Ғарбий Қозоғистон вилоятидаги «Конденсат» нефтни қайта ишлаш заводи Россия нефтини қайта ишлайди. Бунда ишлаб чиқарилган нефть маҳсулотларининг қарийб 70 фоизини Россияга етказиб бериш, 30 фоизгачасини эса Қозоғистон ички бозорида қолдириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда республика Энергетика вазири Ерлан Аккенженов брифингда ТАСС саволига жавоб берар экан, маълум қилди.
Вазирнинг таъкидлашича, завод эгаси санкциялар остида эмас, шу боис чекловлар корхона фаолиятига таъсир қилмаслиги керак.
Вазир шунингдек, «Конденсат» заводи Қозоғистон ёки Россиянинг магистрал қувур тизимларига уланмаганини маълум қилди. Россия нефтини заводга етказиб бериш ва тайёр маҳсулотни олиб чиқиш темир йўл орқали амалга оширилади.
«Агар мулкдор ҳозир етказиб беришни хоҳласа, ҳеч қандай муаммо йўқ. Барчаси темир йўлнинг ўтказиш қобилиятига боғлиқ», — деди Энергетика вазири.
Унинг сўзларига кўра, ҳозир корхонадани реконструкция қилиш ва ишлаб чиқариш қувватларини ошириш ишлари олиб борилмоқда. Аккенженов таъкидлашича, лойиҳа Қозоғистон учун қўшимча инвестициялар жалб этилиши ва иш ўринлари сақлаб қолинишини англатади.
Курсив.kz эслатишича, «Конденсат» НҚЗи аввал Қозоғистонда хомашё етишмаслиги сабабли минимал қувватда ишлаган. 2024 йилдан бошлаб корхона Россия нефти ва Татаристонда ишлаб чиқарилган газ конденсатини етказиб беришга ўтган.
2024 йилда «Конденсат» «Бірінші шина компаниясы» компанияси билан ҳар ой 30 минг тонна газ конденсати дистилляти ва хом нефть етказиб беришни назарда тутувчи шартнома тузади. Бундай ҳажмлар заводнинг максимал қувватининг 90–95 фоизида ишлашини таъминлаши керак эди. Хомашёни Россиянинг «Татнефть» компанияси етказиб берган.
Июн ойининг ўрталарида Қозоғистон ОАВлари «Конденсат» хомашё етказиб беришда узилишларга дуч келиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эди. Бунга «Татнефть» компаниясининг Нижнекамскдаги корхонаси — ТАНЕКОга дронлар ҳужуми сабаб бўлганди. Ҳужумдан сўнг корхона нефть қайта ишлашни тўлиқ тўхтатган.
Россия нефтни қайта ишлаш корхоналарига дронлар зарбалари фонида мамлакатда бензин ва дизель ёқилғиси танқислиги юзага келди. Натижада Россия кўп йиллардан бери илк бор мотор ёқилғисини хориждан импорт қила бошлади. Россия ОАВлари Россия ҳукумати Қозоғистондан ёқилғи танқислигини бартараф этишда ёрдам сўрагани ҳақида хабар берди. Бироқ, Қозоғистон Энергетика вазири Ерлан Аккенженов аввал ҳам бир неча бор бу масала бўйича расмий мурожаат олмаганини маълум қилди.
17 август куни Reuters Россия Беларусь ва Қозоғистондан бензин импорт қила бошлагани ҳақида хабар берди. Шунингдек, денгиз орқали етказилган Ҳиндистондан дастлабки ёқилғи партиялари ҳамда Жанубий Кореядан етказиб беришлар амалга оширилгани маълум қилинди. 21 август куни Россия Бош вазирининг ўринбосари Александр Новак ички бозордаги танқисликни қоплаш учун ёқилғи импорти бошланганини тасдиқлади.



