Ислом цивилизацияси маркази музейи учун Улуғбек осмон глобусининг нусхаси яратилади

Улуғбек глобуси. ИЦМ матбуот хизмати фотосурати

Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази музейида асл нусхаси Британия музейида сақланаётган Мирзо Улуғбек глобусининг аниқ нусхаси пайдо бўлади. Бу ҳақда ИЦМ матбуот хизмати хабар берди.

Глобус мисдан ясалган. Унда 60 га яқин юлдузларнинг координаталари кўрсатилган ва юлдуз туркумлари эклиптика бўйлаб жойлашган. Осмон жисмлари ва юлдуз туркумлари номлари ўша даврга хос куфий ёзувида битилган. Жанубий яримшардаги ёзувга кўра, глобус ҳижрий 844 (милодий 1430/31) йили машҳур уста Муҳаммад ибн Жаъфар ибн Умар ал-Устурлобий томонидан яратилган.

Артефакт нафақат санъат асари, балки амалий ўқув қўлланмаси ҳам бўлган. Улуғбек расадхонасида талабалар юлдузлар ва юлдуз туркумлари ҳаракатини, фазо қонунларини ана шундай астрономик асбоблар ёрдамида ўрганганлар.

Глобус нусхаси хорижлик мутахассислар томонидан тайёрланади ва ИЦМ музейининг «Иккинчи Ренессанс» залида намойиш этилади.

ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан маърифий исломни эзгулик, тинчлик ва бағрикенглик дини сифатида тарғиб қилиш ғояси контекстида амалга оширилаётган лойиҳадир. Ташкилот биносида бешта тематик залдан иборат ноёб музей жойлашган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Толибларга қарши мухолифат етакчилари мамлакат келажаги борасида турлича фикр билдирди

  • Машҳур санъаткорнинг Жапаров олдида ўзини қандай тутгани Қирғизистонда ҳокимиятга сиғиниш ва сиёсий ўзгаришлар ҳақидаги баҳсларга сабаб бўлди

  • Марказий Осиёдан мингдан ортиқ спортчи Японияда бўлиб ўтадиган Осиё ўйинларида иштирок этади

  • Муҳим минераллар, сунъий интеллект — «Марказий Осиё — Корея» форматидаги учрашувда яна нималар муҳокама қилинди?