш учун сарфлаган харажатларини, жумладан, яшаш ва транспорт харажатларини қоплашга мажбур қилинади.

Фан, олий таълим ва инновациялар вазирлигида таъкидланишича, янги қоидалардан мақсад бюджет маблағларидан самарали фойдаланишни таъминлаш, стипендия соҳибларининг шартномавий мажбуриятларни бажариш борасидаги масъулиятини ошириш, шунингдек, хорижда эгалланган билим ва кўникмаларни Қирғизистон тараққиёти йўлида қўллаш учун шароит яратишдан иборат.

«Эл умуту» стипендияси мамлакатнинг энг иқтидорли ёшларига жаҳон рейтингидаги энг яхши 100 та олий таълим муассасасида магистратура ва докторантура босқичларида таҳсил олишга кўмаклашиш учун таъсис этилган. Стипендия тўловлари Қирғизистон президенти фонди маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. У шахсий хусусиятга эга бўлиб, ҳар йили республика комиссияси томонидан танлов натижаларига кўра тайинланади. Стипендиянинг энг юқори миқдори бир академик йил учун 50 минг долларгача етиши мумкин.