Фарғона водийсини Тошкент билан боғловчи Қамчиқ довонида транспорт воситалари ҳаракати тўхтатилди

Қамчиқ довони . Wikipedia.org сайтидан Ljuba Brank фотосурати

Қамчиқ довони орқали транспорт воситалари ҳаракати вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати хабар беради. Хавфли вируснинг тарқалишини олдини олиш мақсадида мана шундай қарорга келинган. Фақатгина Фарғона вилоятидан бошқа вилоятларда доимий рўйхатда турувчи фуқароларга яшаш манзилларига етиб олишларига имкон берилади.

«Фуқаролардан ушбу чекловларни тўғри қабул қилишларини, олиб борилаётган тадбирлар ва белгиланган тартибларга қатъий амал қилиш орқали хавфли вируснинг республикамизда тарқалишини олдини олишга ўз хиссаларини қўшишларини сўраб қоламиз! — дейилади хабарда.

Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятларини Тошкент билан боғлаб турувчи Қамчиқ довонидан бир кунда 21 мингдан ортиқ транспорт воситалари ҳаракат қилади.

Маълумки, 24 мартдан бошлаб Uzbekistan Airways миллий авиакомпанияси, «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси мамлакат ичидаги рейсларини тўхтатди. Бундан ташқари, Тошкентни бошқа вилоятлар билан боғлайдиган автобус маршрутлари ҳам бекор қилинди. Пойтахт ва бошқа вилоятларда жамоат транспортлари қатнови ҳам вақтинча тўхтатилди.

Сўнгги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда коронавирусга чалинганларнинг сони 49 та одамга етган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ