Шацких Қирғизистоннинг «Азия» клубидан кетгач, Украинага қайтишга тайёр: «Ҳеч нарсадан қўрқмайман»

Максим Шацких. Фото: «Азия» ФК

Қирғизистоннинг «Азия» клуби собиқ бош мураббийи, ўзбекистонлик мутахассис Максим Шацких давом этаётган урушга қарамай, фаолиятини Украинада давом эттиришга тайёрлигини маълум қилди. У «Украинский футбол» нашрига берган интервьюсида 12 ноябрь куни эълон қилинган Талас клуби билан хайрлашувдан кейинги режалари ҳақида гапириб берди.

Уруш шароитида Украинага қайтиш эҳтимоли ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Шацких шундай деди: «Ҳеч нарсадан қўрқмайман. Ахир оилам ўша ерда. Рафиқам ҳам, қизларим, куёвим ва набирам ҳам. Аниқ таклиф бўлиши билан чипта оламан-у, Украинага учаман».

Шацкихнинг куёви — Киевнинг «Динамо» клуби ярим ҳимоячиси Николай Шапаренко. Ўзбекистон миллий терма жамоасининг собиқ ҳужумчисининг ўзи Киев клубида ўн йил тўп суриб, олти карра Украина чемпиони бўлган, футболчилик фаолиятини якунлагач эса «Динамо» мураббийлар штабида ишлаган.

Шацких Киев клубига қайтиш эҳтимолини инкор этмади, бироқ Украина Премьер-лигасининг бошқа иштирокчиларидан тушадиган таклифларни ҳам кўриб чиқишга тайёрлигини таъкидлади. Мутахассис узоқ танаффус олиш ниятида эмас ва Европа чемпионатларида мавсумнинг кузги қисми якунлангач, кейинги иш жойини аниқлаб олишга умид қилмоқда.

«Азия»дан кетиши ҳақида гапирар экан, мураббий бу қарор у учун кутилмаган бўлмаганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, раҳбарият клубнинг ривожланиш йўналишини ўзгартирмоқчи. Томонлар ҳеч қандай низосиз хайрлашди.

Шацких, шунингдек, Қирғизистонда дуч келган қийинчиликлари ҳақида ҳам сўзлаб берди. Республика собиқ Бош вазири Омурбек Бабанов томонидан ташкил этилган жамоани деярли нолдан, ўз машғулот базасисиз шакллантиришга тўғри келган. Янги стадион фақат мавсум охирига келиб пайдо бўлган, машғулот майдонлари эса клубга доимий равишда тақдим этилмаган.

Шацких бошчилигида «Азия» Қирғизистон чемпионатида 30 та ўйинда 61 очко жамғариб, тўртинчи ўринни эгаллади. Жамоага бронза медаллари учун атиги бир очко етмади.

Октябрь ойида Eurasia Football сайти ўз манбаларига таянган ҳолда Киевнинг «Динамо» клуби Шацких номзодини 2027 йилда бош мураббийлик лавозимига кўриб чиқаётгани ҳақида хабар берган эди. Бироқ ҳозирча томонлар ўртасидаги музокаралар расман тасдиқланмаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ