2022 йил 21 апрелда «Толибон»* радикал ҳаракати мамлакат аҳолисига Tik-Tok ижтимоий тармоғидан фойдаланишни тақиқлашини эълон қилди. Ҳаракат вакили Иномуллоҳ Самангонийнинг баёнотига кўра, тақиққа мазкур тармоқ ёш авлодни чалғитаётгани сабаб бўлган. Tik-Tok билан бир қаторда PlayerUnknown’s Battlegrounds (PUBG) компьютер ўйини ҳам толиблар чекловига дуч келди. Толиблар фикрига кўра, ижтимоий тармоқ ва компьютер ўйинлари ёш авлодни йўлдан уради.
Ўтган йил август ойида радикаллар ҳокимиятни қўлга киритганидан бери толиблар режими тез-тез дунё янгиликларида «уларнинг ақлдан озган чекловларига бир қаранг» контекстида ифода этилади. Толиблар тақиқлашни нақадар хуш кўрмасинлар, уларнинг ўзи (яъни «Толибон») «тақиқланган» тушунчасининг синонимига айланган.
Рағбат қаноти остидаги тақиқ
Кобул қўлга киритилгандан сўнг кейинги кун, яъни 18 августда толиблар матбуот анжумани ўтказишди, унда радикаллар ўтмиш учун ҳеч кимдан ўч олмасликларини эълон қилдилар — ҳамма кечирилди, ағдарилган америкапараст ҳукумат расмийлари, ҳарбийларга, Афғонистонда 20 йил давомида хорижий қўшинлар билан ҳамкорлик афғонларга авф эълон қилинди. Шунингдек, улар аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ҳам ваъда беришди. Лекин огоҳлантириш билан — шариат меъёрларига бўйсунган ҳолда. Шунингдек, улар таълим муассасалари фаолиятини чекламаслик, оммавий ахборот воситалари ишига аралашмасликка ҳам ваъда бердилар. Мамлакатда ташкил этиладиган ҳукумат, «Толибон» вакиллари айтганидек, коалиция бўлади, яъни унда турли этник-сиёсий кучлар вакиллари иштирок этадилар.
Кўриниб турибдики, толиблар ҳукуматни бошқарган биринчи даврида – 1996 йилдан 2001 йилгача «машҳур» бўлган амалиётларидан воз кечишга ваъда бердилар. Мазкур «амалиётлар» кескин чекловлар, мустақил оммавий ахборот воситалари, дунёвий мактаблар ва университетлар ишини тақиқлаш, айбдорларни оммавий қатл қилиш, жумладан тошбўрон қилиш, шунингдек аёллар ҳуқуқларини бутунлай поймол қилишдан иборат бўлганди.
Бироқ, кўп ўтмай радикаллар чет эл қўшинлари ва америкапараст ҳукуматга қарши курашган 20 йил давом давомида ҳечам ўзгармаганларини амалда кўрсатдилар.
Бирин-кетин турли тақиқлар пайдо бўла бошлади. Бундан ташқари, тақиқлар ҳар доим ҳам радикал ҳаракат фармонлари табиатида эмас эди. Баъзан ташаббускорлар маҳаллий ҳокимият вакиллари бўлиб, улар ўз қарорларини жамоат жойларида эълон қила бошладилар.
Сентябрь ойи бошида толиблар аёлларнинг эркак қариндошлари ҳамроҳлигисиз ишга боришларини ёки уйларини тарк этишларини умуман тақиқлаб қўйдилар. 19 сентябрь куни фаолиятини қайта тиклаган мактабларга қизлар қабул қилинмади. Жангарилар Афғонистонда танилган телебошловчи аёлларни иш жойларига киритишмадилар, шунингдек спортчи аёлларга таҳдид қила бошладилар.
Кўплаб спортчи аёллар, журналистлар ва таниқли сиёсатчи аёллар хорижий ташкилот ёки ҳукуматлар ёрдамида ватанни тарк этишга мажбур бўлдилар.
Эркаклар учун ҳам чекловлар жорий этила бошланди. Толиблар сартарошхоналарга ташриф буюриб, уларнинг эгаларига бундан буён эркаклар соқолларини қиртишлашни бас қилишга буйруқ бердилар. Баъзи вилоятларда, жумладан, пуштунлар устунлик қиладиган жанубда радикаллар очиқроқ ҳаракат қилишди: улар энди барча мусулмонлар соқол ўстиришга мажбур эканига доир буйруқ беришди.
Ноябрь ойида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар учун чет эл валюталарида операцияларни амалга ошириш тақиқланди. Афғонистонда азалдан тадбиркорлар ва давлат компаниялари қўшни давлатлардан кўп миқдорда товарлар сотиб олгани учун ҳам бундай операциялар одатий ҳолга айланган эди. Толибларнинг бундай тақиқни «иқтисодий вазият ва миллий манфаатлар» одамлардан чет эл валютасидан фойдаланмасликни талаб этиши билан изоҳладилар.
Кузда мамлакатдаги барча кинотеатрлар ўз ишини тўхтатди. Толиблар одатда ҳинд, Европа ва Америка фильмларини намойиш қилинадиган кинотеатрлар ишини шариатга зид, деган хулосага келдилар.
Шу билан бир қаторда, маҳаллий телеканаллар томонидан фильмлар намойишига ҳам чекловлар жорий этилди. Радикаллар аёллар иштирокидаги фильмларни тақиқладилар. Пайғамбар Муҳаммад (С.А.В) ёки унинг саҳобалари гавдаланган ҳар қандай фильм ёки дастурлар тақиқланди.
Сўнгги йилларда Афғонистон пойтахтининг ўзига хос белгисига айланган Кобулдаги кўплаб кўча расмлари ҳам тақиққа учради. Уларни шунчаки устидан бўяб ташладилар. Баъзан бўялган чизмалар ўрнига Қуръондан иқтибослар, радикалларнинг ўзлари репертуаридаги «ҳикматли сўзлар» ёки «Толибон» рамзлари пайдо бўлди, дарвоқе баъзи мамлакатларда мазкур рамзлар террорчилик ташвиқоти сифатида тақиқланган.
Декабрь ойида афғон миллий валютаси қулаганидан сўнг толиблар хорижий нақд пулларнинг эркин муомаласини тақиқладилар. Ўша пайтда халқаро ташкилотлар гуманитар операцияларни амалга ошириш, жумладан, муҳтож афғонларга нақд пул тарқатиш учун Афғонистонга самолётда Америка долларларини олиб келишга мажбур бўлгандилар.
Янги йил келгандан сўнг аёлларга нисбатан янги тақиқлар тўлқини пайдо бўлди.
Аёлларнинг паранжи ёпинишига доир буйруқ кўплаб зиёли аёлларни ғазаблантирди. Мамлакатнинг бир қатор йирик шаҳарларида аёллар иштирокида намойишлар бўлиб ўтди. Январь ойининг иккинчи ярмида толиблар паранжига қарши чиққан фаол аёлларни ўғирлаб, бир неча ҳафта қамоқда ушлаб туришди. Шу тариқа улар норозиликларни бостиришга муваффақ бўлишди. Шу билан бирга, катта шаҳарлар ва асосан пуштун бўлмаган халқлар яшайдиган туманлардаги аёллар жамоат жойларида ҳижобдан фойдаланишда муваффақ бўлолдилар.
Март ойида собиқ ҳукуматининг қора-қизил-яшил рангли байроғи тақиққа учради. Толиблар ушбу байроқни ҳукумат идораларига осиб қўймасликни буюрди. Эътиборлиси, бу чеклов 17 март куни толиблар вакили Фозил-Муҳаммад Собирнинг Туркманистонга элчи этиб тайинлаш маросимида уч рангли байроқ қўлланилганидан сўнг жорий қилинган эди.
Сабр косасини тўлдирган омил
Толибларнинг юқори синф (6 синфдан юқори) қизларининг мактабга бормаслигига доир қарори халқаро ва афғон ичидаги салбий реакцияга сабаб бўлди. Афғонистонда янги ўқув йили 23 март куни бошланди. Бунгача толиблар Наврўздан сўнг барча қизлар мактабга боришини бир неча бор ваъда қилишганди. Бироқ, 23 март куни толиблар ҳукуматининг Таълим вазирлиги (дарвоқе, радикаллар собиқ ҳукуматга алоқадор одамларнинг янги ҳукуматга аъзо бўлишини тақиқлаганлар) барча ёшдаги ўғил болалар ва фақат бошланғич синф ўқувчи қизлари ўқиши мумкинлигини маълум қилди.
Афғонистон бўйлаб чекловга қарши қатор норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Унда катта ёшдаги аёллар ва юқори синф ўқувчи қизлари иштирок этдилар. Халқаро ҳамжамият норозилик билдирди, баъзи ҳукуматлар ва ташкилотлар жиддийроқ қадамлар қўйди: улар толиблар билан қатор лойиҳалар бўйича музокаралар ва ҳамкорликни тўхтатди. Биоқ, Россия ҳукумати «Толибон» ҳаракати учун баҳона тополди.
«Биз халқаро, биринчи навбатда, Ғарб донор ҳамжамияти эътиборини Афғонистондаги янги расмийларининг бу қадами [ўрта ва юқори синф қизларининг таълим олишига йўл қўймаслик] мамлакатдаги оғир иқтисодий вазият, молиявий аҳвол билан боғлиқ мажбурий чора эканига қаратмоқчимиз», — деди Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова. Афтидан, молиявий-иқтисодий вазият айнан маълум жинс ва ёшдаги инсонларга таъсир қилгани Захаровага ғалати туюлмаган кўринади. Негадир бу қийинчиликлар ўрта мактаб ўғил болаларига таъсир қилмади.
Юқори синф ўқувчи қизларининг таълим олишига тўсиқ ўрнатилгани халқаро ҳамжамият, халқаро ташкилотлар «сабр косасини тўлдириб юборди». Ушбу тақиқ Афғонистонни «Толибон» ҳаракати томонидан 1996-2001-йиллари ўрнатган тузумга астойдил қайтараётганининг ёрқин далили эди.
Толибларнинг аёлларни камситиши учун шариат баҳона бўлолмайди. Зеро, Саудия Арабистонида шариат аёлларнинг паранжида юрмаслигига, қизларнинг таълим олишига тўсқинлик қилмайди. Толиблар аёлларга нисбатан чеклов сиёсатида пуштун қабилаларининг анъанавий қоидалари — Пуштунвалайга асосланадилар. Умуман толиблар етакчилари ёки расмийлари шариатга мурожаат қилганларида, улар ҳақиқатан ҳам Паштунвалайнинг шариат талқинига ишора қиладилар.
Ушбу қоидалар тўплами аёллар ҳуқуқларини кескин чеклайди – аёллар деярли эркакларнинг мулкига айланади. Шундан кўриниб турибдики, «мулк» эгаси мулкининг онгли ҳаёт кечиришига асло йўл қўймайди.
Аёлларни эркаклар билан тенг деб қабул қилувчи шиа ҳазораларига бир назар ташлаш мумкин. Уларда аёллар ва эркаклар биргаликда ибодат қилишлари мумкин, жуда кўп ҳазора аёллари олий маълумотли, улар орасида етакчи аёлларни топишингиз мумкин. Энг машҳур ҳазора аёлларидан бири — Салима Мозори. У Балх вилоятининг Чоркент тумани бошлиғи бўлган, ҳатто маҳаллий қуролли кучларга ҳам раҳбарлик қилган.Улар бир неча йил давомида толиблар ҳужумларини қайтарган. «Толибон» иқтидорга келганидан сўнг аёл Афғонистонни тарк этишга мажбур бўлди.
Олдинги ҳукумат даврида кўплаб ҳазора аёллари оммавий ахборот воситалари ва маданият соҳасида ишлаганлар. Бугунги кунда толиблар сиёсатига очиқчасига қаршилик кўрсатаётган фаол аёлларнинг аксарияти ҳазоралардир.
Айтиш жоиз, аёллар ўз фикрларини жами афғонларга ва халқаро ҳамжамиятга етказиш учун видеомурожаатлар ёзиб, ижтимоий тармоқлардан фойдаланадилар. Tik-Tokга киришни тақиқлаш орқали толиблар афғон аёлларининг ўз фикрларини ифода қилишларини чеклаётган бўлса, ажабмас.
Тан олиш лозим, толиблар кўпчилик бехабар кузатувчилар таъкидлаётгандек, Афғонистонда шариат ўрнатиш учун курашмаяптилар. Улар жамиятга Паштунвалай тартибларини жорий этиш учун курашмоқдалар. Толиблар тақиқлари пуштунлар меъёрлари мажмуаси билан боғлиқ.
ℹ️ Шубҳасиз, Паштунвалай толибларга охир-оқибат америкапараст ҳукуматни ағдаришга, чет эл қўшинларини мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур қилишга имкон берди. Бироқ, Афғонистоннинг ривожланиши учун ушбу қадимий анъаналар кучли тормоз ролини ўйнайди.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).
Александр Рыбин
-
22 Октябрь22.10Сургундаги воизТаъсир доираси ўз ватани сарҳадларидан ошиб ўтган турк илоҳиётчиси Фатҳуллоҳ Гулен аслида ким бўлган?
-
27 Август27.08Нафас олиш ҳозирча мумкинТолиблар аёлларга нисбатан ҳижоб мажбурийлиги ва бир қатор тақиқларни қонун билан мустаҳкамлади
-
16 Август16.08«Халқ ва давлат: АЭС бўйича референдум ким тарафида?»Қозоғистонда шу номдаги масалага бағишланган «Трансчегаравий журналистика» лойиҳаси ишга туширилди
-
15 Август15.08«Толиблар футболни тушунишмайди»Афғон клубининг ОФК Чақирув лигасидаги истиқболлари ҳақида
-
13 Август13.08Париждан медаллар биланМарказий Осиё спортчиларининг 2024 йилги Олимпиада ўйинларида эришган натижалари ҳақида
-
27 Июнь27.06Бастрыкин «топқирлиги»РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида