Россияга ишлаш ёки узоқ муддатга келаётган хорижий фуқаролар электрон профилга эга мобил телефон сотиб олишга мажбур бўлади. Бу ҳақда Россия Ички ишлар вазирининг ўринбосари Игорь Зубов Федерация Кенгашининг Халқаро ишлар қўмитаси йиғилишида маълум қилди, деб хабар беради РБК нашри.
«Бу ерга келган ҳар бир мигрант, айниқса ишлаш учун ёки узоқ муддатга келган бўлса, рўйхатдан ўтиш чоғида телефон сотиб олишга мажбур бўлади. Ушбу телефонда унинг электрон профили бўлади. Биз ҳар бир мигрантнинг қаерда эканини билиб турамиз. У бир аҳоли пунктидан бошқасига назоратсиз кўчиб ўта олмайди, яшаш жойини ўзбошимчалик билан ўзгартира олмайди. Бу тизимнинг асоси бўлади», — деди Зубов. Унинг сўзларини РБК нашри келтирган.
Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, мазкур телефон хорижий фуқарони, масалан, ҳужжатларининг амал қилиш муддати якунланаётгани ёки тегишли идорага келиши зарурлиги ҳақида олдиндан огоҳлантириш имконини ҳам беради. «Шунда одам бирор нарсани ўтказиб юборгани ёки билмагани учун кутилмаган ҳолат юзага келмайди», — деди у.
Зубовнинг баёноти Россия ҳокимиятининг мигрантлар устидан назоратни рақамлаштиришга қаратилган умумий сиёсатига мос келади. 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб Москва шаҳри ва Москва вилоятида фойдаланувчининг геолокация маълумотларини Россия ИИВга узатувчи «Амина» мобиль иловаси синов тариқасида жорий этилган. Уни ўрнатиш Россияга визасиз тартибда келадиган вояга етган хорижий фуқаролар учун мажбурий ҳисобланади. Агар шахснинг жойлашуви ҳақидаги маълумотлар уч иш кунидан ортиқ вақт давомида тизимга келиб тушмаса, у миграция рўйхатидан чиқарилади. Россия ИИВ маълумотларига кўра, декабрь ойининг ўрталарига келиб шу тартибда 139 мингдан ортиқ киши миграция ҳисобидан чиқарилган.
Бундан ташқари, 2026 йил 30 июндан бошлаб Россияда Ички ишлар вазирлиги тасарруфидаги «Хорижий фуқаронинг рақамли профили» давлат ахборот ресурси ишга туширилди. Унда хорижий фуқароларнинг ҳужжатлари, миграция ҳисоби, меҳнат фаолияти, таълими, тиббий суғуртаси, мол-мулки ҳамда ҳуқуқбузарликлари ҳақидаги маълумотлар жамланган. Мазкур реестрни шу муддатга қадар яратиш вазифасини Россия президенти Владимир Путин 2025 йил июль ойида ИИВга топширган эди.
Янги талаблар, аввало, Марказий Осиё давлатлари — Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистондан келаётган меҳнат мигрантларига тааллуқли бўлади. Чунки ушбу мамлакатлар фуқаролари Россиядаги хорижий ишчи кучининг асосий қисмини ташкил этади.



