Таниқли тадбиркор Илон Маскка тегишли SpaceX компаниясининг Falcon 9 ташувчи ракетаси Қирғизистоннинг биринчи миллий сунъий йўлдошини орбитага олиб чиқди. АҚШда бўлиб ўтган парвозда Марказий Осиё республикаси президенти Садир Жапаров ҳам иштирок этди, деб хабар беради унинг матбуот хизмати.
Учириш 1 октябрь куни Калифорния штатидаги Ванденберг ҳарбий-ҳаво базаси ҳудудидан амалга оширилди. Қирғизистон сунъий йўлдоши Falcon 9 орбитага олиб чиққан космик аппаратлар гуруҳи таркибида бўлган.
Матбуот хизмати маълум қилишича, бу Қирғизистон ва Бирлашган Араб Амирликларининг қўшма лойиҳасидир. Аппарат ишини мувофиқлаштириш учун Бишкек шаҳрида Бошқарув маркази ташкил этилган.
Ўз сунъий йўлдошига эга бўлиш Қирғизистон учун космик маълумотлардан фойдаланишда янги имкониятлар очади. Жумладан, унинг ёрдамида олинадиган маълумотлар қишлоқ хўжалиги ерлари, музликлар, сув объектлари, ўрмонлар ва яйловлар мониторингини яхшилаш, шунингдек, табиий экотизимлардаги ўзгаришларни кузатиш имконини беради.
Бундан ташқари, космосдан олинадиган маълумотлар ер ости бойликларидан ноқонуний фойдаланиш, рухсатсиз чиқинди ташлаш жойларини аниқлаш ҳамда логистика йўналишларини оптималлаштириш учун қўлланилади.
Шунингдек, сунъий йўлдош технологиялари табиий хавфларни эрта аниқлаш жараёнида ёрдам бериши таъкидланмоқда. Гап қурғоқчилик, тошқинлар, кўчкилар, селлар ва ўрмон ёнғинлари ҳақида бормоқда. Ҳокимият органларида вазиятга тезкор муносабат билдириш учун қўшимча имкониятлар пайдо бўлади, бу эса офатлардан келадиган зарарни камайтиришга хизмат қилади.
Келгусида космосдан олинадиган маълумотларни давлатнинг рақамли тизимлари билан интеграция қилиш, фазовий хариталар ва таҳлилий моделлар яратишда улардан фойдаланиш режалаштирилмоқда. Маълумотлар инвестицияларни режалаштириш ва давлат дастурларининг амалга оширилишини назорат қилишда ҳам қўлланиши кўзда тутилган.
«Сунъий йўлдош маълумотларидан суперкомпьютер технологияларининг имкониятлари билан уйғунлашган ҳолда фойдаланиш Қирғизистоннинг иқтисодий ва табиий ресурсларини янада аниқ ва самарали бошқариш учун асос яратади», — дея қўшимча қилади матбуот хизмати.
Жапаров АҚШга ташрифи давомида SpaceX компаниясининг Калифорния штатидаги Хоторн шаҳрида жойлашган ишлаб чиқариш мажмуасига ҳам ташриф буюрди. Республика раҳбари космик техника йиғиладиган цех ва парвозларни бошқариш маркази фаолияти билан танишди. Меҳмон учун Starlink тизими бўйича алоҳида тақдимот ҳам ўтказилган. Унга сунъий йўлдошларнинг уч авлоди, уларнинг конструкциясидаги ўзгаришлар ва маълумот узатиш имкониятлари ҳақида маълумот берилган. Айтганча, бугунги кунда Илон Маск корпорациясининг орбитада 10 мингдан ортиқ аппарати мавжуд.
Жорий йилнинг май ойида Қирғизистонда Starlink сунъий йўлдош интернети хизматларини тақдим этиш лойиҳаси бошланган эди. Таъкидланишича, ушбу технология олис ҳудудларни юқори тезликдаги интернет, таълим ресурслари ва давлатнинг рақамли хизматларига улаш учун қўшимча имкониятлар яратади.
ℹ️ Бишкекдаги «Қирғиз электроника» корхонаси томонидан яратилган сунъий йўлдош 24 сентябрь куни кенг жамоатчиликка тақдим этилганди. Бироқ, компания вакилларининг сўзларига кўра, ишланмани мутлақо қирғизистонлик маҳсулот деб бўлмайди, чунки унда қўлланилган технологияларнинг катта қисми Россияга тегишли. Ўшанда аппаратнинг қиймати 10–12 миллион сом (тахминан 130 минг доллар) экани ҳам маълум қилинганди.



