Қозоғистон ТИВ Каспий қуқурлари корсорциумига қилинган ҳужум юзасидан Украинага норозилик билдирди

gov.kz сайти фотосурати

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Новороссийск яқинидаги Каспий қувурлари консорциуми (КҚК) нинг муҳим инфратузилмасига «навбатдаги мақсадли ҳужум» уюштирилганига норозилик билдирди. Вазирлик вакили Айбек Смадияровнинг тегишли баёноти 30 ноябрь куни эълон қилинди.

«Бу воқеа халқаро ҳуқуқ билан кафолатланган соф фуқаролик иншоотига қарши учинчи тажовузкорлик ҳаракатидир.

Глобал энергия бозорининг масъул иштирокчиси сифатида Қозоғистон энергия таъминоти барқарорлиги ва узлуксизлигини сақлаб қолиш тарафдори. Биз КҚК глобал энергия тизими барқарорлигини ушлаб туришда муҳим рол ўйнашини таъкидлаймиз.

Биз бу ҳодисани Қозоғистон Республикаси ва Украина ўртасидаги икки томонлама муносабатларга зарар етказадиган ҳаракат сифатида кўриб чиқамиз ва келажакда шунга ўхшаш ҳодисаларнинг олдини олиш учун Украина томонидан самарали чоралар кўрилишини кутамиз», — дейилади баёнотда.

29 ноябрь куни эрталаб Новороссийск яқинидаги Каспий қувурлари консорциуми (КҚК) нинг бекатларидан бирига Украина экипажсиз қайиқлари ҳужум қилган. Компания хабар беришича, объект жиддий зарар кўрган, бу эса унинг кейинги фаолиятини имконсиз қилади. Ҳодисадан сўнг, Қозоғистон Энергетика вазирлиги экспорт нефтини муқобил йўналишларга ўзгартирган.

КҚК нефть қувурлари тизими Каспий минтақасидан нефтни жаҳон бозорига ташишнинг энг йирик йўналиши ҳисобланади. Узунлиги 1500 км бўлган магистрал қувур Ғарбий Қозоғистон конларини (Тенгиз, Қорачиғаноқ ва Қашаган) Россиянинг Қора денгизи соҳиллари билан боғлайди, бу ерда нефть КҚК денгиз терминали орқали танкерларга юкланади. Ҳозирги вақтда Тенгиз-Новороссийск магистрал нефть қувури бўйлаб нефтни ташиш вақтинчалик фавқулодда схема бўйича «Кропоткинская» ННСни четлаб ўтган ҳолда амалга оширилмоқда. Ўтган йили нефтни қайта юклаш ҳажми тахминан 63 миллион тоннани ташкил этган. Ушбу ҳажмнинг тахминан 74 фоизи Америка ва бошқа Ғарб давлатлари юк ташувчиларига тўғри келади.

Жорий йил бошидан бери Каспий қувури консорциуми объектларига бир неча бор дронлар ҳужум қилди. 17 февраль куни портловчи моддалар билан тўлдирилган дронлар Кропоткинская нефть насос станциясига зарар етказди. 19 март куни бир нечта учувчисиз учиш аппаратлари компаниянинг денгиз терминалида хом нефтни қайта юклашни амалга оширувчи «Кавказская» нефть насос станциясига ҳужум қилди. Сентябрь ойи охирида Новороссийскдаги Каспий қувурлари консорциуми АЖ офиси шаҳар марказига қилинган катта дрон ҳужуми натижасида зарар кўрди ва компаниянинг икки ходими жароҳат олди.

UPD: 30 ноябрь куни Украина Ташқи ишлар вазирлиги Киев Қозоғистоннинг Каспий қувурлари консорциуми инфратузилмаси бўйича хавотирларини «эътиборга олгани» ҳақида баёнот берди. Вазирлик Украинанинг ҳеч қандай ҳаракатлари Қозоғистонга ёки учинчи томонга қарши қаратилмаганлигини ва унинг барча саъй-ҳаракатлари «ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини амалга ошириш доирасида Россиянинг кенг кўламли тажовузини қайтаришга қаратилганини» таъкидлади.

Шу билан бирга, Киев «Қозоғистон томони Россия Федерациясининг Украина тинч аҳолисига, турар-жой биноларига, фуқаролик инфратузилмасига ва мамлакат энергетика тизимига, жумладан, Украинадаги АЭС подстанцияларига ҳужумларини қораловчи баёнотлар бермагани»ни таъкидлади.

  • Нима учун хитойликлар билан муносабат қилиш қийин, гарчи дастлаб осондек туюлган бўлсада? Мавзу шу ҳақда

  • Президент Мурожаатномаси арафасида Тўқаевнинг энг яқин шериги «қўлга олингани» ҳақидаги медиа бомба тафсилотлари

  • Марказий Осиёнинг жанглар майдонига айлангани ҳақида

  • Марказий Осиё футболи учун Россия терма жамоасидан нима фойда борлиги ва «Марказий Осиёликларнинг ўзаро кураши» қандай якунланиши ҳақида