Британия ҳукумати Афғонистондаги ҳарбий кампания давомида Буюк Британия билан ҳамкорлик қилган 18 700 нафар афғон ҳаётини хавф остига қўядиган мамлакат тарихидаги энг йирик шахсий маълумотларнинг четга сизиб чиққанини тан олди, деб ёзади Mirror.
15 июль, сешанба куни Британия Мудофаа вазири Жон Хили (John Healey) Жамоатлар палатасида нутқ сўзлаб, ҳаёти хавф остида қолган барча афғонлардан «самимий узр» сўради ва маълумотлар сизиб чиқишини ваколатли каналлардан ташқарида электрон маълумотларни жўнатиш билан боғлиқ «жиддий идоравий хато» деб атади.
Вазирнинг таъкидлашича, хато «аввалги раҳбарият даврида содир бўлган». Маълумотлар сизиб чиққани ҳақидаги фактлар Лондон Олий суди унинг ошкор этилишига тўсқинлик қилувчи аввалги суд қарорини бекор қилганидан сўнггина оммага ошкор бўлган.
Сизиб чиқиш 2022 йили содир бўлган, ўшанда Мудофаа вазирлиги ходими рухсат этилмаган каналлар орқали релокацияга даъвогар одамлар – исмлар, контактлар ва бошқа махфий маълумотларни ўз ичига олган электрон жадвални нотўғри юборганида содир бўлган. Бу маълумотлар Буюк Британия ҳарбийлари ва гуманитар тузилмалар, жумладан, собиқ таржимонлар, фуқаролик миссияси ходимлари ва уларнинг оилалари билан бевосита алоқаси бўлган афғонларга тегишли бўлган. Маълумотларнинг ошкор этилишига сабабчи бўлган амалдор энди аввалги лавозимини эгалламайди, балки вазирликда ишлашда давом этмоқда. Мудофаа вазирлиги унга нисбатан интизомий жазо қўллангани ёки электрон жадвалда номи тилга олинган афғонлардан бирортаси маълумотлар сизиб чиқиши натижасида жабрланганми ёки йўқми, бу ҳақда изоҳ беришдан бош тортган.
Маълумотларнинг четга сизиб чиққани фақат бир йил ўтгач, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири Афғонистоннинг «минглаб» шахсий файлларини олганини ва электрон жадвал қисмларини эълон қилганидан сўнг ошкор бўлган. Бу шошилинч равишда хавфни баҳолаш ва яширин эвакуация операциясини амалга оширишни талаб қилган. Лондондагилар Британиянинг афғон ҳамкорлари «бевосита ўлим хавфи остида» қолганидан хавотирда бўлишган. Мудофаа вазирлигидаги манбалардан бири сизиб чиқишни даҳшатли хато деб атайди. Унинг таъкидлашича, бу одамлар Афғонистонда Британияга содиқлигини исботлаган ва улар ҳимояга лойиқдирлар. Уларнинг Британия принципларига содиқлиги равшан, шунинг учун уларга қарши ҳар қандай ноҳақ айбловларни мутлақо қабул қилиб бўлмайди.
2024 йил баҳорида Британия расмийлари шахсий маълумотлари четга сизиб чиққан, лекин илгари бошқа дастурлар мезонларига жавоб бермаган афғонларни кўчириш учун махфий Afghan Relocation Route (ARR) дастурини яратишади.
Операция қиймати 400 миллион фунт стерлингдан ошиқ бўлиб, умумий харажатлар 850 миллионга етиши мумкин бўлган. Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, 4500 га яқин одам – афғонлар ва уларнинг оила аъзолари минтақадан ноқонуний равишда хавфсиз жойларга олиб чиқилган. Яна 2400 киши кўчишни кутмоқда. Қолган 18 700 афғоннинг бошқа кўчириш схемаси бўйича Афғонистонни аллақачон тарк этгани тахмин қилинади.
Тасдиқланган 6900 нафар аризачининг 900 нафари Британия ҳарбийлари билан бевосита алоқадор бўлган ходимлар, қолганлари эса уларнинг яқин қариндошлари бўлган. Уларнинг барчаси қаттиқ текширувдан ўтади ва белгиланган жойга етиб боргандан сўнг тўққиз ойгача вақтинчалик турар жой билан таъминланади. Улар бошпана изловчилар ҳисобланмайди, чунки улар мамлакатга «қонуний ва хавфсиз йўл» орқали етиб келишган.
Сизиб чиққан маълумотлар тафсилотлари Олий суд деярли икки йил давом этган маълумотларни ошкор қилиш тақиқини бекор қилгандан кейингина маълум бўлган. Судя Чемберлен ўз қарорини тақиқ сўз эркинлигига таҳдид бўлгани ва демократик жамиятни очиқ жавобгарлик механизмларидан маҳрум қилгани билан изоҳлайди.
«Бу мен «назорат бўшлиғи» деб атайдиган нарсага олиб келди. Бундай даражадаги махфийлик жамоатчилик ишончига путур етказиши мумкин», — дейди судя.
Консерваторлар партияга мансуб собиқ Мудофаа вазири сэр Бен Уоллес маълумотлар сизиб чиққанига оид фактлар ошкор этилишига қарши тақиқ жорий этганидан афсусда эмаслигини айтган. The Telegraph учун колонкада нохуш воқеани билгач, «хавф остида қолиши мумкин бўлган барча одамларни ҳимоя қилиш биринчи навбатдаги вазифа», деб билганини ёзади.
«Маълумотларни тақиқлаш учун судга мурожаат қилганим учун узр сўрамайман. Бу баъзилар ўйлаганидек ҳақиқатни яширишга уриниш эмас эди. Агар ўшанда маълуотлар сизиб чиққани оммага ошкор бўлганида, шундай рўйхат мавжудлигининг ўзи одамларни ўлимга тенг хатарга солган бўларди. «Толибон» буни билиб қолганини бир тасаввур қилиб кўринг…Оқибати жуда даҳшатли бўларди», — деб ёзган Уоллес.
2021 йили Кобулда эвакуация қилиш ишлари бошланганидан бери Буюк Британия турли дастурлар доирасида 36 мингдан ортиқ афғонни бошқа жойларга кўчирган.