Ғарб талаби билан Қирғизистон санкцияларни четлаб ўтишда гумон қилинаётган 50 та компанияни тугатади

Бакит Сидиқов. kabar.kg сайти фотосурати

Қирғизистон ҳукумати санкция хавфи юқори бўлган операцияларга алоқадор бўлиши мумкин деб ҳисобланаётган 50 та юридик шахсни тугатиш жараёнини бошлади. Бу қарор Ғарб ҳамкорлари, жумладан АҚШ, Буюк Британия ва Европа Иттифоқининг тегишли идоралари билан ўтказилган маслаҳатлашувлардан сўнг қабул қилинган. Бу ҳақда «Кабар» агентлигига мамлакат президентининг санкция сиёсати ва санкция хавфларини камайтириш масалалари бўйича махсус вакили Бакит Сидиқов маълум қилди.

Мулозимнинг таъкидлашича, у жорий йилнинг 3 июнь куни Садир Жапаров фармони билан мазкур лавозимга тайинланган бўлиб, айни пайтда мамлакат ҳукумати раиси ўринбосари мақомида ҳам фаолият юритмоқда.

Махсус вакилнинг таъкидлашича, геосиёсий таранглик ва халқаро чекловларга риоя этилишига бўлган эътибор кучайган шароитда

Қирғизистон ўз ҳудуди, молиявий тизими ва иқтисодиётнинг айрим тармоқларидан санкцияларни четлаб ўтиш ёки ноқонуний фаолият юритиш учун фойдаланилишига йўл қўймаслик мақсадида тизимли чоралар кўрмоқда.

Республика виртуал активлар соҳасига алоҳида эътибор қаратмоқда, чунки рақамли технологияларнинг жадал ривожланиши жиноий даромадларни легаллаштириш, ноқонуний ташкилотларни молиялаштириш, чекловларни четлаб ўтиш ва бошқа хавфларни кучайтирмоқда.

Шу билан бирга, мансабдорнинг сўзларига кўра, давлатнинг вазифаси технологиялар тараққиётига тўсқинлик қилиш эмас, балки инновациялар, хавфсизлик ва халқаро ишонч ўртасида мувозанатни таъминлайдиган самарали тартибга солиш механизмини шакллантиришдан иборат.

Шу муносабат билан Қирғизистон президенти ҳузурида яқинда ташкил этилган Виртуал активлар ва блокчейн технологиялари бўйича миллий агентликнинг аҳамияти юқори экани қайд этилди.

Сидиқовнинг қўшимча қилишича, назорат органлари молиявий хизматлар соҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратиб, бозор иштирокчилари фаолиятини доимий мониторинг қилиб бормоқда. Қонунбузарликлар аниқланган тақдирда лицензияни бекор қилишгача бўлган қатъий чоралар кўрилади.

Президентнинг махсус вакили тегишли идоралар олдига бир қатор устувор вазифалар қўйилганини таъкидлади. Улар қаторида қонунчиликни халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштириш, санкция хавфларини мониторинг қилиш ва баҳолашни кучайтириш ҳамда IT-хизматлари кўрсатувчиларининг фаолияти шаффофлигини ошириш вазифалари бор.

Сидиқовнинг фикрича, Қирғизистон санкция сиёсати масалаларида очиқ, масъулиятли ва конструктив ёндашувни қўллаб-қувватлаб, халқаро ҳуқуқ, миллий қонунчилик ва ўзининг халқаро мажбуриятларига содиқлигини намоён этмоқда.

Шу билан бирга, Сидиқов республика чеклов чораларини қўллашда вазмин ва холис ёндашув тарафдори эканини таъкидлади. Мулозимнинг сўзларига кўра, бир томонлама санкцияларни учинчи давлатлар ва халқаро савдонинг ҳалол иштирокчиларига нисбатан татбиқ этиш амалиёти иқтисодий хавфларни чуқур таҳлил қилишни талаб этади.