Қозоғистон ташқи сиёсати концепциясидан Назарбоев ҳақидаги эслатмалар олиб ташланди

akorda.kz сайти фотосурати

Президент Қасим-Жомарт Тўқаев 2020–2030 йилларга мўлжалланган Қозоғистон ташқи сиёсати концепциясига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Ҳужжатда бир қатор иборалар янгиланган, хусусан, Концепциядан биринчи президент Нурсултон Назарбоевнинг номи тилга олиниши олиб ташланган. Бунга «Ак Жайык» нашри эътибор қаратган.

Аввалги таҳрирда Қозоғистон ташқи сиёсатининг асосий тамойиллари қаторида «мамлакат тараққиётининг янги босқичида Биринчи Президент – Элбасы Н.А. Назарбоевнинг ташқи сиёсий курсининг давомийлиги» қайд этилган эди.

Янги версияда ушбу банд қайта таҳрирланган: “мамлакат ривожланишининг янги босқичида ташқи сиёсат йўналишининг узлуксизлиги”.

Концепциядан, шунингдек, Назарбоевнинг Қозоғистон халқига, давлат органлари ва мансабдор шахсларга ташқи сиёсатнинг энг муҳим масалалари бўйича ташаббуслар билан мурожаат қилиш ҳуқуқини назарда тутувчи банд ҳам чиқариб ташланган. Илгари ҳужжатда мазкур ҳуқуқ унинг «тарихий миссияси» ҳамда «Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти — Элбаси тўғрисида»ги Конституциявий қонун қоидалари билан асосланган эди.

Ўзгаришлар Қозоғистоннинг ташқи сиёсат позициясини аниқлаш воситаларига ҳам таъсир кўрсатади. Илгари, халқаро ҳамжамиятни мамлакатнинг минтақавий ва глобал сиёсат ва иқтисодиётдаги ёндашувлари ва ташаббуслари ҳақида, хусусан, Остона иқтисодий форуми, Евроосиё медиа форуми ва «Astana Club» орқали хабардор қилиш режалаштирилган эди. Янги версияда ушбу рўйхатдан фақат Остона халқаро форуми қолган.

Мамлакат сиёсий тизимига тегишли ўзгаришларнинг алоҳида тўплами мавжуд. Концепцияда Қурултой Қозоғистоннинг қонун чиқарувчи ҳокимиятни амалга оширувчи энг юқори вакиллик органи сифатида белгиланиши тўғрисидаги баёнот мавжуд.

Фармон имзоланган кундан бошлаб кучга киради.

Қозоғистоннинг 2030 йилгача бўлган ташқи сиёсат концепциясининг олдинги версияси 2020 йил март ойида тасдиқланган. Ҳужжатда глобал ва минтақавий вазиятдаги ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда мамлакат ташқи сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб берилган.

Концепциянинг асосий устувор йўналишлари қаторида Қозоғистоннинг мустақиллиги ва халқаро обрўсини мустаҳкамлаш, минтақавий ва глобал хавфсизликни таъминлаш, Россия, Хитой, АҚШ, Марказий Осиё мамлакатлари ва Европа Иттифоқи билан муносабатларни ривожлантириш ва мамлакатнинг иқтисодий манфаатларини илгари суриш тилга олинган.

Хорижий инвестицияларни жалб қилиш, экспортни кенгайтириш, Қозоғистонни транзит ва логистика маркази сифатида ривожлантириш ҳамда чет элдаги фуқаролар ва бизнес манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ