Остона шаҳри суди ижтимоий адоват қўзғатишда гумонланаётган «Ахуал сегодня» YouTube-канали муаллифи Азамат Омаровни қамоқдан озод қилиш ҳақидаги илтимосномани рад этди. Бу ҳақда унинг турмуш ўртоғи Венера Мустафина Facebook саҳифасида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, кеча кечқурун суд адвокат Толеген Шаиковнинг журналистга нисбатан қўлланган эҳтиёт чорасини ўзгартириш ҳақидаги хусусий шикоятини кўриб чиққан. Бироқ суд шикоятни қаноатлантирмаган.
«Суд қарори матнини кутяпмиз», — деб ёзган Мустафина.
Венера Мустафина суд мажлисидан сўнг адвокат Толеген Шаиковнинг Facebookдаги аккаунти блокланганини ҳам маълум қилди.
«Мутахассислардан ёрдам сўрайман. Бу блокланишни турмуш ўртоғим Азамат Омаровнинг касбий фаолияти билан боғлайман. Толеген Шаиковнинг аккаунти кўринмай қолди, аммо унинг номи билан янги сохта аккаунт яратилган», — дейди Мустафина.
Азамат Омаров ижтимоий-сиёсий мавзулардаги сатирик видеороликлари билан танилган. 18 июль куни суд уни икки ой муддатга қамоққа олиш ҳақида қарор чиқарди. Остона полиция департаменти маълумотига кўра, журналист Қозоғистон Жиноят кодексининг 174-моддаси («Ижтимоий, миллий, уруғчилик, ирқий, табақавий ёки диний адоватни қўзғатиш») бўйича қўзғатилган жиноят ишида гумонланувчи сифатида иштирок этмоқда.
Адвокат Толеген Шаиковнинг сўзларига кўра, суднинг қамоққа олиш ҳақидаги қарорида Омаровнинг сатирик материаллари «жамиятда салбий фикр шакллантириши мумкин» экани қайд этилган. Ҳимоячи, шунингдек, журналист ўз уйида қўлга олингани, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари унинг компьютери, мобил телефонлари ва бошқа техника воситаларини мусодара қилганини маълум қилди.
Омаров ўз айбини тан олмаган ва ўз нашрларини сатира ҳамда ҳазил сифатида баҳолайди.
У қўлга олинганидан сўнг, сўз эркинлигини ҳимоя қилиш бўйича халқаро «Әділ сөз» жамғармаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни журналистга нисбатан жиноий таъқиб қилиш асосларини тушунтиришга чақирди.
Омаровни, шунингдек, «Чегара билмас репортёрлар» (RSF) ташкилоти ҳам ҳимоя қилди. Ташкилот Қозоғистон ҳукуматини унга қўйилган барча айбловларни бекор қилишга чақирди.



