Депутатлар Ўзбекистоннинг Евроосиё Иқтисодий Иттифоқида кузатувчи мақомида бўлишини қўллаб-қувватладилар

ЕИИ мамлакатлари байроқлари . Azattyq.org сайти фотосурати

Ўзбекистон Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқида «кузатувчи давтлат» мақомида иштирок этиши бўйича қарор қабул қилди. Бу ҳақда «Юксалиш» миллий ҳаракатининг раиси Акмал Бурхонов ўзининг Telegram-каналида хабар беради.

Унинг сўзларига кўра, овоз беришда 150 депутатдан 132 таси қатнашган. Натижада 86 депутат ёқлаб, 32 таси қарши ва 14 та депутат бетараф овоз берган. Эндиликда Ўзбекистоннинг мазкур ташкилотдаги иштироки Олий Мажлиснинг юқори палатаси– Сенатда кўриб чиқилади.

Аслида Иттифоқ билан ҳамкорликни партияларнинг барчаси ҳам қўллаб-қувватлагани йўқ. «Миллий тикланиш» партияси (парламентнинг қуйи палатасида сони жиҳатидан иккинчи ўринда) етакчиси Алишер Қодиров ўтган йил сўнггида мазкур ташкилотга аъзо бўлишни кескин танқид қилганди. «Ростгўй бўлайлик, ЕИИ номи билангина иқтисодий ташкилот, лекин унинг ортида кўринмас сиёсий мақсадлар ётибди. Бугунги кунда бу ҳеч кимга сир эмас. Ўзбекистоннинг ЕИИга аъзо бўлиши ташкилотдаги аъзоларнинг манфаатига жавоб беради. Қўпол қилиб айтганда, бу иккинчи СССР. Лекин Ўзбекистон кимларнингдир манфаатига хизмат қиладиган мамлакат эмас. Мамлакатимиз биринчи ўринга халқ ва давлат манфаатини қўяди», – деганди депутат.

Жорий йилнинг март ойи бошида республика ҳукумати Евроосиё иқтисодий иттифоқига кузатувчи мақомида иштирок этишини маъқуллаб, бу борада таклифни парламентга юборган эди. Бундан аввал эса мазкур ҳамкорлик тўғрисида президент Шавкат Мирзиёев гапириб ўтганди. У Ўзбекистон ташқи савдо юкларининг 80 фоизи Иттифоққа аъзо — Россия, Қозоғистон ва Қирғизистон орқали ўтиши ва тайёр маҳсулотлар экспортининг 50 фоизи мазкур давлатларга тўғри келишини таъкидлаганди. Кузатувчи мақоми ЕИИ органлари мажлисларида иштирок этиш, қабул қилинган ҳужжатлар билан танишиш имконини беради.

Ҳозирда Евроосиё иқтисодий иттифоқига Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Россия аъзо ҳисобланади. Молдова «кузатувчи давлат» мақомига эга. ЕИИда ягона божхона назорати мавжуд. Бундан ташқари, аъзо давлатлар фуқароларидан иборат ишчи мигрантлар ишлаётган мамлакатида ишга рухсат берувчи патент ҳужжатини олишга мажбур эмаслар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Ўзбекистоннинг биринчи мухолифатдаги партияси фаоллари Адлия вазири билан нималар тўғрисида суҳбатлашгани тўғрисида

  • Совуқ тушиши билан Ўзбекистонда бирин-кетин электр узилиши ҳолатлари кузатилмоқда

  • Алия Назарбоеванинг рейдерлик билан боғлиқ можаро марказида қолгани ва нега бу ишни ҳеч ким тергов қилишни хоҳламаётгани ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати