Туркия ҳукумати Фатҳуллоҳ Гулен мактабини ёпгани учун Ашхободга миннатдорчилик билдирди

Туркман-турк мактаби. Fergana.ru сайти фотосурати

Туркия ҳукумати Туркманистонга 2016 йили Туркияда давлат тўнтаришини уюштирганликда айбланаётган ислом даъватчиси Фатҳуллоҳ Гуленнинг FETO ҳаракати билан курашда кўрсатаётган ёрдами учун миннатдорчилик билдирди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.

Туркиянинг Ашхободдаги элчиси Аҳмет Демирокнинг сўзларига кўра, Анқара Туркманистон расмийларига мамлакатдаги FEТО мактабини ёпгани учун миннатдор.

«Ушбу маккор тузилманинг асл моҳиятини вақтида англаган ва FETO мактабини ёпиш орқали курашимизни қўллаб-қувватлаган биродар Туркманистонга миннатдорчилик билдирамиз. Туркманистоннинг FETOга қарши узоқ муддатли курашимизда Туркиядаги биродарлари билан бирдамлик ва ҳамжиҳатлик руҳида ҳаракат қилишига чин дилдан ишонамиз», — деди Демирок 15 июль куни нишонланадиган Туркиянинг Демократия ва Миллий бирлик куни муносабати билан уюштирилган тадбирда.

👉 Демократия куни 2016 йилги давлат тўнтаришига уринишдан кейин ташкил этилган. Ғалаённи Туркия қуролли кучларининг бир гуруҳ аскар ва зобитлари ўз зиммаларига олган. Асосий қарама-қаршилик Истанбул ва Анқарада бўлиб ўтган. Ўшанда ғалаёнчиларни ҳисобга олмаганда 265 киши ҳалок бўлган, 2 мингдан ортиқ киши жароҳат олган. Анқара 1999 йилдан буён АҚШда яшаб келаётган ислом даъватчиси Фатҳуллоҳ Гулен ва унга алоқадор ташкилот, Америкада ва бутун дунёда таълим фаолияти билан шуғулланувчи FETOни давлат тўнтаришини тайёрлаш ва бу режаларни амалга оширишда айблайди.

ℹ️ Гулен мактаблари (лицейлари) Туркияда 1970 йиллардан бери мавжуд бўлиб, 1990 йиллари бошқа мамлакатларда ҳам очила бошлаган. Улар Марказий Осиёнинг барча давлатларида ишлаганлар. Туркия ҳукумати минтақа республикалари раҳбариятидан бундай мактабларни ёпишни сўраган. Қирғизистон ва Қозоғистонда турк лицейлари ёпилишдан бош тортишган. Ўзбекистонда 2000 йилга келиб, Тожикистонда 2015 йилга келиб мактаблар ёпилган, Туркманистонда биринчи ва ягона Гулен мактаби 2016 йил августида ўз фаолиятини тўхтатган.

ℹ️ 2021 йил июнь ойида Бишкекда Қирғизистон фуқароси, турк лицейлари «Сапат» тармоғининг собиқ директори Орхан Инанда ўғирлаб кетилган эди. Туркия прокуратураси унинг FETO ҳаракатида Марказий Осиё минтақаси учун масъул эканини маълум қилган. Инанда Туркияга олиб кетилган ва у ерда 2023 йили суд уни 21 йилга озодликдан маҳрум қилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ