Имтиҳонда абитуриентларга Менделеев жадвалидан фойдаланишга рухсат берилади

Wallpaperflare.com сайти фотосурати

Олий ўқув муассасаларининг бакалавриатига имтиҳон топшираётган абитуриентлар учун бу йили ёрдамчи материаллардан фойдаланишга рухсат берилади. Жумладан, кимё фани бўйича– Менделеев жадвали, физикадан — домий физик катталиклар жадвалидан. Тест топшириқлари соддалаштирилади, деб хабар беради Давлат тест марказининг матбуот хизмати.

Аввалги йилларда ўтказилган тест синовларида фанлардан 6 тагача биринчи қийинлик даражасидаги тест топшириқлари берилган бўлса, бу йили ҳар бир вариантда қўлланиладиган биринчи қийинлик даражасидаги тест топшириқлари сони ўртача 10 тагача етказилади.

Абитуриентлар тест топшириқларини мантиқий фикрлаб, тезда тушунишлари учун жорий йилда ҳам тарих, география фанлари каби чет тили (инглиз, немис, француз) фанларидан ҳам расмли тест топшириқлари шакллантирилади. Шунингдек, биология ва кимё фанларидан расмли тест топшириқлари сони кўпайтирилади.

Бундан олдин кириш имтиҳонлари бештадан иккитагача қисқатирилгани ва бу икки фан профил предметларидан иборат бўлиши хабар қилинганди. Абитуриентларни рўйхатга олиш ишлари масофадан бажарилади. Тест топшираётган ёшлар ижтимоий мусофани сақлашлари лозим ва ҳар бир абитуриентга 3 квадрат метрдан жой ажратилади. Тест синовлари дезинфекция қилинган, 700 та ўринга мослашган биноларда ўтказилади. Тестдан олдин барча абитуриентларнинг тана ҳарорати текширилиб, уларга ҳимоя ниқоби ва қўлқопи берилади.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги коронавирус пандемияси туфайли бу йили мактабларда битириш имтиҳонларини бекор қилинганини эълон қилганди. Мактаб ўқувчиларига ўқув йилининг тўртдан уч чорагига асосланиб якуний баҳолар қўйилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ