Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар ва хорижий инвесторларга мамлакатда видеокузатув қурилмалари ҳамда банкоматлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни таклиф этди. Ушбу турдаги маҳсулотларга республиканинг ўзида ҳам, хорижда ҳам талаб юқори. Бу ҳақда давлат раҳбари электротехника тармоғи вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда маълум қилди, деб хабар беради унинг матбуот хизмати.
Республика раҳбарининг таъкидлашича, мамлакат ичида видеокузатув қурилмаларига бўлган йиллик талаб 200 миллион долларга, қўшни давлатлар бозорлари билан бирга эса 600 миллион долларга етмоқда. Банкоматларга ҳам катта эҳтиёж бор: биргина ўтган йилнинг ўзида Ўзбекистон 50 миллион доллардан зиёд маблағга 9 минг дона ана шундай қурилма импорт қилган.
Мирзиёев қайд этганидек, электротехника тармоғи шиддат билан ривожланмоқда. Хусусан, сўнгги 10 йил ичида соҳага 2 миллиард доллар инвестиция йўналтирилди, 413 та янги ишлаб чиқариш қуввати ишга туширилди ва қуёш панеллари, ҳисоблагичлар ҳамда трансформаторлар сингари 100 турдаги маҳсулот ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.
Натижада жорий йилда ишлаб чиқариш ҳажми 50 триллион сўмга (тахминан 4,2 миллиард доллар) етди. Соҳага ҳар йили 600 миллион долларгача инвестиция жалб этилмоқда, экспорт ҳажми эса 1,6 миллиард долларлик кўрсаткичга чиқди.
Бироқ шу билан бирга, бизнес республиканинг мавжуд салоҳиятидан тўлиқ фойдалангани йўқ. Масалан, 2030 йилгача энергия сақлаш қувватларини 4,5 гигаваттга етказиш режалаштирилган. Хорижий компаниялар бу лойиҳаларда маҳаллий маҳсулотлардан фойдаланишга тайёр, лекин айрим зарур товар турлари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайди.
Президент бу каби ташаббусларни амалга ошириш орқали ички бозор эҳтиёжини таъминлаш билан бир қаторда экспорт ҳажмини 5 миллиард долларгача етказиш мумкинлигини таъкидлади.
Ушбу юксак мақсадларга эришиш йўлида келгуси уч йил ичида электротехника ва унга турдош саноат соҳаларида умумий қиймати 11,6 миллиард долларлик 164 та лойиҳани рўёбга чиқариш режалаштирилмоқда.
Бунда қуйидаги йўналишлар назарда тутилган:
✅ энергетика инфратузилмаси;
✅ кабель маҳсулотлари, трансформаторлар ва насослар;
✅ саноат робототехникаси ва ускунасозлик;
✅ транспорт ҳамда электромобиллар учун маҳсулотлар;
✅ электрон компонентлар ва микроэлектроника;
✅ маиший техника.
Бундан ташқари, ички бозорда Ўзбекистон электротехникасига бўлган талабни рағбатлантириш чоралари кўрилмоқда. Президент энергетика соҳасидаги давлат-хусусий шериклик лойиҳаларида маҳаллий маҳсулотнинг энг кам улуши 25 фоиз, кабель маҳсулотлари бўйича эса 70 фоиз бўлиши талаби амал қилаётганини эслатиб ўтди. Эндиликда ушбу тартиб солиқ ва бошқа имтиёзларга эга бўлган ёки давлатдан ресурс оладиган, қиймати 10 миллион доллардан юқори инвестиция лойиҳаларига ҳам татбиқ этилади.
Шунингдек, маҳаллий маҳсулотлар — музлатгичлар, кир ювиш машиналари, кондиционерлар ва бошқа маиший техникаларни харид қилиш учун йиллик 18 фоиз ставкада истеъмол кредитлари ажратиш тизими йўлга қўйилади.
Мирзиёев тадбиркорлар ва кадрлар тайёрлашга дахлдор яна бир нечта ташаббусларни маълум қилди. Хусусан, Нурафшон шаҳрида «Келажак технологиялари маркази» ташкил этилади. Унинг резидентлари IT-парк вакиллариникидек имтиёзларга, жумладан ноль ставкали импорт божлари ҳамда илмий ишланмалардан олинган даромад солиғидан озод қилиниш имкониятига эга бўлади.
Келгуси йилдан бошлаб «Бир минг нафар муҳандис-конструктор» дастури ишга туширилади, унинг доирасида ўзбекистонлик мутахассислар Жанубий Корея, Япония, Хитой, Туркия ва Европа мамлакатларида стажировка ўтайдилар.



