Прокуратура COVID-19 юқтирган самарқандлик шифокорга нисбатан таъқибни тўхтатди

Facebook.com/xabar.uz саҳифасидан олинган фотосурат

Ўзбекистон Бош прокуратураси самарқандлик шифокор, касалхона бўлими мудири Х.Д.га нисбатан 34 кишига коронавирус инфекциясини юқтириши ҳолати юзасидан қўзғатилган жиноят ишини бекор қилди. Бу ҳақда республика соғлиқни сақлаш вазирлигининг Telegram-каналида маълум қилинган.

Коронавирус инфекцияси аломатлари намоён бўлишига қарамай ўз ишини давом эттирган шифокорга нисбатан жиноят иши қўзғатилиши тўғрисидаги қарор Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармасининг тергов бўлими томонидан қабул қилинган.

Шифокорга карантин шароитида тиббий текширувидан ўтмасдан, 2020 йил 20 апрелдан 27 апрелга қадар “ўзбошимчалик билан уй шароитида яширинча ўзини ўзи даволаш билан шуғулланиб, санитарияга оид қонун ҳужжатларини қўпол равишда бузган”ликда айблов қўйишмоқчи бўлдилар. Тергов фаразига кўра, ўзини яккалаш тартибига ўтказмаган шифокор доимий мулоқотда бўлган турмуш ўртоғи ва бошқа қариндошлари, ўзи даволаб келган бемор ва ҳамкасбларидан иборат жами 11 нафар ҳамда улар орқали бошқа 23 нафар шахсларга ўта хавфли бўлган юқумли касалликни юқтирган.

Республика соғлиқни сақлаш вазирлиги Х.Д.га нисбатан жиноят иши қўзғатиш тўғрисидаги қарорни асоссиз, деб ҳисоблаб, вазир Алишер Шадманов Ўзбекистон Республикаси Бош Прокурорига шифокорга нисбатан жиноят иши қўзғатиш тўғрисидаги қарорни бекор қилиш масаласининг кўриб чиқилишини сўраб мурожаат йўллаган эди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг юридик бўлими айбланувчи шифокор “Санитарияга оид қонун ҳужжатлари ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш” моддасида кўрсатилган бирорта ҳаракатни қасддан содир этмаганини қайд этган.

“Бош прокуратура томонидан бугунги синовли кунларда фидойи тиббиёт ходимларининг қаҳрамонларча фаолиятини қадрлаб, адолатли қарор қабул қилди”, — дея қайд этди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Ўзбекистонда 18 май кечга бориб коронавирус инфекциясини юқтириш ҳолатлари яна 12 тага кўпайди ва 2791 тага етди. Саккизта ҳолат халқаро юк ташувчи автомобиль ҳайдовчиларида, битта ҳолат – Тожикистондан келиб, карантинга жойлаштиришган одамда ва яна учта ҳолат карантинга ётган фуқароларда аниқланди.

Ўзбекистонда жами 2314 нафар бемор соғайиб кетди, 13 киши вафот этди. Дунё бўйича коронавирус инфекциясига чалиниш ҳолатлари 4,7 миллионни ва вафот этганлар сони 317 минг кишини ташкил этади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ