Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев давлатга хиёнатда айбланиб қамоқ жазосига ҳукм қилинган синолог Константин Сыроежкинни афв этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда қозоғистонлик сиёсатшунос Андрей Чеботарев ўзининг Telegram-каналида ёзган.
«Ўтган ёздан бери энди яхши хабар келди! Қозоғистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Афв этиш масалалари бўйича комиссия таклифига кўра, давлат раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаев тегишли фармон билан таниқли синолог, сиёсий фанлар доктори, профессор Константин Сыроежкинни афв этди. Шу муносабат билан ундан судланганлик олиб ташланди, ҳуқуқлари тикланди. Бир сўз билан айтганда, Адолат ғалаба қозонди! Ҳамкасбимиз ва устозимизга мустаҳкам соғлик, янги илмий ютуқлар тилайман!», — дейилади хабарда.
Константин Сыроежкин 2019 йил февраль ойида ҳибсга олинган эди. Жамоатчилик ҳибсга олингани ҳақида дарҳол билмаган — одамлар синолог (хитойшунос-тарж.изоҳи)ни конференцияга келмаганида билиб қолишади ва бир неча ойдан кейин Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси унинг давлатга хиёнат иши бўйича ҳибсда олинганини тасдиқлайди. Сыроежкиннинг иши махфий бўлиб, суд ёпиқ эшиклар ортида ўтказилган. Натижада олим ўн йиллик қамоқ жазосини қаттиқ режимдаги ахлоқ тузатиш муассасасида ўтайдиган бўлди.
Қамоқ муддати бошланганидан сўнг олим Zona.kz онлайн нашрида («Бепарво бўлмаган инсон ёзишмалари») бир нечта мақолаларни нашр этади. Уларда профессор терговчилар хитойлик ҳамкасбларининг илтимосига биноан очиқ манбалар асосида тайёрланган материалларни унинг «жиноий фаолияти» далили сифатида кўришганини ёзади. Мақолаларда ҳеч қандай инсайдер маълумотлар бўлмаган ва Қозоғистон миллий манфаатларига зарар етказиши мумкин эмасди.
Дунёнинг турли бурчакларидан икки юз нафар олим, журналист ва ҳуқуқ фаоллари Сыроежкинни қўллаб-қувватлаб, Қозоғистон раҳбариятига унинг озод этилишини сўраб мурожаат қилишган. Қамоқхонада ўтказган беш йил давомида синологнинг ўзи унинг ишига алоқадор судялар ва прокурорлар устидан ўнлаб шикоятлар ёзган, Мажилис (парламент қуйи палатаси), Сенат, президент маъмурияти, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил ва судяларга, 2023 йил 1 январда мамлакатда қайта тикланган Конституциявий судга мурожаат қилган. Бу мурожаатлар натижа бермаган — унинг сўровлари эътиборга олинмаган.
Сыроежкин «Бепарво бўлмаган инсон ёзишмалари»да унинг таъқиб қилиниши ва МХҚ раҳбарияти ўртасидаги боғлиқликни таъкидлайди. 2022 йил январь воқеаларидан сўнг, Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбари Карим Масимов ва унинг ўринбосарлари лавозимидан айрилгани ва узоқ муддатга ҳукм қилинганидан сўнг, синолог ишини қайта кўриб чиқиш эҳтимоли пайдо бўлди.
Ўтган йил декабрь ойида Сыроежкин Қосим-Жомарт Тўқаевга очиқчасига мурожаат қилиб, авф этишини сўраган ва шу билан бирга, афв этиш айбнинг тан олинишини англатишини, аммо мурожаат қилаётган шахс «ўзи қилмаган жиноятни тан ололмаслигини» таъкидлаган.
Шу йилнинг апрель ойида профессор шартли равишда озодликка чиқди. Ўшанда суд Сыроежкин «ўзининг намунали хулқ-атвори, меҳнатга виждонан муносабати ва колония ҳаётидаги иштироки билан аҳлоқан тузалганини исботлади», деган хулосага келганди.