Қозоғистон Россиядан “бензин туризми” ортиб бораётгани фонида ёқилғи таъминоти устидан назоратни кучайтирди

Gettyimages.ru © Peter Dazeley сайти фотосурати

Қозоғистонда мобил гуруҳлар Россия билан чегарадош ҳудудларда сутка давомида патруллик қилиб, ёқилғи-мойлаш материалларини (ЁММ) ноқонуний олиб чиқиш ҳолатларининг олдини олиш билан шуғулланмоқда. Бу ҳақда Молия вазирининг ўринбосари Ержан Биржанов ёқилғи бозори ҳолатига бағишланган ҳукумат йиғилишида маълум қилди.

Ҳукумат матбуот хизмати маълумотларига кўра, хавфларни бошқариш тизими доирасида чегараолди йўлларида автоцистерналар ва бензовозлар текширилмоқда. Фақат сўнгги икки сутка давомида ўтказиш пунктларида қўшимча баклар ва канистрлар орқали топилган 61 та ёқилғини ноқонуний олиб чиқишга уриниш ҳолати тўхтатилган. Умумий ҳажм 3 тоннадан ошган.

Бундан ташқари, давлат даромадлари органлари 62 та ёқилғи қуйиш шохобчаси ва 22 та кичик нефть қайта ишлаш заводи фаолиятини таҳлил қилмоқда. Уларда кўрсатилаётган хизмат ҳажмида аномал ўсиш қайд этилган.

Қозоғистон Ички ишлар вазири Ержан Саденов маълум қилишича, чегара ҳудудларида назорат кучайтирилган ва чуқур текширувлар ўтказишга жалб этилган ходимлар сони оширилган.

Аввалроқ Энергетика вазирлиги бензин экспортини тақиқлашни яна олти ойга — 2026 йил ноябрдан 2027 йил майигача узайтириш бўйича буйруқ лойиҳасини тайёрлаган эди. Ушбу чекловлар барча давлатларга, шу жумладан Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатларига ҳам татбиқ этилади.

Ҳукумат шунингдек ички бозорни ёқилғи билан таъминлаш устувор вазифа эканини таъкидлади. Бензинни олиб чиқиш фақат транспорт воситаларининг стандарт ёқилғи баклари доирасида рухсат этилган.

Ёқилғи чиқариш устидан назорат кучайтирилгани ҳақидаги хабарлар ОАВда Россиядан “бензин туризми” ортиб бораётгани тўғрисидаги материаллар фонида пайдо бўлди. Ёқилғи нархларидаги сақланиб қолган фарқ сабабли Қозоғистоннинг чегараолди ҳудудларида Россия рақамли автомобиллар оқими кескин ошгани қайд этилмоқда.

Ижтимоий тармоқлар мониторинги ва россиялик авто блогер Алексей Епищенко материалларига кўра, Қозоғистоннинг Ғарбий Қозоғистон вилоятидаги АЁҚШларда, айниқса Уральск шаҳрида, Самара, Саратов ва Оренбург вилоятларидан келган ҳайдовчилар сони сезиларли даражада ошган. Улар нисбатан арзонроқ бўлган Қозоғистон бензинини харид қилиш учун келишмоқда. Маълум қилинишича, автомобилни тўлиқ ёқилғи билан тўлдиришда қилинган тежамкорлик Қозоғистонга бориш ва қайтиш харажатларини тўлиқ қоплаши мумкин.

Бу ҳолатга 2026 йил ёзида Қозоғистон ва Россияда бензин нархлари ўртасидаги фарқнинг ўсиши ҳамда Россиянинг айрим ҳудудларида ёқилғи таъминотидаги узилишлар сабаб бўлгани айтилмоқда.