Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Олмаота вилоятининг Ақтас посёлкасида жойлашган Кучайтирилган кузатувга эга ихтисослаштирилган Республика руҳий касалликлар шифохонасида беморлар ҳуқуқлари бузилган бўлиши мумкинлиги ҳақида оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлардан сўнг комплекс текширув ўтказади. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати маълум қилди.
Тегишли топшириқни Соғлиқни сақлаш вазири Ақмарал Алназарова берган.
«Сўнгги вақтларда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда беморларни сақлаш шароитлари юзасидан шикоятлар акс этган материаллар эълон қилинди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳар бир бундай мурожаатда келтирилган фактларни ҳар томонлама ва холис ўрганиш учун асос сифатида кўриб чиқади», — дейилади вазирлик баёнотида.
Текширувни Тиббий ва фармацевтика назорати қўмитаси ўтказади. Қўмита тиббий ҳужжатлар, даволаш жараёнининг ташкил этилиши, беморларни сақлаш шароитлари, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари, шунингдек, мажбурий даволанишда бўлган фуқаролар ҳуқуқларига риоя этилишини ўрганади. Текширувга прокуратура ва Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) ҳам жалб этилади. Агар қонунбузилишлар аниқланса, айбдорлар жавобгарликка тортилиши ваъда қилинган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги таъкидлашича, Ақтасдаги шифохона мамлакатдаги шу турдаги ягона ихтисослаштирилган муассаса ҳисобланади. Бу ерда суд қарори билан тиббий тусдаги мажбурий чоралар белгиланган беморлар даволанади. Вазирлик маълумотига кўра, беморларнинг 80 фоиздан ортиғи шахсга қарши оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этган. Шу боис муассасада хавфсизликнинг кучайтирилган чораларини назарда тутувчи махсус даволаш-қўриқлаш тартиби амал қилади.
Яқинда Orda.kz таҳририяти республика руҳий касалликлар шифохонасида сақлаш шароитларининг оғирлиги, мажбурий меҳнат, жисмоний зўравонлик ва дори воситалари орқали жазолаш ҳолатлари, сифатсиз овқатлантириш ҳамда беморлар ҳуқуқлари бузилиши мумкинлиги ҳақидаги шикоятлар юзасидан материал эълон қилган эди.
Шифохонанинг собиқ бемори Самат Сатаровнинг айтишича, у 2022 йилдан 2026 йил февралигача ушбу муассасада бўлган ва бу вақт ичида шифохона ичида содир бўлаётган ҳолатларни яширинча видеога олган. Унинг сўзларига кўра, беморлар хўжалик ишларини бажаришга мажбурланган, рад этганларга эса каравотга маҳкамлаб қўйиш ва кучли таъсир қилувчи дори воситаларини қўллаш орқали жазо берилган. Шунингдек, у айрим беморлар шифохонада ўнлаб йиллар давомида сақланаётгани, сақлаш шароитлари эса фақат текширувчилар ташрифи олдидан кескин яхшиланганини таъкидлади.
Бошқа жабрланганлар эса беморларни сил касалликлари бўлимига ноқонуний жойлаштириш, уларнинг ижтимоий тўловларини ўзлаштириш, шунингдек, айрим беморларнинг вафоти ҳақида маълумотлар борлигини билдирган. Мурожаат муаллифлари, шунингдек, айрим беморларни ўз жонига қасд қилишгача олиб келган ҳолатлар юз берган бўлиши мумкинлигини ҳам иддао қилишган. Ҳозирча ушбу даъволар расман тасдиқланган эмас.



