Ўзбек футболчиси илк бор Европа кубогини қўлга киритди

Элдор Шомуродов. stadion.uz сайти фотосурати

Ўзбекистонлик ҳужумчи Элдор Шомуродов тўп сурадиган Италиянинг «Рома» клуби УEФА конференция лигаси финалида Голландиянинг «Фееноорд» клубини 1:0 ҳисобида мағлуб этди. Бу ҳақда Championat.com нашри хабар берди.

Учрашувдаги ягона гол 32 дақиқада римликлар ярим ҳимоячиси Николо Заниоло томонидан киритилди. Учрашувнинг асосий вақти тугашига атиги бир дақиқа қолганида Шомуродов англиялик Темми Абрахам ўрнига майдонга тушди. Эслатиб ўтамиз, ўйиннинг дастлабки дақиқалариданоқ Арманистон терма жамоаси ярим ҳимоячиси Генрих Мхитарян «Рома» таркибида майдонга тушган бўлса-да, чорак соатдан сўнг жароҳати сабаб алмаштирилганди.

Шомуродов Европа клублари ўртасидаги халқаро турнирлардан бирининг кубогини қўлга киритган ўзбекистонлик биринчи футболчи бўлди.

Шомуродов Конференция лигасининг жорий мавсумида 11 та ўйинда майдонга тушиб, жами 397 дақиқа майдонда ўтказди. Бу вақт ичида у битта гол урди ва иккита голли узатмани амалга оширди.

Конференция лигаси Чемпионлар лигаси ва Европа лигасидан кейин учинчи муҳим Европа турниридир. Ўтган мавсум Конференция лигаси учун дебют бўлди. Турнир ғолиби кейинги мавсумда Европа лигасининг гуруҳ босқичида ўйнаш ҳуқуқини қўлга киритади – агар клуб Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичига чиқмаса.

Элдор Шомуродов Муборакнинг «Машал» жамоаси тарбияланувчиси ҳисобланади. 2015 йили Тошкентнинг «Бунёдкор» клубига ўтган. 2017 йилда у Ростовга таклиф қилинган ва у эрда барча расмий турнирларда 91 та ўйин ўтказиб, 18 та гол урган. 2020 йилнинг октябрь ойида 7,5 миллион евро товон эвазига Генуяга кўчиб ўтди. У Генуяликлар сафида А серияда 31 та ўйин ўтказиб, 8 та гол урган.

Ўтган йил август ойида «Рома» ўзбекистонлик ҳужумчини 17,5 миллион евро эвазига сотиб олганди. Мавсум якунига кўра римликлар А серияда олтинчи ўринни эгаллашди. Шомуродов 28 та ўйинда майдонга тушди, шундан 23 тасида ўзбекистонлик захирадан майдонга тушди. Унинг ҳисобида учта гол ва тўртта голли узатма бор.

Ҳужумчи Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида 53 та ўйин ўтказиб, 27 та гол урган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ