Эрон пойтахтида мамлакатнинг собиқ Олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаий билан хайрлашув муносабати билан кенг кўламли мотам маросими бўлиб ўтмоқда. Мотам тадбирлари ўтган дам олиш кунлари Теҳрондаги «Мусалла» масжидида бошланди. У ерда марҳум раҳбарнинг уч нафар ўғли тобутлар устида оммавий жаноза намозини адо этди. Душанба куни, Эрон байроқлари билан безатилган автомобиллар кортежи пойтахтнинг марказий кўчалари орқали «Меҳробод» халқаро аэропорти томон ҳаракатланди. Йўл давомида унга мотам тутган минглаб одамлар қўшилди.
Давлат дафн маросими 86 ёшли диний раҳбар ва унинг оила аъзолари 28 февраль куни Теҳрондаги ҳукумат мажмуасига АҚШ ва Исроил томонидан уюштирилган оммавий ҳаво ҳужуми оқибатида ҳалок бўлганидан тўрт ойдан ортиқ вақт ўтгач ўтказилмоқда.
Маросим хавфсизлиги Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг кучайтирилган бўлинмалари томонидан таъминланмоқда. Шу билан бирга, Эроннинг янги Олий раҳбари Мужтабо Хоманаий шахсий хавфсизлик сабабларига кўра ҳозирча жамоатчилик олдида кўрингани йўқ. Ҳукумат томонидан ташкил этилган юриш Ғарбга қарши шиорлар ва қасос олишга чақириқлар билан кузатилмоқда.
Кутилишича, Эрондаги мотам маросимлари ва Ироқдаги шиалар муқаддас қадамжолари бўйлаб ўтиш якунланганидан сўнг Али Хоманаийнинг жасади унинг туғилган шаҳри Машҳадга олиб борилади. У ерда 9 июль куни Имом Ризо мақбараси ҳудудида сўнгги дафн маросими бўлиб ўтади.
«Ҳокимият ўлдирилган олий раҳбарнинг дафн маросимини жаҳон миқёсидаги воқеага айлантириш вазифасини, кўриниб турибдики, бажара олди. Бу ҳақда барча йирик жаҳон ОАВлари ёзмоқда, айримлари эса ҳатто YouTube орқали жонли эфир ҳам уюштирди, — деб ёзади россиялик халқаро журналист, шарқшунос ва эроншунос Никита Смагин. — Манзара таъсирли, воқеа эса жуда кенг кўламли. Амалда бу сўнгги кунларнинг энг асосий янгиликларидан бири бўлиб турибди, фақат жаҳон чемпионати бироз эътиборни ўзига тортаяпти.
Рақамларга келсак, улар, албатта, жуда баҳсли. «14 миллион иштирокчи», «тарихдаги энг катта дафн маросими» каби иддаолар, шубҳасиз, тарғиботнинг бир қисми. Бироқ ҳақиқат шундаки, Теҳронда ўн минглаб, эҳтимол юз минглаб одамлар иштирок этди. Бу эса фақат бошланиши: кейин Қум, сўнг Ироқ шаҳарлари, ундан кейин эса Машҳад навбати келади.
Бироқ бу ерда одамлар сонидан кўра, сафарбарлик салоҳияти кўпроқ ҳайрат уйғотади. Нафақат одамларни уюштириш, балки кўплаб плакат ва байроқлар тайёрлаш, мураккаб логистикани йўлга қўйиш, хавфсизликни таъминлаш ва тарафдорларни ташиш ҳам талаб этилади. Масалан, ижтимоий тармоқларда Теҳрон боғларида узоқ ҳудудлардан келган маросим иштирокчилари учун қурилган чодирлар акс этган видеолар кенг тарқалди.
Тарафдорларни сафарбар қилиш ҳар доим Ислом Республикасининг кучли жиҳатларидан бири бўлиб келган. АҚШ ва Исроил билан бўлган уруш эса бу қобилиятни янада кучайтирди. Биринчидан, фаол тарафдорлар сони ошди. Чет эл бомбардимонлари, мактаб ўқувчи қизларнинг ҳалок бўлиши, фуқаролик инфратузилмасига берилган зарбалар ҳамда раҳбарлар ва уларнинг оила аъзоларининг ўлдирилиши жамиятнинг маълум қисмида ҳокимият атрофида бирлашиш ҳиссини уйғотиши табиий.
Иккинчидан, Ислом Республикасининг ўзи сафарбарлик механизмлари ҳали ҳам жуда юқори даражада эканини намоён қилди. Ҳокимият тарафдорлари митингини ташкил қила олишига деярли ҳеч ким шубҳа қилмаган. Аммо урушнинг дастлабки ҳафталарида, ҳатто тўпланган одамларга зарба берилиши хавфи мавжуд бўлган шароитда ҳам (митинглар вақтида яқин атрофдаги объектларга зарбалар берилган ҳолатлар кузатилган), ҳар куни майдонларга юзлаб одамларни олиб чиққани ҳақиқатан ҳам таъсирли эди.
Бироқ, жамиятнинг муайян қисми бирлашгани бутун жамият бирлашганини англатмайди. Шу кунларда Эронда суҳбатлашган одамларимнинг барчаси бир хил гапни айтди: «Бу дафн маросимига борган бирорта одамни ҳам танимаймиз». Албатта, улар ўз муҳитида яшайди, аммо шундай «ахборот пуфаклари»нинг ўзи мавжудлиги ҳам кўп нарсадан далолат беради.
Бунга сўнгги кунлардаги намойишлар ҳақидаги қизиқарли маълумотларни ҳам қўшиш мумкин. Дафн маросими бошланиши арафасида Эронда маҳаллий норозилик намойишлари сезиларли даражада кучайгани кузатилди.
Бу ҳам таъсирли. Бомбардимонлар давом этаётган пайтда одамлар деярли норозилик намойишларини тўхтатиб қўйган эди. Аммо зарбалар якунланиши билан маҳаллий намойишлар деярли дарҳол аввалги даражага қайтди: талабалар, ишчилар, нафақахўрларнинг кичик чиқишлари у ёки бу жойда камида икки кунда бир марта, баъзан ундан ҳам тез-тез ўтказилмоқда.
Дарвоқе, 2026 йил январь ойида намойишлар авжига чиққан пайтда иштирокчилар сонига оид баҳолар пайдо бўлди — 346–533 минг киши. Бу фақат визуал манбалар, яъни фото ва видеолардаги одамлар сонини ҳисоблаш асосидаги тахмин. Ҳақиқий рақам бир неча баробар юқори бўлиши мумкин, чунки интернет тезда ўчирилган, намойишларни тасвирга олиш эса бошидан қатъий чекланган эди.
Бундан ташқари, гап рухсат этилмаган намойишлар ҳақида бормоқда, улар қуролли кучлар томонидан ўққа тутилган. Бундай шароитда бир нафар иштирокчининг ўзи тинч намойишга чиққан ўн нафар одамга тенг бўлиши мумкин.
Бошқа сўз юидан айтганда, Эронда жамият чуқур бўлинган. Унинг бир қисми (ҳокимият тарафдорлари) АҚШ ва Исроил билан бўлган урушдаги муваффақият ҳисобига янги куч олган. Жамиятнинг иккинчи қисми эса деярли аввалги ҳолатида қолган — у ўзи ёқтирмайдиган тузумга қарши норозилик билдиришга тайёр.
Бунга иқтисодий қийинчиликларнинг кучайиб бораётганини ҳам қўшсак, шундай хулосага келиш мумкин: ҳозирги тарафдорлар намойишлари яқин келажакдаги янги кўча тўқнашувлари учун муқаддима бўлиши мумкин. Эҳтимол, энди ҳар икки томонда ҳам қатъият сезиларли даражада юқори бўлади. Бироқ бу “драмалар” айнан қандай кўриниш олиши ва қачон содир бўлиши — анча мураккаб савол.



