5 октябрь куни Москвада Афғонистон бўйича маслаҳатлашувларнинг Москва форматидаги саккизинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Россия, Афғонистон, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Тожикистон ва Ўзбекистон вакиллари иштирок этди. Беларусь ва Миср делегациялари меҳмон сифатида қатнашди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилишича, иштирокчилар Қобул билан тенг ҳуқуқли ҳамкорликни ривожлантириш ва Афғонистонни халқаро иқтисодий алоқаларга интеграция қилиш курсини тасдиқлаган.
Бироқ, иштирокчилар қўшма якуний баёнотни келиша олмаган. Россия президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабуловнинг маълум қилишича, бунга Афғонистон ва Покистон делегациялари ўртасидаги келишмовчиликлар сабаб бўлган. Унинг сўзларига кўра, Афғонистон томони Афғонистон терроризм контекстида ҳаддан ташқари кўп тилга олинган ибораларга қарши чиққан.
Кабулов таъкидлашича, шунга ўхшаш иборалар ўтган йилги якуний ҳужжатда ҳам мавжуд бўлган, бироқ бу сафар Афғонистон томони уларни мақбул эмас, деб ҳисоблаган.
Шу билан бирга, Россия вакили қўшма баёнотнинг қабул қилинмагани Москва формати фаолияти тўхтатилишини англатмаслигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ушбу платформа, аввало, минтақавий ҳамкорликни мувофиқлаштириш учун мўлжалланган бўлиб, Афғонистон ва Покистон ўртасидаги икки томонлама зиддиятларни ҳал қилиш учун эмас. Кабулов формат доирасидаги маслаҳатлашувлар давом эттирилишини тасдиқлади.
Россия-Афғонистон музокараларининг асосий мавзуси хавфсизлик бўлди. Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Москва Афғонистоннинг терроризмга қарши кураш салоҳиятини мустаҳкамлаш зарур, деб ҳисоблашини ва Кобулга моддий-техник ҳамда экспертлик ёрдамини кўрсатишга, шунингдек, махсус хизматлар ва куч тузилмалари ўртасидаги алоқаларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди. Россия вазири афғон куч тузилмаларининг «Исломий давлат» ва бошқа террорчилик гуруҳларига қарши ҳаракатларини қайд этди.
Лавров, шунингдек, Москва Афғонистон билан иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканини билдириб, Афғонистон иқтисодиётининг ривожланиши, гиёҳванд моддаларга қарши кураш ва минтақавий инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига тўхталди. Шу билан бирга, у Афғонистон ва қўшни давлатларда НАТО ҳарбий инфратузилмасини жойлаштиришга яна бир бор қарши чиқиб, бундай ҳозирликни минтақавий беқарорликнинг кучайиши билан боғлади.
Лавров Афғонистон Ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақий билан алоҳида музокара ўтказди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилишича, томонлар икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари, шунингдек, халқаро ва минтақавий майдонлардаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилган.
Афғонистон томони учун асосий мавзулардан бири Покистон билан муносабатлардаги вазият бўлган. Муттақий Москвадаги маслаҳлашувлардан сўнг икки давлат ўртасидаги зиддиятлар мулоқот ва дипломатия орқали ҳал қилиниши мумкинлигини билдирди. Унинг сўзларига кўра, Қобул Исломобод билан можарони айбловлар ва тарғиботнинг чексиз алмашинувига айлантиришни истамайди, бироқ тажовуздан ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини қонуний ва ажралмас ҳуқуқ, деб ҳисоблайди.
Қобул Покистоннинг Афғонистон ҳудудидан жангарилар томонидан Покистон ҳудудида ҳужумлар уюштириш учун фойдаланилаётгани ҳақидаги айбловларини рад этади. Шу билан бирга, Исломобод «Толибон» ҳокимиятини қуролли гуруҳларни яширишда айбламоқда. Шу аснода сўнгги ойларда икки давлат ўртасидаги муносабатлар кескинлашди.
Россия Афғонистон ва Покистон ўртасидаги можарони ҳал қилишга кўмаклашишга тайёрлигини билдирди. Кабуловнинг маълум қилишича, Москва томонларга мустақил равишда ёки бошқа ҳамкорлар билан биргаликда ёрдам кўрсатишга тайёр, агар ҳар икки томон тегишли илтимос билан мурожаат қилса. Унинг сўзларига кўра, Москва формати иштирокчилари Афғонистон ва Покистонни ҳарбий ҳаракатлардан тийилишга ҳамда сиёсий-дипломатик ечим излашга чақирган.
Шундай қилиб, Москва ва Кобул икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ниятини тасдиқлаган, бироқ маслаҳатлашувлар иштирокчилари умумий якуний ҳужжатни ишлаб чиқишга муваффақ бўлолмаган. Келишмовчиликлар, аввало, Афғонистондаги терроризм билан боғлиқ вазиятга берилган баҳо ва Қобул ҳамда Исломобод ўртасида давом этаётган можаро фонида юзага келган. Шу билан бирга, Россия томони якуний баёнотнинг қабул қилинмагани Москва формати доирасидаги кейинги ишларни шубҳа остига қўймаслигини таъкидлади.



