Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2015 йилнинг январидан буён илк бор Саудия Арабистони устидан ғалаба қозонди. 17 ноябрь куни Қатарнинг Ар-Райян шаҳридаги «Жассим бин Ҳамад» стадионида бўлиб ўтган ўртоқлик учрашуви 2:1 ҳисобида якунланди. Ўзбекистон жамоасининг ҳар иккала тўпини «Бухоро» ярим ҳимоячиси Шерзод Эсанов киритди.
19-дақиқада Эсанов рақиб дарвозабонининг тўпни ўйинга киритишдаги хатосидан унумли фойдаланиб, тўпни эгаллаб олди ва ҳисобни очди. Тўрт дақиқа ўтиб, Фирас ал-Бурайкан қанотдан оширилган тўпни бош билан дарвозага йўллаб, мувозанатни тиклади. Бироқ 35-дақиқада жарима зарбаси амалга оширилгач, Эсанов Беҳруз Каримовнинг узатмасини голга айлантириб, Ўзбекистонни яна олдинга олиб чиқди.
Танаффус арафасида Ҳусайн Норчаев саудияликлар дарвозасига учинчи тўпни киритган эди, бироқ ҳакам офсайд туфайли голни бекор қилди. 50-дақиқада Саудия Арабистони камчилик бўлиб қолди: захирадан майдонга тушган Али Лажами Аббосбек Файзуллаевга қарши ишлатилган қўполлиги учун тўғридан-тўғри қизил карточка олди. Ўзбекистонлик ярим ҳимоячи баҳсни давом эттира олмади ва алмаштирилди. Сон жиҳатдан устунликка эга бўлишига қарамай, Фабио Каннаваро шогирдлари бошқа гол ура олмади ва ғалабали ҳисобни сақлаб қолди.
Ўзбекистон охирги марта Саудия Арабистонини 2015 йил 18 январда Австралияда ўтган Осиё кубогининг гуруҳ босқичида мағлуб этган эди. Ўшанда учрашув 3:1 ҳисобида якунланган, Сардор Рашидов эса дубль қайд этганди. Шундан сўнг терма жамоалар Жаҳон чемпионати — 2022 саралаш мусобақасида икки бор тўқнаш келган бўлиб, иккала баҳсда ҳам саудияликлар ғалаба қозонган: 2019 йил ноябрда Тошкентда 3:2 ва 2021 йил июнда 3:0 ҳисоби қайд этилганди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси Саудия Арабистони устидан қозонилган ғалаба билан ноябрь ойидаги ўртоқлик учрашувлари туркумини якунлади. Беш кун олдин Каннаваро шогирдлари ўз майдонида Россияга 2:3 ҳисобида имкониятни бой берган, ваҳоланки, иккинчи бўлим аввалигача 2:0 ҳисобида олдинда бораётган эди.
Саудия Арабистони устидан қозонилган ғалабага қарамай, Фабио Каннаваро бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоасининг статистикаси ҳозирча италиялик мутахассис фойдасига эмас. 16 та учрашувда жамоа олтита ғалабага эришди, икки бор дуранг ўйнади ва саккиз марта мағлубиятга учради. Тўплар нисбати — 22:26.



