Қозоғистонда Россия армиясидан қочиб келган ҳарбий хизматчига ҳукм чиқарилди

Иллюстратив фотосурат Mr-Tigga/Getty Images

Ғарбий Қозоғистон вилоятида суд ҳарбий хизматдан қочган, Қозоғистон чегарасини ноқонуний равишда кесиб ўтган ва ушбу мамлакат орқали учинчи давлатга ўтишга уринган Россия фуқаросининг ишини кўриб чиқди. Бу ҳақда «Мой город» ҒҚВ суди матбуот хизматига таяниб хабар берди.

Хабарда қайд этилишича, эркак 2025 йил июль ойида Россия армиясидаги ҳарбий хизмат жойини ўзбошимчалик билан ташлаб кетган ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан яшириниб юрган. 2026 йил май ойида у Қозоғистонга ўтишга қарор қилган. Эркак смартфонидаги электрон хариталар ёрдамида йўналишни олдиндан режалаштириб, расмий ўтказиш пунктини четлаб ўтган ва давлат чегарасини белгиланмаган жойдан кесиб ўтган.

У энг яқин орадаги автомобиль йўлига чиқиб, Уральск шаҳрига, сўнг Жамбил вилоятидаги Тараз шаҳрига борган. У ердан бошқа давлатга чиқиб кетмоқчи бўлган. Бироқ режасини охиригача амалга ошира олмаган — Таразда уни Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари қўлга олган.

Ишни Бокейўрда туман суди кўриб чиққан. Суд мажлисида эркак айбини тан олган. Унинг таъкидлашича, чегарани ноқонуний кесиб ўтиши мажбурий чора бўлган. У озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинламасликни, Қозоғистондан чиқариб юбормасликни ва амнистия қўллашларини сўраган.

Суд эркакни давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтишда айбдор деб топиб, 865 минг тенге (тахминан 2 минг доллар) миқдорида жарима тайинлаган. Шунингдек, уни Қозоғистондан чиқариб юбориш ва мамлакатга беш йил муддатга киришини тақиқлаш белгиланган.

Шу билан бирга, суд Қозоғистоннинг янги Конституцияси қабул қилингани муносабати билан 2026 йил 1 июлда қабул қилинган амнистия тўғрисидаги қонунни қўллаб, эркакни жарима тўлашдан тўлиқ озод қилган. Мамлакатдан чиқариб юбориш ва беш йиллик кириш тақиқи эса сақланиб қолган.

Суд ҳужжати қонуний кучга кирган.

Украинада уруш бошланганидан сўнг Қозоғистон Россия армиясида хизмат қилишни истамайдиган россияликлар қўним топадиган давлатлардан бирига айланди. Улар орасида ҳарбий қисмларни ўзбошимчалик билан тарк этган ҳарбий хизматчилар ҳам бор эди. Бироқ, ҳуқуқ ҳимоячилари Россиядан қочган ҳарбий дезертирлар Қозоғистонда ҳуқуқий жиҳатдан заиф ҳолатда қолаётганини таъкидлашади: улар қочқин мақомини олишга муваффақ бўлишолмаяпти, айримлари эса чегарани ноқонуний кесиб ўтиш билан боғлиқ жиноий ишлар бўйича айбланувчига айланмоқда.

Шунингдек, қочиб ўтганларнинг қўлга олиниб, Россия томонига топширилган ҳолатлари ҳам маълум. 2022 йил охирида Қозоғистон Россия Федерал қўриқлаш хизматининг собиқ офицери Михаил Жилинни депортация қилган. Кейинчалик у Россияда қамоқ жазосига ҳукм қилинган. 2024 йил апрель ойида Остонада собиқ ҳарбий хизматчи Камил Касимов қўлга олинган. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг маълумотларига кўра, уни Қарағанда вилоятининг Приозерск шаҳридаги ҳарбий қисмга, у ердан эса Омскка олиб кетишган. Омскда у уруш даврида дезертирлик қилгани бўйича иш доирасида қаттиқ тартибдаги колонияда олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ