Жогорку Кенеш (Қирғизистон парламенти) 13 июнь куни бўлиб ўтган йиғилишда уран ва торий конларини қидириш ва ўзлаштиришга қўйилган тақиқни бекор қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилди. Бу ҳақда парламент матбуот хизмати хабар берди.
Қонун лойиҳаси ташаббускори Қирғизистон Бош вазири Ақилбек Жапаров бўлди. Муҳокама чоғида у қонун лойиҳаси уран ва торий конларини эмас, балки титаномагнетит конларини ўзлаштиришга қаратилганини таъкидлади.
Бош вазирнинг сўзларига кўра, совет даврида Қизил-Омпол конида фақат битта майдонда қидирув ишлари олиб борилган. У ерда 10 миллион тонна титаномагнетит, цирконий, фосфорит ва нодир ер металларининг заҳиралари топилган, уран 0,0005% уран ва 0,002 торий излари аниқланган. Уран изидан тозалангандан кейингина титаномагнетитни ажратиб олиш мумкин, дея Жапаров сўзларини келтиради «Вечерний Бишкек» нашри.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров февраль ойида Қизил-Омпол конидан фойдаланиш атроф-муҳитга зарар етказадими, деган саволга жавоб бераркан, урандан қўрқмасликка чақирганди.
«Титаномагнетитдаги уран миқдори 0,17% ни ташкил этади, бу жудаям кам даража. Бизнинг уран хом ашё ҳисобланади ва бу ҳолатда хавфли эмас. Муайян мақсадларда бойитилган урандан эҳтиёт бўлиш керак», — дея тушунтирди давлат раҳбари. Шу билан бирга, у уран тўлиқ зарарсиз эканига оид баёнотлардан тийилиш кераклигини таъкидлади.
Садир Жапаровнинг сўзларига кўра, Қизил-Омполнинг ўзлаштирилиши мамлакат учун катта фойда келтиради.
«Иккинчи «Қумтор» очилди, дейишимиз мумкин. У ерда ўнга яқин янги конлар мавжуд. Биз фақат битта кондан 2 миллиард доллардан ортиқ соф фойда оламиз», — дея ишонч билдирди президент.
Жапаров уранни сўраган ҳар бир истеъмолчига сотишга тайёрлигини маълум қилди – бу торийдан фарқ қилади, чунки у келажак авлодлар учун сақланиши керак.
«Нима учунлигини биласизми? Келажакда уран ўрнини торий эгаллайди. Вақтлар келиб, 1 кг торий 200 кг уран ишлаб чиқарадиган электр энергиясини ишлаб чиқаради. Бўлажак электромобиллар литийдан кўра торийдан фойдаланиши мумкин. Дунё шунга интилмоқда. Шундай экан, торийни ҳозир сотмасдан тежаб қолсак, кейинги авлодга осон бўлади», — деб тушунтирди давлат раҳбари.
ℹ️ Қирғизистонда уран ва торий конларини ўзлаштиришга тақиқ 2019 йил декабрь ойида «уран можароси»дан сўнг киритилган эди. Жанжал ўша йилнинг баҳорида, Иссиқкўл вилоятидаги Тош-Булоқ конида радиоактив металл қазиб олиш бошлангани ҳақидаги миш-мишлар тарқалганида авж олганди. Конни ўзлаштиришга қарши бўлганлар бир қатор митинглар ўтказишган ва петиция тузишган. Натижада, ҳукумат кондаги ишларни тўхтатган, кейин парламент ўзлаштиришни тўлиқ тақиқланишини эълон қилган.
Тоғ-кон саноати вакиллари ҳужжатни нотўғри ва зарарли деб ҳисоблашган. Улар Қирғизистон конларининг кўпчилиги аралаш конлар экани, уран қўшилган кўмир, олтин ва бошқа конларда ишлаш ноқонуний тус олишини тушунтиришганди.