2026 йилнинг дастлабки саккиз ойида Қирғизистонда 18 862 та оилавий зўравонлик ҳолати қайд этилган — бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 32 фоизга кўп. Бу ҳақда 24.kg нашри Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) маълумотларига таяниб хабар берди.
Мурожаатлар сонининг ортиши оилавий низолар заминида содир этилган оғир жиноятлар сонининг кўпайиши билан бирга кечмоқда. ИИВ маълумотларига кўра, бу даврда оилавий зўравонлик билан боғлиқ 26 та қотиллик ҳолати ва ўз жонига қасд қилишга етказиш факти бўйича учта жиноий иш қайд этилган.
Ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекснинг «Оилавий зўравонлик» моддаси бўйича 6453 та баённома тузилган, уларнинг 6290 таси судга юборилган. Судлар 3299 та ҳолатда маъмурий қамоқ, 1906 та ҳолатда жамоат ишлари жазосини тайинлаган. 362 та ҳолатда давлат айбловчисининг таклифига кўра 10 минг сом (114 доллар) миқдорида жарима белгиланган. Яна 218 та баённома ҳуқуқбузарлик воқеаси ёки таркиби мавжуд бўлмагани сабабли тугатилган.
24.kg қайд этишича, оилавий зўравонлик ҳолатлари кўпинча фемицид контекстида кўриб чиқилади. Аёлларни жинси сабабли, жумладан, оилавий зўравонлик заминида ўлдириш мавзуси Қирғизистонда ҳали етарлича ўрганилмаган. Расмий статистика вазиятнинг тўлиқ манзарасини акс эттирмайди. Шу билан бирга, оилавий можаролар натижасида аёлларнинг ўлдирилиши билан боғлиқ айрим ҳолатлар жамоатчиликда катта акс-садо бермоқда. Масалан, 2026 йил январь ойида Баткен вилоятининг Масалиев қишлоғида эркак оилавий жанжал вақтида 23 ёшли хотинини бўғиб ўлдирган. Ушбу воқеадан сўнг ўша вақтда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раиси бўлган Қамчибек Тошиев аёлларга махсус мурожаат билан чиқиб, уларни давлат хавфсизлиги бошқармасига тўғридан-тўғри мурожаат қилишга чақирган.
2025 йил октябрь ойида Қирғизистон президенти Садир Жапаров оилавий зўравонлик учун жавобгарликни кучайтириш тўғрисидаги қонунни имзолади. Ҳужжат маъмурий қамоқ муддатини 7 суткадан 14 суткагача оширди, тажовузкорлар устидан уч ойгача GPS-браслетлар орқали электрон назорат ўрнатишни жорий қилди ва оилавий зўравонлик ҳақидаги моддани «таъқиб қилиш» тушунчаси билан тўлдирди.
Қонунчиликдаги ўзгаришларга қарамай, муаммо долзарблигича қолмоқда. 2023 йилда Қирғизистон Марказий Осиёда аёллар учун энг хавфсиз бўлмаган мамлакат сифатида баҳоланган: мамлакат «Аёллар тинчлиги ва хавфсизлиги индекси» ҳисоботида 177 давлат орасида 95-ўринни эгаллаган. 2021 йил маълумотларига кўра, оилавий зўравонлик бўйича берилган аризаларнинг 7 фоизидан ҳам ками судгача етиб борган.



