Сўнгги бир неча йил бутун дунёда инсон ҳаётининг турли соҳаларида юз бераётган чинакам тектоник силжишлар билан тавсифланади. Лекин энг катта таъсир, турган гап, сиёсий ўзгаришлар томонидан амалга оширилади. Ана шундай воқеалардан бири Россиянинг толиблар давлати – Афғонистон Ислом Амирлигини тан олиши бўлди. Очиғи, бу қарор бошқа давлатлар, биринчи навбатда, Марказий Осиё давлатлари позициясига жиддий таъсир кўрсатади.
Империялар мозори
Шундай қилиб, Россия толиблар қонунийлигини расман тан олган дунёдаги биринчи давлатга бўлди. Россиянинг Кобулдаги элчиси Дмитрий Жирнов бу қарорни тарихий қадам деб баҳолади.
Беихтиёр Булгаков ва унинг «Уста ва Маргарита» асари ёдга тушади, яъни Берлиоз Воланддан: «Сиз тарихчимисиз?» деб сўраган пайтни эсламасликнинг иложи йўқ.
— Мен тарихчиман», — дейди зулмат шаҳзодаси. Ва қўшимча қилади: — Бугун кечқурун Патриарший кўлида қизиқарли воқеа юз беради!»
Толиблар амирлигининг ҳозирги тан олинишидан олдин ҳам худди шундай қизиқарли воқеалар бўлган — кўплаб кутилмаган ва кўпинча даҳшатли бурилишларга бой.
Асрлар давомида Афғонистон бир неча бор йирик давлатларнинг томоғига тиқилган суяк бўлган, шунинг учун у ҳатто «Империялар мозори» номини. олган. Нисбатан яқинда содир бўлган воқеалардан Буюк ўйин деб аталадиган Британия ва Россия империялари билан боғлиқ тўқнашувларни, шунингдек, 1979-1989 йиллари СССР ва 2001-2021 йиллари АҚШ билан урушларни эслашимиз мумкин. Шуниси эътиборга лойиқки, бу ноёб мамлакатга ҳар қандай куч қўлланилмасин, бегоналар эртами-кечми унга тишларини синдиришади.
2020 йили Афғонистонни тарк этишга тайёрланаётган америкаликлар Доҳада келишув тузганлар, унга кўра Ғарб мамлакатдан қўшинларини олиб чиқиб кетади, толиблар эса Ашраф Ғани бошчилигидаги республиканинг ўша пайтдаги раҳбарияти билан музокараларни бошлаши керак эди. Бироқ, ҳеч қандай музокаралар бўлмади. 2021 йили Ғани БААга қочиб кетди ва Америка қўшинлари уни тарк этгандан сўнг толиблар мамлакатни ҳамирдан қил суғургандек осонликча қўлга олди.
Шундан сўнг тўрт йил давомида «Толибон» режими дунёнинг ҳеч бир давлати томонидан тан олинмади, толиблар ташкилоти дунёнинг аксарият давлатларида террорчи деб тан олинди. Бироқ, ислом мафкурасига ғарқ бўлган, қурол-яроғ билан тўлиб тошган, ўз ҳудудида турли террорчи ташкилотлар лагерларига эга бўлган давлатни сиёсий харитадан шунчаки ўчириб ташлаш, албатта, мумкин эмас эди. Буни «жаҳон жандарми» АҚШ ҳам, табиийки, Афғонистоннинг минтақадаги қўшнилари ҳам яхши тушунишган.
2016 йили Россия Афғонистон бўйича маслаҳатлашувларнинг Москва форматини (МФ) яратиш ташаббуси билан чиққан эди. Бу жараёнга минтақа давлатлари, жумладан Ҳиндистон, Хитой, Эрон, Покистон, Марказий Осиё давлатлари, ўша пайтдаги Афғонистон ҳукумати ва толиблар қўшилганди. 2017 йилдаги биринчи учрашувда ўша пайтда оддийгина йирик террорчи гуруҳ бўлган «Толибон» заиф эди. Бироқ, 2024 йил октябрь ойида бўлиб ўтган МФнинг сўнгги йиғилишида Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олган «Толибон» аллақачон музокараларнинг марказий иштирокчисига айланиб улгурган эди.
Жаҳон ҳамжамияти толиблардан талаб қилаётган асосий нарса — инсон ҳуқуқларига, хусусан, аёллар ҳуқуқларига риоя қилиш, шунингдек, инклюзив, яъни мамлакатда яшовчи турли халқлар манфаатларини ҳимоя қилувчи кучлар ва ҳаракатларни ўз ичига олган ҳукумат яратиш эди. Иккала шарт ҳам бажарилмади, аммо шунга қарамай, музлар эриди.
Қизиғи шундаки, айнан Марказий Осиё республикаси толибларни тан олиш йўлида биринчи қадамни қўйган. 2024 йил ёзида Қозоғистон дунёда «Толибон»ни террорчилар рўйхатидан олиб ташлаган биринчи давлат бўлди. 2024 йилнинг кузида Қирғизистон ҳам шундай қилди. Ўзбекистон ва Туркманистон Кобул билан фаол савдо-иқтисодий алоқалар ўрната бошлади. Аммо «Толибон»ни террорчилар рўйхатидан олиб ташлаш бошқа, ҳокимиятни қўлга олган толибларни Афғонистоннинг қонуний ҳукумати сифатида тан олиш бошқа нарса. Ҳозирча фақат Россия Федерацияси бунга журъат этди.
Яхшилар ёмонларни тинчитиб юборади
Табиий савол туғилади: нега Россия толибларга сўзсиз индульгенция берди?

Кремлнинг расмий позицияси шуки, «Толибон» минтақада барқарорлик ва хавфсизлик учун тан олинган. Президент Путиннинг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабулов ўз фикрини янада аниқроқ ифодалаб, «Толибон» бизнинг объектив иттифоқчиларимиз, халқаро терроризмнинг энг кичик ўчоқларини муваффақиятли бостириш учун уларни ҳар томонлама қуроллантириш учун қўллаб-қувватлашимиз керак», деганди.
Демак, Кабуловга ишонадиган бўлсак, демак асосий ғоя — Афғонистон халқаро терроризм ўчоқларини бостириши керак. Бунинг қандайдир асослари борга ўхшайди: толиблар узоқ вақтдан бери «Ал-Қоида»* ва «ИШИД-Хуросон»* билан курашиб келади. Аммо бу уларнинг бутун дунёда тартиб ўрнатишни ўз зиммаларига олишини англатадими?
«Фарғона» маълум вақтдан бери АҚШ «Толибон» етакчиларига нисбатан муроса қадамларини ташлаб келаётганини ёзганди. Балки Барак Обама даврида пайдо бўлган ғояга эргашган ҳолда Трамп «Толибон»ни АҚШга қарши ислом давлатлари ва террорчи гуруҳларга қарши ўзига хос таъсир агентига айлантирмоқчи бўлгандир.
Шу йилнинг март ойида америкаликлар Афғонистон билан тўлиқ дипломатик муносабатларни тиклаш бўйича музокараларни бошладилар ва бироз олдинроқ республикани миллий хавфсизликка таҳдид солаётганлар рўйхатидан чиқариб ташлади. Деярли шундан сўнг Россия Федерацияси Бош прокуратураси «Толибон» фаолиятини тақиқлашни тўхтатиб туриш талаби билан Олий судга мурожаат қилди. Аввалига Россия толибларни террорчилар рўйхатидан чиқариб ташлади, кейин эса «Толибон» бошчилигидаги Ислом Амирлигини тан олди.
Бироқ, биринчи қалдирғоч баҳор келишини англатармикан ва Россиянинг тан олиши дунёда толиблар режимига қонуний тус берамикан?
Сиёсатшунос Андрей Серенко фикрича, толиблар ҳукуматининг асосий муаммоларидан бири нафақат унинг ташқи дунёда, балки мамлакат ичкида ҳам тан олинишидир. Аввалги барча афғон тузумлари, жумладан, Совет Иттифоқи билан ҳамкорлик қилган тузумлар ҳам маълум даражада қонунийликка эга бўлган – улар нафақат қурол билан ушлаб турилган, балки сайловлардан ҳам ўтган. Толиблар билан бундай нарса содир бўлмади, улар Афғонистонда ҳокимиятни куч билан эгаллаб олишди. Сиёсатшунос фикрича, «Толибон»нинг ҳозирги қонунийлиги самолётни олиб қочган террорчиларнинг қонунийлиги билан баробар. Уларнинг ҳокимиятни қўлга киритишида иккита комбинация бўлган. Биринчиси, куч ишлатиш, иккинчиси, америкаликлар билан 2020 йил февралида Доҳада тузилган келишув эди. Шундай қилиб, толиблар ноқонуний йўл билан ҳокимият тепасига келган террорчи гуруҳдир, дея хулоса қилади Серенко.
Табиий савол туғилади: агар ҳақиқатан ҳам шундай бўлса, Россияга террорчилар билан ҳамкорлик қилиш нега керак? Замир Кабуловнинг «Толибон»ни қуроллантириш ҳақидаги сўзлари «яхши» террорчиларни, яъни Москвага содиқ бўлганларни «ИШИД-Хуросон» каби ёмонларга қарши қуроллантириш ғоясидан кўпроқ нарсани англатмайдими?
Ахир, Москва учун ким катта душман – ҳозирги ҳукуматни ларзага келтиришга ҳам қодир бўлмаган террорчи гуруҳларми ёки Украина томонини олиб, Кремлни чексиз санкцияларга кўмиб ташлаётган жамоавий Ғарбми? Бу саволга жавоб аниқ.
Шундай бўлса, Россиянинг «Толибон» билан яқинлашуви айрим террорчиларга эмас, балки Ғарб давлатларига берилаётган сигналдир? Баъзи соқоллиларни бошқаларга қарши қўйиш, «Толибон»ни «ИШИД»га* қарши қўйиш бошқа нарса, энди биз томонда радикал исломнинг ҳарбийлашган давлати борлигини, улар нафақат урушда, балки террорчилик ҳаракатларида ҳам катта тажрибага эга эканини кўрсатиш қўйиш бошқа нарса. Ва агар Москва толиблар билан нафақат сиёсий, балки ҳарбий иттифоқ ҳам тузса нима бўлади? «Ўйлаб кўринг, жаноблар, сизга шундай бош оғриғи керакми, дея Кремлнинг Ғарбга ишора қилаётганига ўхшайди. — Ёки мавжуд муаммолар ҳали сизга камми?»
Турган гап, ҳеч бир афғон соқолли йигитлари ҳеч қачон Европага ёки бошқа жойга маҳаллий аҳолига қарши жанг қилиш учун бормайди. Ҳа, Афғонистоннинг ҳозирги ҳукуматини Россиядек йирик давлат томонидан тан олиниши «Толибон» учун муҳим, аммо бу улар кимнингдир қўғирчоғига айланиб, кимнингдир стратегиясига амал қилади, дегани эмас. Дипломатик муносабатларми — бемалол. Иқтисодий алоқалар — мамнуният билан қабул қилинади. Лекин кимнингдир инжиқликларини рўёбга чиқариш — ҳеч қачон, толиблар бунинг учун ҳокимиятни қўлга киритишмаган.
Яна бир савол шундаки, ҳамма ҳам буни тушунадими? Сўнгги йилларда Кремлнинг намойишкорона қадамларининг аксарияти ташқи томонга эмас, балки ўз истеъмолчисига қаратилган. Митти орол давлати Науру Абхазия ва Жанубий Осетияни тан олиш орқали Кремлни қўллаб-қувватлаганида, Россия ҳазил пайдо бўлди: «Бизнинг энди қўрқадиган нарсамиз йўқ — Науру биз билан!» Бироқ, «Толибон» дегани Науру эмас. «Толибон»нинг ҳозирда бизлар билан дўст экани ўртаҳол россияликда жиддий таассурот қолдириши мумкин.
Ким нимани хоҳласа, шуни айтиши мумкин, толиблар маҳаллий миллий актор, уларни фақат Афғонистон қизиқтиради, улар давлат чегарасидан ташқарига чиқмайди, дея кўнгилга сиққанча оғиз кўпиртириб гапириш мумкин. Бироқ, бунга доим шундай жавоб бериш мумкин: аввали шундай эди, лекин кейин ҳам шундай бўладими? Ва агар толибларда мамлакат оша манфаатлари пайдо бўлса, уларнинг кенгайиш истагидан фойдаланиш мумкинми? Бу саволга жавоб бир қарашда жўн кўринганидек оддий эмас.
Ўкирадими ёки йўқ?
Қизиғи шундаки, ҳатто Хитой ҳам Россиянинг Ислом Амирлигини тан олишини олқишлади, гарчи Россиянинг минтақада кучайиши унинг манфаатларига зиддек туюлса ҳам. Бироқ, афтидан, хитойликлар «Толибон»нинг қонуний тус олишидан зарардан кўра кўпроқ фойда кўради. Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мао Ниннинг айтишича, Хитой афғон халқига нисбатан дўстона сиёсат юритишда давом этаверади ва мамлакатлар ўртасидаги турли соҳалардаги ҳамкорликни қўллаб-қувватлайди.
Толибларга мухолиф кучлар бутунлай бошқача позицияда. Шу тариқа, Афғонистон собиқ Ташқи ишлар вазири Рангин Дадфар Спанта Россиянинг «Толибон» режимини тан олганидан чуқур афсус билдирди. «Россия репрессив толиблар режимини тан олган биринчи давлатдир», — деди Спанта. — Бу фақат бошланиши. Кенг қаршилик бўлмаса, бошқалар ҳам унга эргашиши мумкин».
Ўз навбатида, Афғонистон озодлиги фронти Россиянинг қарори террорчилик ташкилотларини амалда қонунийлаштириб, бутун минтақада конституциявий тузумни йўқ қилиш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиши ҳақида огоҳлантиради: «Толибларнинг Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритишининг бевосита натижаси «Теҳрик-и-Толибон», «ИШИД-Хуросон», «Ўзбекистон ислом ҳаракати», тожикларнинг «Жамоати Ансаруллоҳ», «Ал-Қоида», «Ҳизб ут-Таҳрир»* ва бошқа экстремистик гуруҳларнинг кучайиши бўлди. Уларнинг аксарияти аллақачон террорчилик фаолиятини Россия ҳудудига ёйган».
Қизиқ манзара пайдо бўлмоқда. Агар толиблар танқидчиларига қулоқ солинса, Россия бевосита ёки билвосита афғонистонда урчиб кетган ва ҳаттоки РФ билан ҳам очиқдан очиқ уруш олиб бораётган террорчилар гуруҳларининг пайдо бўлишига замин яратган тартибни қўллаб қувватламоқда. Балки кимдир Афғонистон раҳбарияти билан яқин алоқалар ўрнатилса, у ўз навбатида «ёмон террорчилар»га бир нара тортиб, ўкиради, деб ўйлаётгандир. Эҳтимол, баъзиларида ўкирар, лекин ҳаммасига эмас, чунки дунё терроризми «Толибон» назорати остида эмас. Аммо, юқорида айтиб ўтилганидек, Россиянинг бу воқеликдаги мақсадлари терроризмга қарши курашдан кўра кенгроқдир.
Радикализм таъсири остида
Демак, «Толибон» масаласида Россиянинг ўз манфаатлари борлиги ҳар доим ҳам очиқ-ойдин эмаслиги аниқ. Бироқ, Афғонистондаги вазиятга, ҳеч бўлмаганда, нафақат ҳудудий, балки маданий ва диний жиҳатдан ҳам яқин бўлганлиги сабабли кўпроқ боғлиқ бўлган Марказий Осиё давлатлари учун бу фонда қандай истиқболлар мавжуд?
Айтиш лозим, Марказий Осиё республикалари Афғонистоннинг ҳозирги раҳбариятига нисбатан ўзини вазмин ва ижобий муносабатда. «Толибон» нинг принципиал рақиби бўлиб қолаётган Тожикистон бундан мустасно. 2022 йили Президент Раҳмон толиблар ҳақида жуда қаттиқ гапирган эди: ўшанда у толиблар жаҳон ҳамжамиятини ва Афғонистон аҳолисини «ўз ҳукуматининг қонунийлигини, мамлакатдаги вазиятни назорат қила олишини, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаши ва юзага келаётган ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қила олиш қобилиятига эга эканини» ишонтира олмаганини таъкидлаган эди.
Бундан ташқари, Тожикистон афғон тожиклари орасидан «Толибон» мухолифларига бошпана беради.
Қолган тўртта Марказий Осиё давлати, юқорида айтиб ўтилганидек, Афғонистоннинг амалдаги расмийлари билан ҳамкорлик қилишга тайёр. Афғонистон Бош вазири ўринбосари вазифасини бажарувчи Абдул Ғани Барадар билан яқинда Бокуда ўтказилган учрашувлар бунинг яна бир далилидир.
3 июль куни Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммити учун Озарбайжонга келган Туркманистон делегацияси Барадар билан учрашди. 4 июль куни эса Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Барадар билан учрашди. Ҳар икки учрашувда сиёсий, дипломатик, савдо-иқтисодий соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Барча содир бўлаётган воқеалар билан боғлиқ ҳолда, табиий савол туғилади: «Толибон» режимини тан олишга тайёр бўлган давлатлар қаторида кимлар бор? Булар — Марказий Осиё давлатлари бўлиш эҳтимоли юқори. Айтайлик, АҚШ ва ҳатто Россиядан фарқли ўлароқ, Ўзбекистон, Туркманистон ва Тожикистон Афғонистон билан бевосита чегарадош. Бу улар учун хавфсизлик масалалари ниҳоятда долзарб эканини англатади.
Афғонистон, ўз навбатида, импорт ва умуман савдога жуда қарам. Марказий Осиё билан савдо-иқтисодий алоқалар унга иқтисодиётни барқарорлаштириш учун яхши имкониятлар яратади. Бу эса уни ўз чегараларини ўз томондан ҳимоя қилишга – унинг тупроғида ўтирган террористик гуруҳлар қўшнилари ҳудудига кириб кетмаслиги учун эҳтиёткор бўлишга ундайди.
Бироқ, толибларнинг минтақа давлатлари томонидан тан олиниши мумкинлиги ҳақида гапирганда, баъзи этник муаммоларни ёдда тутиш керак. Асосийси, инсон ҳуқуқларининг ижтимоий ва сиёсий ҳаётда бузилиши.
Бироқ, ҳозирги «Толибон», айтайлик, ўн йил олдинги билан солиштирганда умуман ўзгармади, деб айта оламизми? Илгари бу ҳарбийлаштирилган террорчилик тузилмаси эди. Ҳозирда «Толибон» Афғонистон давлат тузилишининг асоси ҳисобланади. Ҳокимиятни қўлга киритиш бошқа, уни ушлаб туриш бошқа нарса. «Толибон» давлатни бошқариш учун бюрократлашиши, камроқ радикал бўлишга ва муайян даражада шароитга мослашишга, жумладан, бошқа мамлакатлар фикрини тинглашга мажбур.
Бу ерда муқаррар равишда кейинги савол туғилади. Толиблар ҳукуматини кўпроқ давлатлар тан ола бошлашса нима бўлади? Бу Афғонистон Озодлик фронти вакилларини ҳавотирга солаётган террорни қонунийлаштириш бўладими ёки аксинча, радикализм даражасини пасайтирган ҳолда, толибларни биринчи навбатда, ички сиёсатда замонавийроқ бўлишга ундайдими?
Турган гап, иккинчи вариантнинг амалга ошиши мақсадга мувофиқ. Бироқ, тухумни синдирмасдан омлет қилиш мумкин бўлмагани каби ҳақиқий сиёсий қадамларсиз ҳақиқатни аниқлаш қийин бўлади. Шундай қилиб, бу саволга жавобни ҳаётнинг ўзи бериши мумкин.
* РФ ва кўпгина давлатларда экстремистик ёки террорчи деб тан олинган ва тақиқланган ташкилот.
-
18 Июнь18.06Жанговор бўрининг ширин кулчасиМарказий Осиё давлатлари ва Хитой ўртасида деярли ҳамма нарса яхши, бироқ ҳаммаси ҳам кундек ойдин эмас
-
16 Июнь16.06Ядровий чегараИсроилнинг Эронга ҳужуми ядровий таҳдидни тинч ва куч ишлатиш йўли билан ҳал этиш сценарийларига таъсир қилгани ҳақида
-
11 Апрель11.04ФотоМузликлар «тўйлари»Покистонда музликлар эриб, йўқолиб кетмаслиги учун уларни «уйлаб» қўйиш маросими ҳақида
-
04 Апрель04.04«Толибон» тан олиниш арафасидами?Америкаликлар аслида янги афғон ҳукумати ва Ҳаққонийлар оиласидан нималарни кутаётгани ҳақида
-
26 Март26.03«Турк мухолифатининг умиди»Сиёсатчи Экрем Имомўғлининг ҳибсга олиниши кескин норозиликларга сабаб бўлгани ва бу нималарга олиб келиши мумкинлиги ҳақида
-
30 Январь30.01Қўйнимизда сақлаган Янги йилҲақиқий хитой илони нималарга қодирлиги ҳақида