«Қўрқув бўлмади — мавҳумлик юракни ғашларди»

Святослав Каверин бугунги Афғонистон ҳақида нималарни билмаслигимиз ва билишимиз керак бўлган нарсалар ҳақида
Святослав Кавериннинг шахсий архиви фотосурати

Яқинда россиялик олим Святослав Кавериннинг афғон контрразведкаси томонидан ҳибсга олингани нафақат Россия, балки халқаро оммавий ахборот воситалари диққатиин ўзига жалб қилганди. «Фарғона» Кавериндан батафсил интервью олишга муваффақ бўлди, у Ислом Амирлигининг нафақат сиёсий тузилиши, полицияси, разведка хизматлари ва жазони ижро этиш тизими ҳақида, балки у ерда яшаётган одамлар, уларнинг урф-одатлари ва бугунги кундалик ҳаёти ҳақида ҳам жуда қизиқарли нарсаларни гапириб берди.

Аввало, она юртингизга эсон-омон қайтганингиз билан табриклаймиз.

— Раҳмат.

Сиз Ислом Амирлиги ташкил топишидан аввал ҳам Афғонистонда илмий экспедицияларда бўлгансиз, 2023 йилдан буён эса ҳар йили у ерга бориб келасиз. Ростини айтсам, толиблар* халқаро ҳамжамият назарида мулойим қиёфага эга эмас. Сафарингиз давомида жиддий муаммоларга дуч келишингиз борасида хавотирлар туғилмаганмиди?

— Ўша вақтга келиб мамлакатдаги вазият, хусусан, уларнинг хизматлари чет элликлар, саёҳатчилар ва сайёҳларга қандай муносабатда бўлаётганлиги ҳақида жуда кўп маълумотларга эга эдик. Ва шуни айтишим керакки, вазият йилдан-йилга яхшиланарди. 2023 йили хорижий туристларни рўйхатга олиш икки компаниянинг учта офисида ўтказилди, 2024 йилда эса у битта компаниянинг иккита офисида амалга оширилди ва 2025 йили туристларни рўйхатга олиш учун битта хона етарли бўлди. Бошқача қилиб айтганда, процедуранинг ўзи соддалаштирилган ва тезлаштирилган бўлиб, бошқа жойга учраш заруриятини бартараф этарди. Шундай қилиб, расмиятчилик нуқтаи назаридан, ҳамма нарса яхши эди. Гарчи, реал ҳаётда баъзи тушунмовчилар бўлиб турган бўлсада.

Шундай қилиб, 2023 йили мен ва бир гуруҳ чет элликлар бир идорадан бошқасига йўл олдик. Биз таксига ўтирдик. Пашту (Афғонистоннинг расмий тили пушту – «Фарғона» изоҳи) тилида «саёҳат, туризм» маъносини англатувчи «гарзандуй» сўзини унутибман. Бунинг ўрнига мен ҳайдовчига халқаро «туризм» сўзини айтдим. Таъкидлаш жоиз, афғон ҳайдовчилари иловалар ёки хариталарни тушунмайдилар, йўлни билмасалар, шунчаки ўткинчилардан сўрайверишади. Шундай қилиб, бир чорраҳада ҳайдовчи деразага суяниб, бутун кўчага «Рийосатэ таруризм куджост?», яъни терроризм бўлими қаерда деб қичқиради. Саводсиз афғоннинг бу ёт сўзларни чалғитиб қўйиши ҳеч гап эмас, ҳаттоки баъзида полиция ходимлари ҳам уларни чалкаштириб юборади.

Масалан, Афғонистон ҳали республика бўлган пайтида, паспортларида «туризм визаси» сўзларини ходимлар «террорчилик визаси» деб ўқигани учун айрим юртдошларимиз полиция томонидан ҳибсга олинган. Афғонларнинг ўзлари бу ҳақда ҳазиллашиб, ҳатто армияга ҳам олишмаганларни полицияга олишади, дейишади.

Қўрқувга келсак, у йўқ эди — мавҳумлик ва умидсизлик юракни ғашларди. Тўғри, мен бу ерда аҳмоқона қарорлар ва ўзбошимчаликка қарши ўлароқ қонун етарли даражада ҳурмат қилинади, деб ўйлагандим.

Бироқ, бу галги сафаримнинг охирги кунида ҳибсга олинганимда айнан шундай нарса содир бўлди. Мен илгари Ислом Амирлиги режими билан ҳеч қандай муаммога дуч келмагандим. Мен ҳамон бунга объектив ва холисона қарайман ва менинг ҳибсга олинишимни узоқни кўра билмайдиган зобитларнинг хатти-ҳаракатлари билан боғлайман, улар афтидан, мен баҳона хавфли контрабандачи ва айғоқчини ҳибсга олишга қарор қилганлар.

Аслида, бу биринчи бундай ҳолат эмас эди, шунга ўхшаш воқеалар қўшни ҳудудларда ҳам содир бўлмоқда. Масалан, бир неча йил аввал америкалик тадқиқотчи Исмоил Слоан Покистон разведкаси томонидан вақтинча ҳибсга олинган эди. У Шимолий Покистоннинг туб аҳолиси бўлган тоғли халқлардан бир неча ўнлаб ДНК намуналарини олиб юрган ва таҳлил қилиш учун ўз ҳисобидан Американинг тижорат лабораторияларига юбормоқчи бўлган. Қизиғи шундаки, Слоан 1970-йилларнинг ўрталарида, Кобулда яшаб, исломни қабул қилган. Режим ўзгаргандан сўнг у бир муддат Афғонистон қамоқхонасида ўтирган, шундан сўнг Покистоннинг Читрал вилоятига кўчиб ўтган ва ўз фаолиятини АҚШда давом эттирган. Бироқ, кўриб турганимиздек, бу уни расмийларнинг айбловларидан қутқара олмаган.

Афғонистонга хизмат сафари билан борганмисиз ёки ўз ташаббусингиз биланми?

— Ҳозирда мен ҳеч қандай давлат илмий муассасасида ишламайман, гарчи Еревандаги Россия-Арман (славян) университети Шарқшунослик институтида доцент илмий ходим бўлсамда. Хуллас, тадқиқотимни асосан ўз маблағим ҳисобидан қилдим. Тўғри, 2021 йилдан 2023 йилгача Палеотнология тадқиқотлар маркази ходими эдим. У ерда менга маош тўлашарди — рус илмий меъёрларига кўра ёмон эмас, лекин барибир унчалик кўп эмас. Ва, масалан, 2024-2025 йилларда мен нашриётдаги ишим эвазига тирикчилик қилиб, иштиёқ билан чексиз конференция ҳисоботларини ёзардим ва фақат сафарга пул сарфлардим. Мисол учун, Амирликка қилган уч сафаримнинг ҳар бири менга 250 000 рублга тушган ва бу сафар қамоқхонадан тушган жами зарар, йўқолган иш ҳақи ва ўғирланган нарсалар билан бирга, қўшимча 250 000, жами ярим миллионни ташкил этади.

Ҳа, бу кунларда илм-фан олимларига осон эмас...

—Мен энди бошқа Афғонистонга ўз ҳисобимдан саёҳат қилмайман. Мен энди хусусий шахс, компания, ташкилот, балки Афғонистон ҳукумати ёки унинг тузилмаларидан бирининг таклифи билан бораман. Лекин туристик виза билан эмас, балки иш ёки меҳмон визаси билан. Чунки бу менга айрим аҳмоқларнинг ўзбошимчалик ҳаракатларидан ҳимояланиш учун расмий кафолатлар беради. Россия Федерацияси ҳукумати томонидан истисно тариқасида Амирлик режимининг тан олиниши, Россия фуқаролари учун ҳеч қандай имтиёз ёки ҳимояни таъминламайди — бу исботланган.

Мен бошқа бундай вазиятларга тушишни хоҳламайман. Аммо айни пайтда Афғонистон халқаро агентликлари эълон қилаётганидек, мен Афғонистонга саёҳат қилишдан бутунлай воз кечмайман. Мен бу ҳақда расмий баёнот беришимга тўғри келар, балки Facebookдаги (РФда экстремистик деб тан олинган ва тақиқланган Meta корпорациясига тегишли тармоқ) саҳифамда. Яна бир бор таъкидламоқчиманки, мен Амирлик режимига қарши эмасман, холис инсон бўлиб қоламан. Ҳеч бўлмаганда унинг салбий ва ижобий томонларини баҳолашда.

Ижобий томонлари борми?

— Албатта. Масалан, менинг қамоқ шароитим жуда инсонпарварлик ва юмшоқ шароитда эди. Кўпинча ёлғон айбловлар билан бу ерга тушган одамлар, судя уларни айблардан оқламагунча ёки қамоқ жазосига ҳукм қилмагунча озод этилмайди. Бошқача айтганда, судгача ҳеч ким одамни озод қила олмайди. Агар ҳукм инсонни айбдор деб топса, Ташқи ишлар вазири маҳкумни махсус фармон билан озод қилиши мумкин — бу мамлакатлар ўртасидаги яхши муносабатларни ривожлантириш учун. Суд томонидан оқланганим сабабли, менинг ишим бўйича ҳеч қандай юқори орган талаб қилинмади — ҳеч бўлмаганда тергов расман мустақил ва объектив деб эълон қилинади.

Афғонистон қамоқхонасидаги шароитга келсак, улар ҳозир тергов изоляторларидан ҳам яхшироқ. Бу ерда одамлар ўз кийимларини кияди, қамоқхона овқатларидан норози бўлса, ўзи учун овқат пишириши, хоҳлаган китобини ўқиши, қалам, дафтар – ҳибсхонада тақиқланган ҳамма нарса бор. Маҳкумлар оилалари билан бир неча соат алоҳида чодирда вақт ўтказишлари мумкин.

Афғонистонда жами 52 кун ҳибсда бўлдингиз. Сиз у ерда танишган хитойлик одам 20 кунга яқин ушлаб турилган. Консуллик хизматларимиз бу борада Хитойдан ортда қолмоқда дейиш тўғрими?

— Арифметика жиҳатдан, 20 сони албатта 52 дан аниқ кам. Бироқ, хитойлик бир марта хавфсизлик кучларини суратга олган, мен эса узоқ вақт давомида тоғларда изғиб юрганман. Уни таржимон билан сўроқ қилишди, мен ўзим терговчилар билан жами 30 соатдан ортиқ дари тилида гаплашдим. Лекин Россия дипломатик хизматлари менинг ҳуқуқларимни ҳимоя қилиш ва озодликка чиқишимни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмасман. Шунинг учун мен тўғри хулоса чиқара олмайман.

Маълумки, онангиз бир вақтнинг ўзида бир нечта идораларга: Ташқи ишлар вазирлигига, Афғонистон элчихонасига, ҳатто Татаристон раҳбари Рустам Миннихоновга мурожаат қилган. Сизни ҳимоя қилиб нафақат рус олимларитилшунослар ва антропологлар чиқиш қилишди, балки бошқалар ҳам. Озод бўлишингизга нима катта таъсир қилгани ҳақида бирон бир назария борми?

— Ичкаридан мен терговга ташқи таъсирни сезмадим. Тергов чет элликлар билан ишлаш бўлимида бошланган, кейин контрразведкага ўтди ва сўнг тўғридан-тўғри тергов изоляторида кечди. Ўша изолятордаги терговчиларни яна бир бор кўришни истардим, чунки улар мен билан одамийлик мезонида муносабатда бўлган ёқимли инсонлар эди, суҳбатларимиз кўпроқ интервьюга ўхшарди ва бу менга қизиқ эди. Дастлабки иккита идорада тергов ишлари баъзан... безовта қиларди. У ерда ҳисобот дари тилида эмас, пушту тилида ёзилди ва улар ёзиб олинган баёнотларни тасдиқлаш учун овоз чиқариб ўқишмади. Яъни, терговчи хоҳлаган нарсасини ёзиши мумкин эди ва протоколдаги хато ва камчиликлар кейинчалик фош этилди. Масалан, тоғли ҳудудлардаги жосуслик ҳаракатларим ҳақидаги фотосуратларим ва видеоларимдан ҳисоботлар тўплаб, Россиянинг Кобулдаги элчихонасига тақдим этганим ҳақида ёзилган. Лекин мен ташлаб қўйилган YouTube каналим учун бирорта ҳам видеони таҳрирламаганман ва Элчихонада менинг битта файлим йўқ, агар кимдир Телеграм каналимдан бирор нарса сақламаган бўлса.

Ҳибсга олинганимнинг 30-кунида мен Давлат хавфсизлиги халқаро алоқалар бўлимида Россия элчихонасининг консуллик бўлими ходимлари билан учрашдим. Консуллик бўлими, шубҳасиз, менга катта маънавий ёрдам далда берди. Тўққиз кундан кейин менинг судим бўлиб ўтди. Бутун процедура фақат бир соат давом этди. Ҳатто судя ҳам менинг ишим жуда тез кўриб чиқилганини ва бу ҳақда матбуотга хабар беришим кераклигини таъкидлади. Шундай қилиб, мана мен буни, хусусан, сизга хабар қиляпман.

Адвокатингиз бормиди?

— Йўқ. Бундай ҳолларда адвокат тақдим этилмайди. «Вакил» деган сўз бор, бу сўз турли контекстларда, масалан, парламент аъзоси, депутат, қонуний вакил ва адвокатга тегишли бўлиши мумкин. Аммо вакил олиш учун ташқаридан кимдир бориб ёллаши керак. Бироқ, бундай ҳолатларда автоматик тарзда давлат ёки хусусий адвокатини ёллаш кўзда тутилмаган.

Ҳибсга олинганда ҳуқуқлар ўқилмайди ва одам, айниқса чет эллик, кўпинча ўз ҳуқуқлари ҳақида ҳеч қандай тасаввурга эга бўлмайди. Масалан, Ислом Амирлиги Олий Раҳбари фармонига кўра, тергов вақтида калтаклаш, қамоқда ўтирган шахс қаршилик кўрсатмаса, зўравонлик ҳам тақиқланган. Мен буни дарҳол билиб олганим йўқ. Бироқ, тан олишим керакки, улар мени кўкаришлар қолдирмаслик учун жуда қаттиқ эмас, юмшоқроқ уришди. Кейинчалик, худди шу Амирлик хавфсизлик хизмати ходимлари менинг камерамга тушиб қолди, улар сўроқ пайтида гумондорга шапалоқ қўйгани учун ҳибсга олинган. Гумонланувчи қўйиб юборилгач, у зўравонликка дучор бўлганлиги ҳақида ариза ёзган. Масъул терговчи ҳам адлия тизими машинаси домига ташланди — келинг, буни шундай дейлик. Шундай қилиб, ушбу қоидаларни бузган тизим ходими ўз объектининг деворлари ичида камида бир ой ўтказади. Демак, мен айтганимдек, Ислом Амирлиги тизими Россия ёки цивилизацияли деб аталмиш мамлакатлардаги одамлар учун кўп ижобий, конструктив ва ҳатто ҳайратланарли нарсаларни таклиф қилади.

— Бу жуда қизиқ, чунки ҳамма толиблар режимининг салбий томонларини билишади, лекин яхши томонларини билмайди. Уларда биз билмайдиган нималар бор?

— Аввало шуни айтаманки, Афғонистондаги ҳозирги ҳукмрон режим билан барча даражаларда ишлаш керак. Масалан, бу менинг мисолимда қандай амалга оширилади?

Икки йил аввал биринчи сафарим давомида Кунар вилоятининг туризм раҳбари ҳамроҳлигида бир қанча қишлоқларда бўлдим. Менинг ҳаракатларим унга шубҳали туюлмади, мен берган саволларим, айтган ҳикояларим, тўплаган маълумотларим ёки олган фотосуратларим бўйича ҳеч қандай шикоят олмадим. Кейинчалик туризм раҳбари ва унинг ҳамкасби маданият бошлиғи мен билан ҳамкорлик қилишда давом этишди ва ҳатто баъзи вазиятларда менга ёрдам ҳам беришди.

Масалан, бу йил Кунар вилояти маркази Асадобод шаҳридаги полиция пости яқинидаги мусулмонлар қабристонини суратга олдим. Мени қизиқтирган нарса шундан иборат эдики, қабрларнинг баъзилари яқин атрофдаги тепаликда жойлашган, ёши 1000 дан ортиқ бўлган ҳинд ибодатхонасининг оҳактош блоклари ёрдамида қурилган. Афсуски, ер участкаси эгаси ундан ер олиб қўйилишидан қўрқиб, ҳеч кимга, жумладан, ҳукумат вакилларига ҳам ташриф буюришга рухсат бермайди.

Суратларимга қизиқиб қолган полиция ходимлари эҳтиёткорлик билан мени ҳибсга олишди ва ҳатто инглиз тилида сўзлашувчи зобитни ҳам олиб келишди. Мен айтиб ўтган раҳбарлар телефон орқали полиция ходимларига уларнинг бўлмидан олинган стандарт рухсатнома билан маданий мерос объектларини, жумладан қабристонларни суратга олишга тўлиқ ҳаққим борлигини тушунтиришди.

Дарвоқе, бу бошлиқлар энди мендан йўқолиб кетиш хавфи остида турган бир қанча маҳаллий тиллар луғатларини тузишимни кутишмоқда. Мен улар билан масофадан ҳам, Афғонистонга бўлажак сафарларим чоғида ҳам ҳамкорлик қилишни давом эттиришга умид қиламан.

Ислом Амирлигининг ижобий томонлари орасида энг дарҳол эътироф этиладиган нарса унинг прогрессив солиқ тизимидир. Камбағаллар умуман солиқ тўламайдилар, бойлар эса юқорироқ солиқ тўлайдилар. Қуйи ўрта синф ва кичик бизнес ҳам солиқлардан озод қилинган. Ва бу ҳукуматнинг ўзи, юмшоқ қилиб айтганда, унчалик ривожланмаётганига қарамай. Республика даврида, толиблар мамлакатда сояда, деярли тунги ҳокимият бўлиб қолганда, йўл полицияси юк ташувчиларни қайта-қайта товламачилик ва пора билан таъқиб қилган. Толиблар эса бир марта бож олишган, квитанция берганлар ва уларнинг тармоғида бошқа ҳеч ким иккинчи марта тўлов талаб қилишга ҳақли эмасди.

Дарҳақиқат, мен бир қатор мақолаларимни бугунги Афғонистон ҳаётининг қизиқарли жиҳатларига бағишлашни режалаштирганман. Масалан, мен ҳозирги режимда ишлаган, лекин ёлғон айблов билан қамалган (кўплаб тинч аҳоли ва давлат хизматчилари туҳмат билан қамалган) собиқ Афғонистон давлат разведка бошқармаси зобити билан камерада гаплашдим. У менга БМТ агентликлари Ислом Амирлигидаги ҳар бир маҳбусни сақлаш учун кунига 55 доллар ажратишини айтди. Далилларга қараганда, бу сумманинг ярмидан кўпи маҳкумнинг ўзига сарфланмайди. Бу шуни англатадики, бундай тўловлар давлатнинг ҳам, ундан фойда кўрадиганларнинг ҳам манфаатларига мос келади. Афғонистонда коррупция даражаси республика даврига нисбатан сезиларли даражада пасайган бўлса-да, мен унинг даражасини аниқ баҳолай олмайман. Қизиғи шундаки, мени аэропортгача меҳрибонлик билан кузатиб қўйган амалдорлар (барча собиқ жангарилар ва мужоҳидлар) БМТ томонидан бундай маблағ ажратилишини қатъиян рад этишди. Ғарб бизга ҳеч нарса тўламайди, дедилар. Шунинг учун мен ўз сўзларим ва бошқалар кўрсатмаларини расмий ҳужжатлар ва турли масалалар бўйича турли фикрларга эга томонларнинг кўрсатмалари билан асослашим керак.

Дала тадқиқотларида сиз тилшунос, этнограф, фольклоршунос, фотограф ва бошқа кўплаб соҳа вакили сифатида ишлашингиз кераклигини ҳисобга олсак, бу сафар нималар топиб, нималарга эришганингизни билиш қизиқ бўларди.

—Тилшуносликка келсак, мен баъзи тоғли тиллар, маҳаллий ва кичик тиллар мақомини аниқладим. Улар қанчалар тирик, қаерда ишлатилади, қандай муҳитда, қайси авлод гапиради, шулар борасида. Мен буни тўртта вилоятда ўргандим ва шаҳарларда шу вилоятлардан келган одамлар билан ҳам шу борада ишладим. Афғонистонда 1978 йилдан бери (яъни, апрель инқилобидан кейин – «Фарғона» изоҳи) озчиликлар тилларида сўзлашадиган ҳудудларда дала тадқиқотлари деярли йўқ бўлганлиги сабабли, бу тилларнинг мақоми узоқ вақт ноаниқ бўлиб қолган ёки улар ҳақидаги маълумотлар эскирган. Маълум бўлишича, вотапури тили деярли йўқ бўлиб кетган, фақат бир нечта сўзлашувчилар қолган — кекса одамлар. Характерли жиҳати шундаки, маълум бир она тилида сўзлашувчилар сонини аниқлашда маҳаллий аҳоли деярли ҳеч қачон аёлларни ўз ичига олмайди. Яъни, айтайлик, етти нафар сўзловчи қолган, дейишса, бунга аёллар киритилмаган бўлади. Бироқ, тил учун аёлларнинг малакаси кўп ҳолларда ҳал қилувчи аҳамиятга эга, чунки болаларни тарбиялайдиган ва уларга тил ўргатадиган аёллардир. Рус тилида биз уни «қадрдон» десак, инглиз ва форс тилларида «она тили» деб аталади.

Нуристоннинг земиаки тили тақдирида бу жиҳат ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлди. Эллик йил олдин бу тил тирик ва соғлом эди, аммо ҳозир у тезда йўқ бўлиб кетмоқда, чунки Земиаки қишлоғидаги (асли Жамлам) келинларнинг катта қисми атрофдаги пуштун жамоасидан, Сафи қабиласидан. Уларнинг ҳаммаси ҳам аралаш никоҳларнинг авлодлари эмас, лекин ёшларнинг ҳеч бири энди ўз она тили нуристонча гапирмайди. Земиаки қишлоғида 500 га яқин аҳоли истиқомат қилади, улардан атиги 30 нафари нуристоний тилида сўзлашади, ёши 40 ва гўёки 110 гача. Ҳатто кекса авлод вакиллари ҳам пушту тилининг кунар лаҳжасида гаплашишни афзал кўришади.

Чунки уларни оналари тарбиялаган, шундайми?

— Албатта. Қўшни водийда жойлашган Глангали дард тили бироз яхшироқ сақланиб қолган. 2000 нафар аҳолининг 150 га яқини, жумладан, икки ёки уч оила фарзандлари бу тилда гаплашади. Бунинг сабаби шундаки, уларнинг уйлари қишлоқнинг асосий йўлидан узоқда жойлашган бўлиб, улар пушту тилида сўзлашувчи болалар билан эмас, балки ўзаро кўпроқ ўйнашади.

Бошқа барча нуристон тиллари омон қолиш нуқтаи назаридан жуда яхши ишламоқда. Бироқ, уларнинг софлиги ташвиш уйғотади, чунки улар арабча сўзлар ва пушту ва форс тилларидан тўлиб тошган. Бу маҳаллий тилларнинг барчаси Марказий ва Жанубий Осиёнинг Панжширдан Кашмиргача бўлган кенг чегарасида бутпарастлик даврининг қолдиқларидир.

Катта дард тили бўлмиш Пашай, аслида уч ёки тўртта алоҳида тил ёки жуда фарқли лаҳжалар ҳам жуда яхши сақланиб қолган. Ҳатто Пашай қишлоқларидаги пуштун муҳожирлари ҳам ҳозир маҳаллий тилни ўрганишмоқда. Худди шундай ҳолат, масалан, Кунар вилоятининг Нурғал туманидаги Дара-и-Мозор водийсидаги энг баланд қишлоқ — Шумашти қишлоғида ҳам кузатилмоқда. Бу ерларда ислом динини тарғиб қилаётган сафийлар тоғли қишлоқдан ташқари бутун водийни эгаллаб олишган. Бироқ, охир-оқибат тоғли қишлоқда абориген аҳоли тўпланганки, улар маданий ва лингвистик жиҳатдан ташқи босимга ён бермаганлар ва ҳатто четдагиларга таъсир ўтказа олганлар. Лекин ҳозир у ерда ҳамма мусулмон. 2010 йилларнинг иккинчи ярмида у ерда «ИШИД-Хуросон»*нинг уяси бўлган; ҳаёт жуда қўрқинчли бўган, аёлларни қаттиқ муомалада бўлишган.

Афсуски, айнан шу ҳудуд яқинда юз берган зилзиладан энг кўп зарар кўрган ва минглаб одамлар ҳалок бўлган.

Сўнгги қадимий қишлоқ архитектурасини сақлаб қолиш ҳам катта ташвиш уйғотади. Мени сўроқ қилган контрразведка бошлиқларидан бири «Фарханг гум меша — бонэш», деди. Бу шуни англатадики, «Маданият йўқолади – уни шундайлигича қолдир». Бошқача қилиб айтганда, аралашма, йўқолса -йўқолсин. Тоғлилар ўзлари ўқишсин, сен эса ўз Россияда ўтир, бизни безовта қилма. Бу илм-фан ва маданиятнинг ҳаммаси одамларга фойдасиз, ҳаётда эса фақат битта муҳим китоб кифоя қилади.

Ва бу нимани англатади? Бу давлатнинг муносабатими?

— Шубҳасиз, ҳа. Бу давлатнинг кичик ва маҳаллий маданиятларга муносабати. Майлига, улар ассимиляция бўлсин. Менимча, улар ўзларининг пуштун маданиятини унчалик қадрламайдилар.

Демак, ҳибсга олинишингизга мафкуравий асос бўлгандир? Бизнинг маданиятимизга аралашманг, буни ўзимиз ҳал қиламиз.

—Хўш, бу фаолиятимни тушунишнинг бир томонига ўхшайди. Муаммо шундаки, чегара ҳудудларида ноқонуний қуролли элементлар тўпланган ва уларнинг сони бўйича ҳисоб-китоблар турлича. Мени бундай жиноий гуруҳлар ҳақида маълумот тўплаганликда айблашди. Албатта, Россия махсус хизматлари молиялаштирилиши ҳисобига.

Терговчининг нега мен Россияда ишламаслигим керак деган саволига қайтадиган бўлсам, ҳозирда Афғонистоннинг ўзида бир нечта кекса одамлар Афғонистоннинг тоғли халқлари маданияти билан ишламоқда, деб жавоб бера оламан. Улар ё нафақада, ё маҳаллий Фанлар академиясида, у ерда фақат чой ичиб, мудраб ўтиришади, ойига 100 доллардан ортиқ маош олишади. Ёш авлод эса маданий ва илмий ишларга деярли жалб этилмайди. Собиқ маданият ва тил фаоллари Европа ва Шимолий Америкага жўнаб кетишди, уларда ҳозир вақтлари йўқ, кундалик ҳаёт билан банд. Шундай қилиб, ҳозирда Россия ва Европадан келган ўнга яқин ёшлар минтақадаги озчилик халқларининг тиллари, тарихи ва маданияти бўйича фаол ишлашмоқда. Орамизда ҳатто америкалик ҳам йўқ. Илгари у ерда ишлаган Ғарб давлатларининг бир қанча етакчи шахслари ҳали ҳам тирик. Бироқ, фақат мен Афғонистон шарқида академик форматда дала тадқиқотларида иштирок этаётган ягона инсонман.

Шуни қўшимча қилмоқчиманки, шу йилнинг март ойида мен Россия география жамиятида Шарқий Ҳиндукушнинг маҳаллий халқлари ҳақида кенг қамровли маъруза ўқидим.

Сизнингча, Амирлик қошида озчилик тиллари учун истиқболлар борми?

— Ҳозирги режим озчиликларнинг — ҳеч бўлмаганда аввалроқ «рўйхатга олинган» ва республика конституциясида қайд этилган тилларни сақлаш ва ривожлантиришга маълум даражада ёрдам беради. Буларга пуштунлар, тожиклар, ҳазоралар, аймаклар, ўзбеклар, туркманлар, пошоийлар, нуристонийлар, балужлар, гужарлар, садатлар ва бошқалар киради. Республикада ҳали ҳам озчилик тилларида иккита журнал нашр этилмоқда. Булар «Ватандорон» («Ватандошлар»)нинг нуристоний, пошоий, ўзбек, туркман, балучи, гужарий тилларида ҳамда «Ҳамватан» («Ватандош») нинг олтита вариантидир. Иккинчисининг ҳар бир сонида ўн бир тилда, жумладан иккита расмий тилда (дарий ва пушту) ва тўққизта озчилик тилидаги нашрлар мавжуд. Ушбу журналларни нашр этиш 2021 йили тўхтатилган, аммо кейинчалик янги форматда қайта тикланган. Бундан ташқари, миллий радио ва телевидение хизмати юқорида қайд этилган олтита озчилик тилларида эшиттиришларини давом эттирмоқда.

Яна бир бор таъкидлаб ўтмоқчиманки, биз ҳозирги режимни ёмон отлиққа чиқармаслигимиз керак. Бироқ, Афғонистоннинг маданий хилма-хиллигини сақлаб қолиш бўйича қатъий ҳаракатлар ҳозирча кузатилмаяпти.

Дарвоқе, у ердаги терговчилар қанча ва қандай китоблар сотиб олганимни кўриб, буларнинг барчаси менга нега кераклиги ҳақида ҳайрон бўлиб сўрашди. Тўплам ҳақиқатан ҳам ранг-баранг эди: мактаб ва университет дарсликлари, тиллар, тарих, фан, маданиятга оид китоблар ва луғатлар. Улар нима учун буларнинг барчаси бир кишига, ҳатто уларнинг дўстлари ёки талабаларига фойдали бўлиши мумкинлигини тушуна олмадилар. Ахир, фақат битта китоб бўлиши керак, у ҳам бўлса — Қуръони Карим. Унинг Покистон ва Эронда чоп этилган нусхалари барча камераларда бор эди.

Бу гал Афғонистонда яна қандай қизиқарли нарсаларни кашф қилдингиз?

— Халқ оғзаки ижодида бир қанча «янги» мавзулар мавжудлигига ойдинлик кирита олдик. Мисол учун, қор одами ёки ёввойи одам ҳақидаги ҳикоялар Нуристонда яхши маълум, аммо ўликларнинг тирилиши ҳақидаги ҳикоялар номаълум. Мен нафақат архитектура, балки маҳаллий флора ва фауна билан боғлиқ кўплаб фотосуратлар олдим — бу мавзуда россиялик биологлар билан ҳамкорлик қиламан.

Бундан ташқари, мен тадқиқотимда умумлаштирилган фотопортрет усулидан фойдаландим. Менинг ҳамкасбим Юрий Алексеев жорий йил июль ойида бўлиб ўтган Россия антропологлари ва этнологлари конгрессида менинг дала тадқиқотларим асосида илғор маъруза билан чиқди. Бу усул бизга турли популяция гуруҳларининг фенотипик хусусиятларини ўрганиш ва солиштириш имконини беради, бу уларнинг кимлигини ва қаердан келганлигини тахмин қилиш имконини беради. Бошқача қилиб айтганда, биз аҳолининг алоҳида аъзолари фотосуратларини эмас, балки ўртача қийматни солиштирамиз. Бу бизга стандарт мезонлар рўйхати асосида аҳолининг умумлаштирилган хусусиятларини ишлаб чиқиш имконини беради. Хусусан, бу усул кўпинча бошқа нуристонликлар томонидан четлатилган марказий Парун водийси аҳолиси Нуристонга бегона эмаслигини кўрсатади.

Ўйлайманки, шарқий Ҳиндукуш тоғлари генофонди бўйича ДНК тадқиқотлари буларнинг барчасини ниҳоят тасдиқлашга ва барчасини саралашга ёрдам беради. Лекин бу узоқ вақтни олиши мумкин. Аниқ хулосалар чиқариш учун Афғонистон раҳбарияти ва маъмуриятининг академик тадқиқотчиларга ҳеч ким тўсқинлик қилмаслиги ёки уларни контрабанда, жосуслик ва бошқа ҳар хил гуноҳларда айбламаслиги учун зарур пойдевор ва иродани ишлаб чиқишини кутишга тўғри келади. Афсуски, аксарият мамлакатлар олимлари ўз мамлакатларида ҳам шундай тушунмовчилик ва муаммоларга дуч келишмоқда.

*Кўпгина мамлакатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган ташкилот.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ