Қозоғистоннинг Жамбил вилоятидаги Мерке туманида жасади топилган Ўзбекистон фуқароси Мадина Рашидқизининг ўлими ҳолатлари юзасидан тергов олиб борилмоқда, деб ёзади Qumash.kz.
Полиция маълум қилишича, воқеа юзасидан ўз жонига қасд қилишга етказиш моддаси бўйича терговга қадар текширув бошланган. Бошқарма ҳодисанинг барча ҳолатлари аниқланаётгани, тергов тафсилотлари эса ошкор этилмаётгани айтилди.
Марҳуманинг дугонаси сўзларига кўра, фожиадан бироз олдин қиз унга оилавий можаролар ҳақида гапирган ва эрини ташлаб кетмоқчи эканини айтган. Мадина эри билан жанжаллардан бир неча бор шикоят қилган ва дугонасининг таъкидлашича, жисмоний зўравонликка ҳам учраган. Қиз сўнгги жанжал ҳақида дугонаси билан ёзишмада хабар берган, дугонаси эса ушбу ёзишмани Threads’да эълон қилган. Унинг айтишича, можаро эр-хотиннинг саккиз ойлик фарзанди учун эри олиб келган «Барни» бисквити сабаб юзага келган. Бисквитни Мадина еб қўйганидан сўнг, эркак уни урган.
Эртаси куни Мадина йиғиб қўйган буюмларининг суратини дугонасига юбориб, эрини ташлаб кетмоқчи эканини айтган. Шунингдек, у дугонасидан 15 минг тенге (32 доллар) сўраган, аммо ўша пайтда пул топишнинг иложи бўлмаган.
Шундан сўнг Мадина билан алоқа узилган. Кейинроқ қайнонаси дугонасига қиз вафот этганини хабар қилган.
Мадина Ўзбекистон фуқароси, унинг эри эса Қозоғистон фуқароси бўлган. Улар қарийб икки йил никоҳда яшаган ва саккиз ойлик фарзандини тарбиялаган. Дугонасининг сўзларига кўра, Мадина ҳомиладор бўлган бўлиши ҳам мумкин.
Марҳуманинг дугонаси Threads’даги публикацияларида унинг ўлими ҳолатларига шубҳа билдириб, ишни чуқур ва холис тергов қилишга чақирган. Унинг таъкидлашича, қиз танасида жароҳатлар бўлган. Бу маълумотлар ҳозирча расман тасдиқланмаган.
Сўнгги йилларда Қозоғистонда аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун қабул қилиниши ортидан оилавий зўравонлик мавзуси кенг муҳокама қилинмоқда. Мазкур қонун оилада зўравонлик қилувчиларга нисбатан жазони кучайтиради. Шунингдек, мамлакатда собиқ вазир Қуандик Бишимбаевнинг фуқаролик никоҳидаги рафиқаси Салтанат Нукеновани ўлдириши катта резонансига сабаб бўлганди. 2024 йил май ойида Бишимбаев ушбу жинояти учун 24 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Шов-шувли суд жараёни ҳакамлар ҳайъати иштирокида бўлиб ўтди.



