Сув тошқинидан жабрланган сирдарёликлар Мустақиллик байрамига янги уй-жой билан таъминланадилар

Шавкат Мирзиёев Сардоба туманидаги учрашувда . Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Сирдарё вилоятидаги сув тошқини оқибатида шикастларган уйлар давлат томонидан таъмирланади, жабрланган одамлар учун янги уйлар қурилади. Бу ишларнинг барчаси 1 сентябргача (Ўзбекистон мустақиллик куни) якунига етади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Сардоба тумани аҳолиси билан бўлган учрашувда гапириб ўтди. Маълумки, 1 май куни Сардоба сув омбори тўғонида ўпирилиш юз берганди.

«Сув тошқинидан зарар кўрган 4,5 мингдан зиёд хонадон эгаларининг ҳар бирига Ўзбекистон Республикаси Президентидан 40 миллион сўмлик моддий ёрдам, шунингдек, телевизор, музлатгич, кир ювиш машинаси, минипеч, электр чойнак ва дазмол каби маиший техникалардан иборат совғалар топширилмоқда.

Ватандошимиз Алишер Усмонов ажратган 10 миллион доллар хайрия маблағи ҳам шунга йўналтирилган. Сирдарё вилоятига кўмак учун ҳокимликлар, вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари ҳамда тадбиркорлар ҳам ёрдам кўрсатган.

Учрашувда қатнашган сардобаликларга тегишли сертификат ва банк карточкалари тарқатилди», дейилади хабарда.

Президент матбуот хизматининг маълумотига кўра, сув тошқини оқибатида хавфсиз жойларга кўчирилган 66 минг нафар одам ўз уйига қайтган. Уйлари мутлоқ вайрон бўлган одамлао учун учта турар жой массиви бунёд этилади. Унда 2640 хонадондан иборат 66 та беш қаватли уйлар қад кўтаради.

Куни-кеча Қозоғистоннинг Tengrinews.kz нашри қозоқ мутахасисларининг ўзбек ҳамкасблари ва халқаро экспертлар ҳамроҳлигида Сардоба сув омбори аудитида иштирок этишини ёзганди. Қозоғистон экология, геология ва табиий ресурслар вазири Магзум Мирзагалиевнинг сўзларига кўра, ушбу мониторинг якунига қараб сув иншоотининг келгусидаги тақдири ҳал бўлади.

Сардоба сув омбори тўғонининг бир қисми 1 май куни эрталаб ўпирилиб тушган. Оқибатда маҳаллий ҳокимият сув тошқинидан жабрланган 90 минг одамни хавфсиз жойларга кўчиришга мажбур бўлди. Ўзбекистонда 60 нафар киши турли тан жароҳати билан шифохоналарга ётқизилди, тўрт киши ҳалок бўлган, бир киши бедарак йўқолган. Сув тошқинидан Қозоғистоннинг жанубий сарҳадлари ҳам талофат кўрди, минглаб одамлар эвакуация қилинди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ