Локдаундан сўнг ўзбекистонликлар банкларга 85 фоиз кўпроқ нақд пул олиб кела бошладилар

Review.uz сайти фотосурати

Ўзбекистонда карантин чораларининг юмшатилиши билан апрель ва май ойларида банк кассалари орқали нақд пул айланмаси миқдори кўпайди, бироқ карантингача бўлган давр кўрсаткичларига ета олмади. Буни республика Марказий банки ўзининг сайтида чоп этган “Нақд пул муомаласи бўйича қисқача шарҳ”ида кўриш мумкин.

2020 йил апрель ойида банклар кассаларига нақд пул тушумининг март ойига нисбатан қарийб 41 фоизга камайиши кузатилган бўлса, июнь ойида апрелга нисбатан 85 фоизга кўпайиб, 14,6 трлн. сўмни ташкил этди. Шу билан бирга, бу кўрсаткич карантин чоралари киритилишидан олдинги даврга нисбатан анча паст (масалан, январда 15,8 триллион сўм ёки 1,5 миллард АҚШ долларига тенг эди. )

Нақд пул тушумларининг июнь ойида апрелга нисбатан ўсиш ҳажмининг қарийб 3,5 трлн. сўми савдо ва пуллик хизматлардан, 1,4 трлн. сўми банк хизматлари бўйича тушумлар ҳиссасига тўғри келди. Бу “яшил” ва “сариқ” ҳудудлардаги савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари фаолиятининг қайта тикланиши ҳамда автомашиналар ҳаракатига нисбатан таъқиқларнинг юмшатилиши, шунингдек, аҳоли томонидан бўш маблағларни банк омонатларига, кредитларнинг қайтарилишига ҳамда нақд чет эл валютасини сотиб олишга йўналтирилиши ҳисобига юзага келди.

2020 йилнинг апрель ойида банклар кассалари (шу жумладан, банкоматлар) орқали чиқим қилинган нақд пуллар март ойига нисбатан 35 фоизга камайиши кузатилган бўлса, июнь ойида бу кўрсаткич апрель ойига нисбатан 53 фоизга кўпайиб, 14,8 трлн. сўмни ($1,4 млрд) ташкил этди. Июнь ойида банк карталарига жами 15,9 трлн. сўмлик маблағлар келиб тушиб, ушбу даврда банк карталаридаги 6,1 трлн. сўм (38%) аҳоли томонидан нақдлаштириб олинди.

Карантин шароитида пенсия ва нафақа тўловлари, бюджет тизими ташкилотлари, шунингдек, фаолиятини тўхтатмаган стратегик корхоналар ходимларининг иш ҳақларининг тўлаб борилиши натижасида банклардан ушбу мақсадлар учун нақд пуллар чиқими нисбатан барқарор сақланиб қолди.

Ўзбекистонлик пенсионерларни 1 майдан нақд пулсиз ҳисоб-китоб юритишга ўтказила бошланди, босқичма-босқич иш ҳақи ҳам пластик карталарига ўтказилади. Банк карталарига ўтказиш ишларини коронавирус пандемияси тезлаштириб юборди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ