Бишкекда оммавий электр узилиши юз берганидан сўнг, Қирғизистон президенти Энергетика вазирини ишдан бўшатди

Таалайбек Ибраев. 24.kg сайти фотосурати

Қирғизистон президенти Садир Жапаров мамлакат Энергетика вазири Таалайбек Ибраевни ишдан бўшатди. Давлат раҳбари 10 июнь куни тегишли фармонни имзолади, деб хабар беради унинг матбуот хизмати.

Давлат раҳбари яна бир фармон билан Алтинбек Рисбековни Энергетика вазири вазифасини бажарувчи этиб тасдиқлади. Унинг номзоди тез орада Қирғизистон Жогорку Кенешига (парламент) тасдиқлаш учун тақдим этилади.

Ибраев Энергетика вазирлигини 2022 йил 14 сентабрдан бери бошқариб келаётган эди. Унинг ишдан бўшатилиши сабаблари расман эълон қилинмаган.

Бироқ, унинг истеъфоси 6 июнь куни Бишкекдаги электр узилишидан сўнг содир бўлганини таъкидлаш жоиз. Пойтахтда оммавий электр узилиши юз берди, натижада шаҳар маркази ва пойтахтнинг жануби-шарқидаги турар-жой массивлари каби шаҳарнинг катта қисми электрсиз қолди. Шу билан бирга, маҳаллий ОАВ хабар беришича, одамлар мамлакат шимолидаги энг йирик электр энергияси ишлаб чиқариш манбаи бўлган Бишкек иссиқлик электр станциясидан (ИЭС) ғалати ғувуллаш товушлари келаётганини хабар қилишган. Кейинчалик Энергетика вазирлиги блэкаут юк машинасининг электр узатиш линияларини уриб юбориши оқибатида юзага келганини маълум қилди.

Бундан ташқари, Ибраев илгари ҳам президент ғазабига учраганди. Жорий йил январь ойида давлат раҳбари мулозимга ўз вазифаларини нотўғри бажараётгани учун қаттиқ танбеҳ берганди.

ℹ️ Алтинбек Рисбеков 1978 йили Жалолобод вилоятининг Ола-Буқа туманида туғилган. У мазкур лавозимга тайинланишидан олдин 2025 йил сентябрь ойидан бери Энергетика вазирлиги раҳбарининг ўринбосари бўлиб ишлаган, саноат лойиҳаларини амалга оширишни назорат қилган ва кичик гидроэлектростанциялар каби янги иншоотлар қуриш бўйича музокараларда иштирок этган. Энергетика вазирлигига қадар у бутун мамлакат бўйлаб электр энергияси узатиш учун масъул бўлган «Қирғизистон миллий электр тармоғи» ни бошқарган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ