ОАВ: иссиқ ҳаво ва сув танқислиги даврида Туркманистондаги икки колонияда ўнлаб маҳбуслар вафот этган

Жорий йилнинг июль ва август ойларида Туркманистоннинг Лебап вилоятида жойлашган икки колонияда — қаттиқ тартибли LB-E/11 ва умум тартибли LB-E/12 колонияларида — ўнлаб маҳбусларнинг ўлими қайд этилган. Ўлим ҳолатлари маъмурият колонияларга бир неча ҳафта давомида сув, электр энергияси ва газ етказиб беришни тўхтатган, ҳаво ҳарорати ҳаддан ташқари юқори бўлган даврга тўғри келган, деб хабар беради Turkmen.news.

AccuWeather об-ҳаво архиви маълумотларига кўра, ҳар икки колония жойлашган Сейди шаҳрида июль ойида 18 кун, август ойида эса 15 кун давомида (мақола эълон қилинган пайтга қадар) ҳаво ҳарорати 40 даража ва ундан юқори бўлган. Айрим кунлари максимал ҳарорат 46, 47 ва 48 даражага етган. Айнан ҳаво ҳарорати энг юқори бўлган ушбу ҳафталарда муассасаларнинг коммунал-маиший таъминоти деярли бутунлай тўхтатилган.

Turkmen.news нашрига маълумот берган, мақола эълон қилинишидан бироз олдин озодликка чиққан манбанинг айтишича, колонияларда газ таъминоти умуман бўлмаган. Сув бир неча кунлик узилишлар билан, фақат тунги вақтда ва бир сафарда икки соатдан ортиқ бўлмаган муддатга берилган. Электр энергияси ҳам етказиб берилмаган, фақат ўз генератори орқали ишлаган маъмурий блок бундан мустасно.

Натижада маҳбуслар ҳатто энг оддий санитария-маиший шароитлардан ҳам маҳрум бўлган. Улар ювина олмаган, терга шимилган кийимларини юва олмаган, тез бузиладиган озиқ-овқат маҳсулотларини сақлай олмаган ва иссиқ овқат тайёрлай олмаган.

Электр таъминоти узилгани сабабли телевизорлар ва маҳкумларнинг яқинлари ўз маблағлари ҳисобидан улар учун харид қилиб берадиган Хитойда ишлаб чиқарилган кам қувватли кондиционерлар ҳам ишламаган. Нашр таъкидлашича, электр тармоғи инфратузилмасининг заифлиги ва кучланишнинг мунтазам равишда ўзгариб туриши сабабли қувватлироқ совитиш тизимларини ўрнатиш мақсадга мувофиқ эмас. Бироқ, электр узилиши пайтида маҳбуслар ҳатто вентиляторлардан ҳам фойдалана олмаган.

Манбанинг сўзларига кўра, LB-E/12 колонияси оддий шароитда ҳам маҳбуслар саломатлигига жиддий хавф туғдиради. Ёзги иссиқ ва қишки совуқ каби экстремал ҳароратлар бу ерда айниқса оғир кечади. Муассасада умумий ортиқча одам тўпланиши муаммоси мавжуд, бетондан қурилган изолятор камералари эса одамлар билан тўлиб кетгани боис иссиқ ҳавода жуда қизиб кетади.

Муассасанинг айрим бинолари, жумладан, юқумли касалликларга чалинган беморлар учун мўлжалланган корпуслар ва санитария эҳтиёжлари учун лойиҳалаштирилган бинолар бой маҳбуслар томонидан сотиб олиниб, «келдимлар» деб аталадиган шахсий хоналарга қайта жиҳозланмоқда. Бундан ташқари, куз фаслида ҳар икки колонияда ОИВ ва сил касалликлари тарқалиши қайд этилган.

Нашр суҳбатдошининг айтишича, жорий иссиқ ҳаво даврида бемор ва кекса маҳкумларга айниқса оғир бўлган. У муассасаларда «жуда кўп, ниҳоятда кўп ўлим ҳолатлари» бўлганини маълум қилган. Ҳалок бўлганлар аниқ сони расман ошкор этилмаган, бироқ манба баҳосига кўра, гап бир неча ўнлаб одам ҳақида бормоқда. Вафот этганлар орасида 50 ёшдан ошган маҳбуслар кўпчиликни ташкил этган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ