Қозоғистон президенти эркакларни қучоқлашиш ва ўпишишдан воз кечишга чақирди

Видеодан скриншот

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тщқаев мамлакат фуқароларини анъанавий одоб-ахлоқ меъёрларига риоя қилишга чақирди ва эркаклар, айниқса ҳарбийлар ўртасида қучоқлашиш одатини танқид қилди. Давлат раҳбари бу баёнотни 23 август куни Остонада парламент сайловларида овоз берганидан сўнг билдирди, дея хабар беради Оқўрда.

Президентнинг сўзларига кўра, у жамиятдаги одоб-ахлоқ ва анъанавий этикет меъёрларини белгилаб берадиган янги хулқ-атвор кодексини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурган. Бунга ёшлар ва катта ёшдагиларнинг хулқ-атворидаги ўзгаришларни кузатаётгани сабаб бўлган. Тўқаев «азалий анъаналарни эслаш» зарур, деб ҳисоблайди.

«Эркакларнинг бир-бирини қучоқлаши, ўпиши, аёлларнинг эркакларни ўпиши, эркакларнинг аёлларни ўпиши — бу тўғри эмас. Бизнинг урф-одатларимизда ҳеч қачон бундай бўлмаган. Айниқса, ҳарбий либосдаги одамлар. Генераллар бир-бирини қучоқлай бошлаяпти. Бу нима дегани?» — деди Тўқаев.

У Иккинчи жаҳон уруши ғолиблари бўлган Совет Иттифоқи маршалларини учрашганда бир-бирини қучоқлаб, ўпишиб турган ҳолда тасаввур қилиш қийинлигини таъкидлаган.

Давлат раҳбарининг фикрича, бунинг ўрнига эркаклар бир-бирининг қўлини маҳкам сиқиб, суҳбатдошини табассум билан қарши олиши керак. Агар инсон учрашганидан чиндан ҳам хурсанд бўлса, ўнг қўлини юрагига қўйиши мумкин.

«Эркаклар бир-бирига қўл узатиб, уни маҳкам сиқиши керак, илиқ котлет ёки новда узатгандек қўл бериши керак эмас», — деди Тўқаев.

Президентнинг сўзларига кўра, Қозоғистон «маданиятли миллат» бўлишга интилиши ва дунёда, жумладан, жамият маданияти ҳамда тартиб-интизомга риоя қилиши билан танилиши керак.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ