ОАВ: Туркманистон Хитойнинг FK-2000 зенит-ракета мажмуалари билан ҳаво мудофаасини кучайтирди

sohu.com сайти фотосурати

Туркманистон Хитойда ишлаб чиқарилган FK-2000 зенит-ракета мажмуаларини қуролли кучларига қабул қилди. Улар мамлакат ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини кучайтиришга мўлжалланган. Зенит-ракета мажмуалари 27 сентябрь куни Ашхободда бўлиб ўтган парадда намойиш этилди. Бу ҳақда www1.ru Military Watch Magazine нашрига таяниб хабар берди.

Туркман армияси янги ҳаво мудофааси воситаларини илк бор намойиш қилди. Колонна таркибида Хитойда ишлаб чиқарилган бошқа ЗРКлар — FM-90, KS-1A ва FD-2000 ҳам кўринди.

Экспертларнинг таъкидлашича, янги мажмуанинг пайдо бўлиши Туркманистон Россия қурол-яроғидан аста-секин воз кечиб, Хитойда ишлаб чиқарилган муқобил воситаларга ўтаётганидан далолат беради. Агар 2016 йилги парадда асосан совет ва модернизация қилинган совет техникаси, хусусан, «Оса», «Печора-2М», 2БМ ва С-200В мажмуалари намойиш этилган бўлса, ҳозир Марказий Осиёнинг ушбу республикаси ҳаво мудофааси қалқони асосан «хитойликлар»дан шаклланган, деб айтиш мумкин.

FK-2000 ЗРК қисқа масофага мўлжалланган ҳаво мудофааси воситаси ҳисобланади ва узоқ масофага таъсир қилувчи С-200дан вазифаси жиҳатидан фарқ қилади. Жумладан, Хитойнинг ушбу янги мажмуаси 8×8 ғилдиракли шассига ўрнатилган мобиль тизим бўлиб, радиолокацион ва оптик-электрон жиҳозларни бирлаштиради. Мажмуа таркибига, шунингдек, 12 та зенит ракета ва 2 та олти стволли 30 мм автоматик тўп киради.

Эълон қилинган техник хусусиятларга кўра, мазкур ЗРК ракеталари 25 кмгача бўлган масофадаги ҳаво нишонларини, қанотли ракеталар ва юқори аниқликдаги зарба бериш воситаларини эса 10 кмгача бўлган масофада йўқ қилишга мўлжалланган. Шунинг учун FK-2000 Россиянинг 300 кмгача бўлган масофадаги объектларни йўқ қила оладиган С-200 мажмуасининг тўғридан-тўғри аналоги, деб бўлмайди. Хитой мажмуаси ҳаво мудофаасининг бошқа эшелонидаги вазифаларни бажариш учун мўлжалланган.

Қайд этилишича, ҳаво мудофааси янгиланаётганига қарамай, Туркманистон армияси ҳозирча совет даврида ишлаб чиқарилган ҳарбий авиацияни сақлаб қолмоқда. Очиқ манбалардаги маълумотларга кўра, республика Ҳарбий-ҳаво кучлари таркибида 24 та МиГ-29 ва 25 та Су-25 самолёти бор.

Экспертлар фикрича, техника модернизациясининг кейинги босқичи юқорида қайд этилган қирувчи самолётларни Хитойда ишлаб чиқарилган самолётларга алмаштириш бўлиши мумкин. Бундай шартномалар тузилганини тасдиқловчи маълумотлар йўқ, шунинг учун ҳозирча бу фақат тахминлардан иборат.

ОАВда, шунингдек, Ашхободдаги парадда туркман аскарлари янги M7 қуроллари билан, бронетехникада эса замонавий M250 пулемётлари ўрнатилган ҳолда кўрилгани ҳақида ёзилган. Ушбу қурол-яроғ турлари АҚШда ишлаб чиқарилади ва НАТО давлатлари армияларида кенг қўлланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ