Туркиянинг Болу вилоятидаги Карталкая тоғ-чанғи курортидаги Grand Kartal меҳмонхонасида содир бўлган ёнғин оқибатида 66 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Туркия ИИВ раҳбари Али Ерликая маълум қилди, деб ёзади CNN Турк.
«Афсуски, ёнғин натижасида 66 киши ҳалок бўлди, 51 киши тан жароҳати олди. Ёнғин содир бўлган вақтда меҳмонхонада 238 нафар меҳмон бўлган», — деди вазир воқеа жойида журналистларга.
Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари Камол Мемисоғлунинг сўзларига кўра, жабрланганларнинг бир қисми шифохоналардан чиқарилган. «51 нафар жабрланганлардан бири оғир аҳволда реанимацияда. 17 нафар фуқаромизнинг уйга кетишига рухсат берилган. Қолганлари даволанишни давом эттирмоқда, аҳволи яхши», — деди Соғлиқни сақлаш вазири.
Меҳмонхонада хорижликлар бор-йўқлиги аниқланмаган.
👉 Ёнғин соат 03:30 атрофида Grand Kartal меҳмонхонасининг 2200 метр баландликда жойлашган ресторан қисмида содир бўлган. Ёнғин кўзга ташлангач, меҳмонхона ходимлари меҳмонларни эвакуация қила бошлаган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, одамлар 12 қаватли бинонинг деразаларидан чойшабларни боғлаб, пастга тушиш орқали ўзларини қутқаришга уринишган.
Воқеа жойига Болу ва Гереде муниципалитетларидан ўт ўчириш бригадалари, полиция ва тиббий хизматлар жўнатилган. Ўт ўчирувчилар қўнғироқдан тахминан 40-45 дақиқа ўтиб етиб келган, бироқ бинонинг ёғоч конструкцияси аланганинг тез тарқалишига ёрдам берган. Ёнғинни ўчиришда 156 техника ва 428 нафар шахсий таркиб иштирок этган.
Ерликаянинг айтишича, ўт ўчирувчилар тезда ҳаракат қилиб, соат 04:15 да ёнғинни ўчиришга киришган.
«Меҳмонхонанинг орқа томони тоғ ёнбағирига туташиб кетгани сабабли ёнғинни фақат бинонинг олд ва ён томонидан ўчириш мумкин эди. Воқеа ҳолатлари ва сабабларини аниқлаш учун терговчилар тайинланган, батафсил тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Меҳмонхона фаолияти билан боғлиқ барча рухсатномалар ва ҳужжатлар кўриб чиқилади», — деди Ерликая.
Туркия Туризм вазири Меҳмет Нури Эрсойнинг сўзларига кўра, «меҳмонхона ёнғин хавфсизлиги сертификатига эга ва ёнғин хавфсизлиги стандартларини таъминлашда ҳозирча ҳеч қандай камчилик аниқланмаган».
Эвакуация қилинганлар тўртта меҳмонхонага жойлаштирилган. Маҳаллий суд ёлғон маълумотлар тарқалишининг олдини олиш ва қурбонларнинг яқинларини ҳимоя қилиш мақсадида воқеа ҳақидаги хабарларни чоп этишни тақиқлади.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдириб, ёнғинда жароҳат олганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилади.