Қозоғистон Навальний штабининг собиқ ходимини Россияга экстрадиция қилишга қарор қилди

Юлия Емельянова. Ижтимоий тармоқдаги фотосурат

Қозоғистон мухолифат фаоли Юлия Емельяновани Россияга экстрадиция қилмоқчи. Бу ҳақда адвокат Мурат Адам (фаолни ҳимоя қилади, аммо ORDA.kz бош муҳаррири Гулнора Бажкенова иши бўйича баёнотлари туфайли адкокатлик лицензиясидан маҳрум қилинган) маълум қилди.

«Бугун биз Қозоғистон Республикаси Бош прокуратурасининг яна бир россиялик фаол Юлия Емельяновани экстрадиция қилиш тўғрисидаги қароридан хабардор бўлдик. Биз шошилинч равишда Олий судга шикоят тайёрлаяпмиз», — деб ёзаган Мурат Адам ўзининг Facebook (РФда экстремистик деб тан олинган ва тақиқланган Meta корпорациясига тегишли тармоқ) даги саҳифасида.

Емельянова — Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальнийнинг* Санкт-Петербург штабининг собиқ ходими. Россияда унга қарши 2021 йили ўғирлик бўйича жиноий иш қўзғатилган. Тергов маълумотларига кўра, фаол гўёки Санкт-Петербургда такси ҳайдовчиси телефонини ўғирлаган. Емельянова ўз айбини рад этган ва иш сохталаштирилган деб даъво қилган. Иш судга етиб боргач, фаол мамлакатни тарк этган.

Ўтган йил 31 августида у Олмаота аэропортида ҳибсга олинган. Емельянова Қозоғистон орқали транзитда Грузиядан Вьетнамга учиб кетаётган бўлган. Мухолифат фаоли Россия томонидан давлатлараро қидирув рўйхатига киритилгани учун ҳибсга олинган. Ҳозирда у Олмаотадаги тергов ҳибсхонасида сақланмоқда.

Емельянова Қозоғистондан бошпана сўраган, аммо ушбу сўров кўриб чиқилиши ҳали охирига етмаган.

Икки ҳафта олдин Қозоғистон Бош прокуратураси қочқинлик мақомидан маҳрум бўлган чечен фаоли Мансур Мовлаевни Россияга экстрадиция қилишни маъқуллади. Февраль ойининг бошида 25 ёшли IT дастурчиси Александр Качкуркин Қозоғистондан Россияга депортация қилингани ҳақида хабар берилган эди. Етиб келганида у самолётда ҳибсга олинган ва давлатга хиёнат қилиш айбловлари билан ҳибсга олинган. 5 февраль куни Остона суди россиялик ҳарбий хизматчи Евгений Коробовга қочқин мақомини беришдан бош тортди. Ушбу қарор кучга киргандан сўнг, Коробов Қозоғистонни 30 кун ичида тарк этиши шарт. Агар Россияга депортация қилинса, у дезертирлик учун 15 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

* Росфинмониторинг томонидан экстремизм ва террорчилик фаолиятига алоқадор шахслар рўйхатига киритилган