Ўзбекистон Бош прокуратураси Республика баскетбол федерациясида фаолият юритаётган мансабдор шахслар томонидан содир этилган бир қатор ўғирликларни аниқлади. Жами мансабдор шахслар қарийб 500 миллион сўм (40 минг долларга яқин) маблағни ўзлаштирган, дейилади назорат агентлиги матбуот хизмати хабарида.
Аниқлик киритилишича, баскетбол федерацияси ижрочи директори ишлар бошқарувчиси билан жиноий тил бириктириб, унинг қариндошлари номига расмийлаштирилган компания ҳисоб рақамига 197 миллион сўм (деярли 15,5 минг доллар) ўтказган. Ушбу маблағлар спортчиларнинг соғлиғини назорат қилиш учун махсус жиҳозлар сотиб олишга сарфланиши режалаштирилган бўлган. Амалда эса тиббий ускуналар умуман сотиб олинмаган.
Шунингдек, федерациянинг биринчи вице президенти федерацияга тегишли бўлган корпоратив пластик картадан ноқонуний равишда шахсий эҳтиёжлари учун 162 млн сўм (13 минг долларга яқин) маблағни ечиб олиб, ўзлаштирган.
Бундан ташқари, юқоридаги мансабдор шахслар томонидан федерацияга гуёки ҳомийларни жалб қилиш хизматларини кўрсатиш ҳақида сохта шартнома расмийлаштирилиб, федерациянинг 130 млн. сўм (10,2 минг доллар) маблағлари ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборилган.
Юқоридаги ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган. Бундан ташқари, суд мажлиси бўлиб ўтган, унда айбдорларга тегишли жазо тайинланган. Аммо Бош прокуратура Ўзбекистон баскетбол федерациясининг коррупцияда айбланган ходимлари қандай жазоланганига аниқлик киритмаган.
Бу спорт ташкилотларининг назорат маҳкамаси эътиборини жалб қилган биринчи ҳолат эмас. 2019 йили Бош прокуратура Ўзбекистон карате федерациясининг собиқ раҳбари Нурхон Нафасов жиноий жавобгарликка тортилмаганини эълон қилганидан сўнг жанжал келиб чиққанди. Мамлакат Миллий олимпия қўмитаси назорат ташкилоти маълумотини рад этиб, Нафасов ташкилотга раҳбар бўлган даврда 100 миллион сўмдан ортиқ маблағни ўғирлаштирганини маълум бўлган. Бундан ташқари, Нафасов шу каби жиноятлар учун судланган, хизмати лавозимларини эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, жаримага тортилган. Бироқ, кейинчалик у яна Каратэ федерациясини бошқарган, аммо узоқ муддатга эмас.