2024 йили озодликка чиққан «болтали маньак» Қозоғистонда яна қўлга олинди

Видеодан кадр

Қозоғистон шимолидаги Петропавловск шаҳрида полиция ходимлари «болтали маньак» номи билан танилган 62 ёшли Валерий Кричиневскийни қўлга олди, деб хабар беради КТК телеканали.

Тергов версиясига кўра, у дала ҳовлисидан қайтаётган 54 ёшли аёлга ҳужум қилган. Жабрланувчини тасодифий йўловчи қутқариб қолган. Телеканал маълумотларига кўра, ҳужум кундуз куни одам кам юрадиган жойда содир бўлган. Аёл ёрдам сўраб бақира бошлаганидан сўнг ҳужумчи уни қўйиб юборган ва аёл қочиб кетишга муваффақ бўлган. Гумонланувчи воқеа жойидан кўп ўтмай ушланган.

Шимолий Қозоғистон вилояти Полиция департаменти тергов бошқармаси раҳбари Азат Қусайинов маълум қилишича, тергов суди уни қамоқда сақлашга санкция берган. Жиноят иши қўзғатилган, тергов жараёнида воқеанинг барча тафсилотлари аниқланмоқда.

Қозоғистон ОАВ маълумотларига кўра, Кричиневский 1998 йил июль ойидан 1999 йил январь ойига қадар Петропавловск шаҳрида ҳужумлар содир этган. Унинг қурбонлари асосан шаҳар чеккаларида, дала ҳовлилари массивлари яқинида ва одам кам юрадиган жойларда бўлган аёллар эди. Тергов аниқлашича, у жабрланувчиларга орқадан ҳужум қилиб, бош қисмига болта билан зарба берган, шундан сўнг уларни талон-торож қилган ва зўрлаган.

Кричиневскийнинг ҳисобида 11 нафар жабрланувчи бор — 20 ёшдан 60 ёшгача бўлган ўн нафар аёл ва етти ёшли қизалоқ. Барча аёллар оғир жароҳатларга қарамай тирик қолган. Ягона ҳалок бўлган шахс мактаб ўқувчиси бўлган.

Маҳкумнинг уйини тинтув қилиш вақтида полиция ходимлари жабрланувчилардан ўғирланган олтин тақинчоқлар ва бошқа буюмларни топган. Кричиневский 1999 йил январь ойида Заречний қишлоғидаги дала ҳовлилари яқинида қўлга олинган. Бир қатор қотилликлар, зўрлашлар ва босқинчилик ҳужумлари учун у 25 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

«Болтали маньак» жазони Ақмола вилоятидаги колониялардан бирида ўтаган ва 2024 йили жазо муддати тугагач, озодликка чиққан. Шундан сўнг у ижтимоий мослашув марказида яшаган ҳамда электрон браслет орқали ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар назоратида бўлган.