Афғонистон бўйича Москва маслаҳатлашув форматида (ММФ) иштирок этаётган давлатлар учинчи давлатларнинг мамлакатда ҳарбий базага эга бўлишига қарши чиқди. Бу ҳақда 7 октябрь куни Москвада бўлиб ўтган ММФ еттинчи йиғилиши якунлари бўйича қабул қилинган қўшма баёнотда айтилди.
«Давлатларнинг Афғонистон ва унга қўшни давлатларда ўз ҳарбий инфратузилмасини жойлаштиришга уринишлари номақбул деб ҳисобланади, чунки бу минтақавий тинчлик ва барқарорлик манфаатларига тўғри келмайди», — дейилади баёнотда.
Қайси давлатлар назарда тутилганига аниқлик киритилмаган. Россия президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабулов журналистларни РФнинг Афғонистонда ҳарбий базалари ёки контингентларини жойлаштириш режаси йўқлигини таъкидлади. Аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп Баграм ҳаво базасини қайтариш нияти борлигини маълум қилганди.
Москва форматидаги йиғилишда илк бор Афғонистон делегацияси толиблар* ҳукумати Ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақий бошчилигида иўтирок этди. Анъанага кўра, иштирокчилар орасида Россия, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Тожикистон ва Ўзбекистон вакиллари бўлган. Залда меҳмон сифатида Беларусь делегацияси ҳам бор эди.
Учрашувни очар экан, Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Москва формати Афғонистон кун тартибини ҳал қилиш бўйича ёндашувларни мувофиқлаштирувчи асосий минтақавий платформа бўлиб қолаётганига урғу берди. Унинг таъкидлашича, Россия 2025 йил июлида Афғонистондаги амалдаги ҳокимиятни тан олиши давлатлараро ҳамкорликдаги чекловларга барҳам берган.
«Биз Кобулни жиддий ташқи босим ва нисбатан камтарона давлат бюджетига қарамай, террорчилик гуруҳлари, жумладан «Ислом давлати»*нинг афғон бўлимига қарши самарали кураша олганига тан берамиз. Афғонистон тупроғига ўлим ва вайронагарчилик олиб келган юзлаб жангарилар йўқ қилинди», — деди Лавров.
Амир Хон Муттақий, ўз навбатида, Россияга Ислом Амирлигини тан олгани учун миннатдорчилик билдириб, Афғонистон энди таҳдид манбаи эмас, балки минтақавий барқарорлик ва иқтисодий ўсиш бўйича ҳамкорга айланиб бораётганини айтиб ўтди. У айрим давлатлар номларини тилга олмай, эришилган муваффақиятларга эътибор бермай, Афғонистонни таҳдид сифатида кўрсатишда давом этаётганини таъкидлади.
«Биз бу ижобий ўзгаришларни янада фаолроқ қўллаб-қувватлаш ва ўтмишдаги хатолар такрорланишига йўл қўймаслик керак, деб ҳисоблаймиз. Минтақамиз яна ўтмишдаги нотўғри ҳисоб-китоблар ва нотўғри сиёсат туфайли юзага келган ишончсизлик қурбони бўлмаслиги керак», — деди Муттақий.
Қўшма баёнотда маслаҳатлашувлар иштирокчилари:
▪️ Афғонистондаги мавжуд инқироз учун масъул бўлган давлатларни унинг иқтисодий тикланиши бўйича ўз мажбуриятларини бажаришга чақирди.
▪️ Афғонистонни терроризм ва гиёҳванд моддалар савдосидан холи, мустақил, бирлашган ва тинч давлат сифатида қўллаб-қувватлашга содиқлигини яна бир бор тасдиқлашди.
▪️ Барчани Афғонистоннинг минтақавий иқтисодий ва транспорт тизимларига фаол интеграциялашувига чақирди.
▪️ Савдо-иқтисодий алоқаларни, сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, қашшоқликни бартараф этиш ва табиий офатлар оқибатларини бартараф этиш каби соҳаларни қўллаб-қувватлаш муҳимлиги таъкидланди. Афғонистоннинг барқарор ва мустақил ривожланишига кўмаклашиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Асосий мажлис доирасида Лавров ва Муттақий ўртасида икки томонлама учрашув бўлиб ўтди. Томонлар икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, иқтисодий ва минтақавий алоқаларни чуқурлаштириш истиқболларини муҳокама қилдилар.
Россия, Хитой, Эрон ва Покистон вакиллари ўртасида алоҳида тўрт томонлама учрашув бўлиб ўтди, унда иштирокчилар терроризмга қарши кураш ва Афғонистонда барқарорликни қўллаб-қувватлаш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатлар зарурлигини яна бир бор тасдиқладилар.
*Кўпгина мамлакатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган ташкилот.