Россия Бош прокуратураси қозоғистонлик тадбиркор Тимур Турлов ва у асос солган Freedom Holding молиявий гуруҳи билан боғлиқ бир нечта тузилмаларга қарши даъво аризасини берди. Бош прокурор ўринбосарининг аризаси Москва Тверь туман судига келиб тушган, деб ёзади РБК. Прокуратура талабларининг мазмуни ва даъвонинг асослари ҳозирча очиқ маълум қилинмаган.
Турловдан ташқари, жавобгарлар қаторида АҚШда рўйхатдан ўтган Freedom Holding Corp., Кипрда рўйхатдан ўтган Freedom Finance Europe Ltd., W-Empirical Holding Corp. ва Аркадий Щукин кўрсатилган.
Тимур Турлов — акциялари АҚШнинг Nasdaq биржасида савдога қўйилган молиявий гуруҳ — Freedom Holding Corp. асосчиси ва бош директори. 2010 йилда у Москвадаги «Белый город» компаниясини сотиб олган. Кейинчалик компания «Фридом Финанс» инвестиция компаниясига қайта номланган. Шундан сўнг бизнес Қозоғистон, Европа ва АҚШга кенгайди, активлар эса Freedom Holding Corp. атрофида бирлаштирилди.
Россиянинг Украинага қарши уруши бошланганидан сўнг Freedom Holding Россия бизнесидан чиқишини эълон қилди. 2022 йилда гуруҳ Россиядаги тузилмаларини «Фридом Финанс» Россия компаниясининг собиқ бош директори ўринбосари Максим Повалишинга сотиш бўйича келишувга эришди. Битим Россия Марказий банки томонидан 2023 йил февраль ойида маъқулланган. Шундан сўнг Россиядаги тузилмалар «Цифра брокер» ва «Цифра банк» деб қайта номланди. Freedom Holding Россия бизнесидан тўлиқ чиққанини маълум қилган.
Жавобгарлардан бири W-Empirical Holding Corp. бўлади. Бу компания аввал ҳам Россия суд ишларида, жумладан, фонд бозоридаги операциялар ва Freedomнинг собиқ Россия бизнеси тузилмалари билан боғлиқ низоларда тилга олинган.
Хусусан, 2025 йилда Россия суди W-Empirical компаниясининг Сергей Кулешовга қарши фуқаролик даъвосини қаноатлантириб, ундан қарийб 162 миллион рубль ундириш ҳақида қарор чиқарган. Иш ликвидлиги паст бўлган Америка акциялари билан операциялар ва компаниянинг савдо алгоритмидан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган. Бироқ, ҳозирда мавжуд очиқ манбалардан айнан шу иш Бош прокуратуранинг ҳозирги даъвосига асос бўлгани ҳақида хулоса қилиш мумкин эмас.
Даъвонинг берилган санаси яна бир жиҳатдан эътиборни тортади: бундан атиги бир неча кун олдин Турлов Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) президенти этиб сайланган эди.
Сайлов 26 сентябрь куни Самарқандда бўлиб ўтди. Иккинчи турда Турлов 110 та овоз олди, унинг рақиби — Германиялик тадбиркор Вадим Розенштейн 85 та овоз тўплади. Шу тариқа Турлов FIDEнинг саккизинчи президенти бўлди ва бу лавозимда Аркадий Дворкович ўрнини эгаллади.



