Қирғизистонда собиқ Соғлиқни сақлаш вазири ва МХДҚ раисининг собиқ ўринбосари коррупция иши бўйича ҳибсга олинди

Қурванбек Авазов ва Қанибек Досмамбетов. aki.kg сайти фотосурати

Қирғизистоннинг собиқ Соғлиқни сақлаш вазири Қанибек Досмамбетов ва республика Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раисининг собиқ ўринбосари Қурванбек Авазов коррупцияга оид ишлар доирасида Бишкекдаги 1-сонли тергов ҳибсхонасига жойлаштирилди. Бу ҳақда «АКИpress» нашри пойтахт судига таяниб хабар берди.

Гумонланувчиларга нисбатан эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги қарор 10 октябрь куни Қирғизистон пойтахтининг Первомайский туман суди томонидан қабул қилинган. Қарорга кўра, Досмамбетов 9 ноябрга қадар, Авазов эса 21 ноябрга қадар ҳибсда сақланади.

Қайд этилишича, Соғлиқни сақлаш вазири этиб тайинлангунига қадар собиқ вазир Миллий хавфсизлик давлат қўмитасида раҳбарлик лавозимларида ишлаган.

Ҳар икки мансабдор шахс 9 октябрь куни Ҳарбий прокуратура ходимлари томонидан қўлга олинган. Улар ўта йирик миқдорда пора олиш ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилишда гумонланмоқда. Хусусан, Бишкек шаҳар суди маълум қилишича, Досмамбетовга нисбатан Қирғизистон Жиноят кодексининг 336-моддаси 1-қисми («Коррупция»), Авазовга нисбатан эса шу модданинг 2-қисми («Уюшган гуруҳ ёки жиноий ҳамжамият манфаатларини кўзлаб содир этилган ёхуд оғир зарар келтириб чиқарган коррупция») бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Қўлга олинганларга нисбатан тадбиркорлардан пул талаб қилиш билан боғлиқ ноқонуний ҳаракатлар айблови қўйилмоқда. Жумладан, Ҳарбий прокуратура видеотасвирни эълон қилган. Унда Досмамбетов адвокат иштирокида тадбиркордан аввалроқ олган 150 минг АҚШ долларини унга қайтараётгани акс этган.

МХДҚ раиси ўринбосари Авазовнинг лавозимидан озод этилгани жорий йил февраль ойида маълум бўлган эди. Ўшанда республика президенти Садир Жапаров махсус хизмат раҳбари Қамчибек Ташиевни лавозимидан четлатган ва у билан бирга юқорида тилга олинган офицерни ҳам қўшиб, унинг уч нафар ўринбосарини вазифасидан озод қилган эди.

Досмамбетов 2025 йил охирида Соғлиқни сақлаш вазири этиб тайинлангунига қадар МХДҚнинг Жалолобод вилояти бўйича бошқармасига раҳбарлик қилган. Бироқ, жорий йил февраль ойи охирида давлат раҳбари уни ҳам эгаллаб турган лавозимидан озод этган. Бу қарорнинг сабаблари расман маълум қилинмаган. Унинг истеъфоси фонида хавфсизлик хизмати ходимининг ер майдони ва заводни рейдерлик йўли билан эгаллаб олишда иштирок этгани ҳақидаги маълумотлар тарқалганди. Мазкур воқеада ўша пайтдаги Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиевнинг ўғли Тай-Мурас Ташиев ҳам иштирок этгани маълум бўлганди.